Тирикликнинг латиф хилқати
Муҳаббат… киши дилига малҳам улуғ туйғу. У туфайли кўнгил кўнгилдан сув ичади. Муҳаббат туфайли инсон дунёни, ҳаётни, она-Ватанни севади. Ватан бу ҳар кимнинг қалбидаги иймони. Онангизни, отангизни, фарзандларингизу яқинларингизни севиш шу Ватандир. Ватанправарлик аслида шундай аталур.. Оллоҳ берган фидойи инсонлар – оналар доимо бор бўлсин. Одамлар бир-бирларини севсинлар. Оллоҳдан ҳаммага фақат эзгулик, нурли кунларни, тинч оқшомларни тилайман.
* * *
Оила – Истиқлолнинг мустаҳкам қўрғондир. Бунда хотин-қизларнинг, сабр-қаноати, зийраклиги, меҳнатсеварлиги алоҳида аҳамият касб этади. Оила фидокорлар ва ватанпарварлар етиштирадиган энг олийжаноб, энг таъсирчан дорилфунундир. Юртимизда тинчлик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий ва миллий барқарорликни мустаҳкамлашда оналар, опа-сингилларимизнинг бунёдкорлик меҳнати, ватанпарварлиги, муҳаббати ғоят қудратли кучдир.
* * *
Аҳиллик илдизи қанчалик мустаҳкам бўлса уни ҳар қандай бўронлар ҳам тўзғитолмас. Мен билган қайнонанинг 6 та келини бор. Улар беш йилгача бир ҳовлида яшадилар, ўзидан кўпайдилар. Кейинчалик ҳаммаси бирин-кетин уй-жой қилиб чиқиб кетишди. Оқила қайнона келинларини худди қизлари сингари бағрига босди. Борини ошириб, йўғини яшириб, йўлга солди. Ўз қайнонасидан эшитиб дилига жо айлаган ўгитларини келинларига ҳам бот-бот сўзлади. Келинлар қайнонадаги меҳру муҳаббат туфайли рўзғорини улуғлаб барака топдилар. Халқимиз орасида бир нақл бор. “Қайнонали келин қарқара келин – қайнонасиз келин масхара келин”. Дарҳақиқат, оқила қайнона сабаб оила тотувлиги бус-бутун сақланди.
* * *
Ҳар бир аёл оилада, севикли ёри, фарзандлари билан бағри бутундир. Аёл зиммасига бир вазифа юкланган, у ҳам бўлса — САБР. Ҳар бир ишни қаноат, чидам, садоқат ва ақл билан уддалагани учун у муқаддасдир.
* * *
Она алласи. Юрагимизга тумор бўлган қўшиқ. Бир қўлида бешик, бир қўлида дунёни тутиб тунларни тонгларга улаб алла айтаётган бедор она. У фарзандининг умрига умр тилаб, унинг нурафшон келажагини орзулаб яшайди. Дилидаги жамики эзгуликларни баён айлаб алла айтаётган онанинг тилаклари ижобат бўлур. Бу мўъжиза қўшиқни тинглаб улғайган қиз-йигит борки, у Ватанини худди онаси сингари улуғлаши шубҳасиз.
Жонибек ТОЖИЕВА,
фахрий педагог