БОЛАЛАРИМИЗ ТАРБИЯСИ ИШОНЧЛИ ҚЎЛЛАРДА

– Қизим, кел сенга зўр шеър ўргатаман.

– Хўп, ойижон.

– Аввал мени эшит, кейин сўзма-сўз қайтарасан:

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош меҳрибон…

– Ойи, бу шеър эмас, бу Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси. Мен уни аллақачон ёд олганман, айтиб берайми?

Беш ёшли қизим билан бўлган айнан шу суҳбатдан кейин мен анча пайт ҳаяжонланиб юрдим. Ўтган йили – тўрт ёшли шу болага давлат мадҳиясини ўргатмоқчи бўлгандим, сўзлар мураккаблик қилади, деб ўйлаб ўргатишни бир оз орқага сургандим. Бу йил эса ўргатишимга ҳожат қолмабди.

Сир эмас, баъзида мактабгача таълим муассасалари ҳақида гап кетганда эътирозли мулоҳазаларга дуч келамиз. Гўё тарбиячилар болага нисбатан анча қаттиққўл, ҳамма болага бирдек эътибор беришмайди ва ҳоказо. Аммо мен бир йилдан зиёд вақт мобайнида икки боламни мактабгача таълим муассасасига топшириб, ҳали бирор марта норози бўлмадим. Қайсидир оналарнинг эътирозига сабаб бўладиган “гўё…”лар бизда ҳали учрамади: на болам учун ортиқча пул бердим, на эътиборсизликдан боламни касал кўрдим. Аксинча, меҳнат таътили туфайли фарзандларимни бир ҳафта болалар боғчасидан олиб қолганимда, амин бўлдимки, ҳар иккаласи ҳам у ерни соғинишди. Ўзи тенгиларнинг давраси ҳар қандай бола учун энг яхши муҳит. Уй билан мактабгача таълим муассасасининг асосий фарқи назаримда, эркинликда. Бу эса тартиб доирасида бўлиши мақсадга мувофиқ. Хуллас, беш ёшли болани тарбиялашда давлат мадҳиясини ўргатишни-да амалга оширишган экан, она сифатида тарбиячиларга қойил қолдим.

Тўғри-да, бола эртак эшитиб катта бўлсин, эртакда ҳикмат кўп, меҳр бор, фазилатларга ўргатади, деймиз, аммо ҳар куни боламизга эртак ўқиб ёки айтиб беришга вақт топа оламизми? На она, на ота боласига ҳар куни эртак ўқиб беришни ўзининг вазифаси деб билади?! Тартибли бўлиши учун боламизга “қаттиққўллик қилаётган” муассаса тарбиячилари ўқиб бераётган янги-янги эртаклар эса баъзи ота-оналарни қизиқтирмайди ҳам…

Болаларни тарбиялаш ва парваришлашда тасанно айтишимга сабабчи бўлган болалар боғчаси оддийгина мактабгача таълим муассасаси. Мирзо Улуғбек туманидаги 418- мактабгача таълим муасасаси мудираси Зебо опа Дадаева бошчилигида фаолият юритаётган ушбу масканда болалар айтиш мумкинки, доимо эътиборда. Жами тўққизта гуруҳда тарбияланаётган болаларга бириктирилган тарбиячилар ҳам, энага-ю, ёрдамчи тарбиячилар ҳам бирдек тартибли ва билимдон. Жумладан, Феруза Тешабоева, Маърифат Хожиберганова, Галина Ярмухаммедова каби тарбиячи-мураббийлар айнан катта малака туфайли бола кўнглини кўзидан англайдиган даражага етишган.

Яна ўқинг:  Vatan ichra kichik vatan

Дастлаб фарзандларим ушбу масканни яхши кўришини ўзимнинг камчилигимга йўйдим: парваришимда, эътиборимда сустлик бормикин, шунинг учун болаларим боғчага интилишаяптимикин, деб ўйладим. Кузатсам, бошқа болалар ҳам болалар боғчасига хурсанд бўлиб, соғиниб келишади. Барча болаларга бирдек ёқяптими, демак, ростдан ҳам муҳит яхши. Чунки, болани алдаш мумкин, аммо бола алдамайди. Болаларимиз тарбияси ишончли қўлларда экан, Ватан равнақи йўлида олиб бораётган меҳнат фаолиятимиз унумли ва самарали бўлади.

Феруза Қувонова,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: