Яхшилик уруғидан унган боғ
Бу дунёда онадан азиз ва мўътабар зот бўлмайди. Шунинг учун уларни қанча ардоқлаб-эъзозласак, ибратли ишлари ҳақида достонлар битсак, шунча камлик қилади.
– Болаларим, ҳамиша яхшилик уруғини сепиб юринглар, бир куни сизларга жуда тотли ширин мевалар ҳадя этади, – дейди менинг муштипаргина, камтарингина жондан азиз онажоним.
Онам ризқли – насибали, қутлуғ қадамли қиз бўлиб, дунёга келган. Шу сабабли буважоним Насиба деб онажонимга исм қўйган.
Уйда бош фарзанди бўлмиш онажонимнинг зиммасига ҳаёт бир қанча масъулиятни юклайди. Шунинг учун мактабдан сўнг онамда ўқишни давом эттириш хоҳишидан кўра, отанинг ёнига кириб ишлаб пул топиш муҳимроқ бўлган. Оёқ-қўллари чаққон қизга албатта иш ҳам топилар экан. Гарчи, онам соҳага оид билим олмаган бўлсада, ўша даврда Ижтимоий таъминот вазирлигига ишга қабул қилинган эди. Ўша ердан турмушга чиқиб учта фарзандли бўлгунича ишлаб қолади. Фарзандларининг каттаси эса яхшигина эркатой, нозиктаъб қиз эдим. Онажоним нонуштага тандирда сомса, патир ёпиб:
– Турақол, она қизим, иссиғида еб ол, мана буни ишхонангга ҳам олиб кетасан, ҳамкасбларинг билан ейсан, деган волидамга, ёшлик қилиб, “эй, ҳадеб овқатдан гапираверасиз, кўп есам қоматим бузилиб кетади”, деб ноз қилибман денг. Кейинчалик турмушга чиқиб, ҳаётнинг пасту-баландини кўрганимдан сўнг ўша бебаҳо дамларни жуда қўмсаганларим ҳам сира ёдимдан чиқмайди. Барча қизлар ҳам турмушга чиққанидан сўнг ота уйини соғинаркан. Онамни маҳалла-кўй жуда яхши кўради. Шу сабабданми билмадим, уйимиздан совчилар аримасди. Шунда онажоним ҳаммага бирдек кулиб, уларни айланиб-ўргилиб кутиб оларди. Уйингга келган одамни зинҳор хафа қила кўрма, оналарни норози қилма, буғдой унинг бўлмаса ҳам буғдой сўзинг бўлсин, дея очиқ чеҳра билан кутиб оларди. Мен бўлсам намунча уларга ялинасиз, нима қизингиз кўчада қолибдими, менга шу одатингиз сира ёқмайди-да, деб койиб берганим ҳам ёдимда.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, онажоним дўппининг устидаги гулини тикиб, рўзғорга кўмаклашгани, отам билан елкадош бўлиб уй қурилишида ҳам баробар меҳнат қилганларини кўрганман. Мен жажжи қизалоқ волидамга ачинганимдан кўзларимдан ёш чиқиб кетарди.
– Нега онажон, ўзингизни ҳечам аямайсиз, ахир бирор кори-ҳол бўлиб қолса, ҳолимиз нима кечади, десам, “меҳнат қилган одам ҳечам кам бўлмайди. Кишини меҳнат эмас, ғаразлик, очкўзлик, хиёнат емиради”, дейди.
Баъзан ногирон туғилган фарзандларини “Мурувват уйи”га топширган ота-оналар ҳақида эшитсам онажонимнинг амакиларимга қилган мехрибонликлари ёдимга тушади. Бахтга қарши амакиларим ногирон бўлганлари сабабли, уларнинг ҳар бирларига алоҳида меҳр улашиб оналик қилган эди.
Ён қўшнимиз Жумагул келинойи асли ўратепалик бўлиб кунда бизникига чиқиб, “Насиба опа, Тошкентда сиздан бошқа яқиним йўқ, менга бирор нарса бўлса болаларим сизга омонат, биламан уларни ҳечам ёлғизлатиб қўймайсиз, бу маҳаллада уларни фақат сизга ишонаман”, деб васият қилгани сира ёдимдан чиқмайди.
Онамнинг яна бир яхши одатларини кўз ўнгимдан кетказолмайман. Ишлаган даврларида қўллари тўла ширинликлару музқаймоқлар билан тўлиб-тошиб келаётиб, “қайнонамни кўргансизлар, олинглар, опоқижонлар, сизлардан қолганини кейин фарзандларимга едираман”, деб ширинликларни маҳалладаги аёлларга улашиб, кейин қолганини бизга олиб кирарди. Онажонимни ҳали ғайрат-шижоат бир зум бўлса-да тарк этгани йўқ. Ҳали тандирдан сомса, патирларни иссиғида узиб, еб олинглар, деб ҳаммани йиғгилари келса, самоварда чой қўйиб, “самоварнинг чойи жуда ширин бўлади-да”, деб сингилларини бир меҳмон қилади.
Илгари ҳовлимизда мевали дарахтимиз жуда кўп бўларди. Улар пишганида албатта аввал қўни-қўшниларга тарқатиб кейин биз ер эдик. Чунки, бу меваларда қўшни ҳақи бўлади. Сизлар ҳам албатта шундай йўл тутинглар, кам бўлмайсизлар, деб кўп бора биз фарзандларига ҳам такрорлаб турадилар, онажоним. Уйимизнинг файзли, тўкин-сочин бўлишига ҳам ўзларининг беҳисоб ҳиссаларини қўшган ҳам шу ҳокисор онажоним бўлади. Бир куни укамнинг хотини Назокатхонни дард тутиб қолибди. Дарров кечаси уни шифохонага ётқизиб келган онагинам, ярим кечаси қайноққина аталани пишириб, шаррос ёмғирда шифохонага кириб борибди. Туққан аёлни мадори кетади, дарров мана бу тансиқ таомни ичириб қўйинг, танасига қувват бўлади, жон қизим деб ҳамширага ялинибди. Ўша куни у киши етти маротаба касалхонага қатнаган экан.
Ҳамшира бўлса, “холажон бунчаям меҳрибон экансиз-а, ахир қизингизга бу ерда ҳам яхши қарашади”, деса, “вой, айланай сиздан, бу менинг тилло келиним бўлади, ахир қизларим уйларидан ортиб келгунларигача, энгагимни ахир шу келиним бойлайди-да”, дебди. “Эй, қойил-э, мен сизга ўхшаган қайнонани биринчи бор кўришим” деб, унинг ҳаваси келган экан. Ҳозир ҳам онажоним меҳнатдан толиқмайди.
Азиз ва мўътабар онажон, сиз ҳақингизда достонлар битсак ҳам кўнглим тўлмайди. Энг асосийси, биз фарзандларингиз бахтига, ўсиб келаётган набираларингиз бахтига ўзингизни аяб туринг, ҳали сиз бизларга жуда кераксиз, кўп ишларга қодирсиз, тўйларимизнинг бошида дуогўй бўлиб, отажоним кўрмаганини сиз кўришингизни, ўзингиз бош бўлиб туришингизни Оллоҳдан тилайман. Фарзандларингиз бир умр сиздан қарздорлигини ҳис қилиб яшаяпти. Ҳаракат қилиб чарчамай юришингиз нур устига аъло нур. Сизга бошимиз ерга теккунча таъзим қиламиз, қадамларингиз доимо райҳон ифорлари билан тўлсин, жамбиллар чаккангизни безаб турсин.
Манзура УБАЙДУЛЛАЕВА