Cув, газ, чироқсиз 1 кун

Меҳмон бўлиб келган тўрт ёшли Муштарийни бувиси тишларини тозалаш учун ювиниш хонасига олиб кирди. Аввал сувни охиригача очиб, сўнгра тиш чуткасини олди-да унга тиш пастасидан озгина қўйди. Жараённи синчковлик билан кузатиб турган невара бувисига эътироз билдирди.

– Бувижон, бу нима қилганингиз. Мен тишимни юваман дегунимча бир дунё сув оқиб кетди-ку. Ойим тиш юваётганимда расм чизадиган қаламим қалинлигида сувни очишни ёки керакли бўлган сувни бирор идишга олишимни уқтирганлар. Агар шундай қилмасам ер юзида сув тугаб дарахтлар, гуллар қуриб қолар экан. Неварасининг зукколигини кўрган буви бу гаплардан мулзам бўлиб қолди.

Дарҳақиқат, қуш уясида кўрганини қилади. Ёшлигидан атроф-муҳит ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кераклиги тўғрисида тарбия олган бола катта бўлганида ана шундай ҳаёт тарзини давом эттиради. Фарзандларимизда бундай тарбияни шакллантиришимиз учун аввало, ўзимиз билимли бўлишимиз, соғлом ва экологик ҳаёт тарзини оиламиздан бошлашимиз лозим. Болаларга экологик таълим-тарбия беришни мактабгача тарбия муассасаларидан бошлаган мақсадга мувофиқ. Мутахассислар болаларнинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, табиатга нисбатан яхши муносабатда бўлиш ва бу борада кўникма ҳосил қилиш учун айрим тавсияларни берадилар:

7-9 ёшдаги болаларга нима учун сув омборидаги сув заҳираларини тежаш зарурлигини тушунтиринг. Тиш тозалаётганда кран жумрагини беркитиш кераклигини айтинг, ванна ва душни 5 дақиқадан кўп қабул қилмасликни ўргатинг.

10-12 ёшдаги болаларга чўмилганда, тиш ювганда, мева ва сабзавотларни ювганда сувни камроқ ишлатишни уқтиринг.

13-16 ёшдаги ўсмирларга нафақат шахсий гигиенада, балки идиш ювишда ҳам сувни тежашни ўргатинг. Идишларни юваётганда табиий тозалаш воситаларини ишлатишни, раковинани иссиқ сувга тўлдириб олиш, ювгандан сўнг сувни тўкиб ташлашни ўргатинг.

Электр: Болага тунги ёритгичсиз ухлашни таклиф этиш керак. Хонадан чиқиб кетаётганда чироқни ўчириш кераклигини уқтиринг.

7-9 ёшдаги болаларга электр токи нима эканлигини, у қаердан келишини ва нима учун уни тежаш жоиз эканини тушунтиринг. Кундузи табиий ёруғлик дарс тайёрлаш ва ўйин ўйнаш учун етарли бўлса, чироқни ёқмасликни маслаҳат беринг.

10-12 ёшдаги болаларга «хонадан чиқиб кетаётганда чироқни ўчиринг» қоидасига қўшимча тарзда уйқуга ётишдан аввал телевизор, компьютер ва электр қурилмаларни қувватдан узиб қўйишни анъана тарзига киритинг. Фарзандингиз ҳам бу жараёнда иштирок этсин.

Яна ўқинг:  XABARLAR, YANGILIKLAR, VOQEALAR (2013-31)

Чиқинди: 10-12 ёшдаги болаларга чиқиндини қайта ишлаш нима учун кераклигини ва бу жараён атроф-муҳитни тоза сақлашга ёрдам беришини тушунтиринг. Ҳар биримиз кераксиз чиқиндиларни қайта ишлашга бериб ундан яна янги буюмлар ишлаб чиқаришга кўмаклашишимиз мумкинлигини тушунтиринг. Фарзандингиз билан бирга ойна, кийим, қоғоз каби чиқиндиларни ажратиб уларни қабул пунктларига олиб боринг.

13-16 ёшдаги ўсмирлардан кераксиз нарсаларни ташлаб юбормасликни сўранг. Агар ўйлаб кўрса уларни бош­қача қўллаш ёки дўстларига совға қилиши мумкинлигини тушунтиринг. Ўғлингиз ёки қизингиздан қоғозни тежаб ишлатишни, ўқиш учун керак бўлса ҳужжатларни чоп этиш қурилмасида қоғознинг иккала тарафига чоп этиш кераклигини тушунтиринг. Уйингиз атрофини тозалашга фарзандларингизни ҳам жалб этинг. Маиший чиқиндилар атроф-муҳит ва жониворларга зарар беришини тушунтиринг.

Транспорт: 10-12 ёшдаги болаларни очиқ ҳавода спорт билан кўпроқ шуғулланишга, велосипед ҳайдашга, роликда учишга, дўстлари билан сайр қилишларига рухсат беринг. 13-16 ёшдаги ўсмирларга атроф-муҳитга етказадиган зарари минимал бўлиши учун машинани қандай бошқариш кераклигини ўргатиш керак. Бунинг учун мой ва ҳаво фильтрларини доимий алмаштириш, шиналар ҳаво билан яхши тўлдирилган бўлиши кераклигини айтинг. Шунингдек, машинани кескин ва тез ҳайдамаслик ҳамда ёқилғини бекорга сарфламаслик, ҳавони ифлослантирмаслик учун ёқилган двигател билан узоқ вақт туриб қолмаслик кераклигини таъкидлаб ўтинг.

Фарзандингизга уйингиз атрофида, туман ва шаҳарингиздаги муаммоларга бефарқ бўлмаслигини уқтиринг. Турли экологик ҳамда расм танловларида, экологияга бағишланган тадбирларда фаол иштирок этишга унданг, фарзандингиз билан биргаликда интернет тармоғидаги экологик сайтлардаги маълумотлар билан танишиб туринг.

Бу фарзандларимизга атроф-муҳитни ҳимоя қилишни ўргатишнинг бир нечта усулларидир. Ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда уларни қўлласак, мактабгача таълим муассасаси ва мактабларда берилаётган экологик таълим-тарбияга қўшимча сифатида бу маслаҳатлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатади, деган умиддамиз.

Майна ҲАСАНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: