Тадбиркорликка эҳтиёж ортмоқда

Ҳозирда тадбиркорликка бўлган эътибор ва айнан шу соҳага бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бормоқда.

Айниқса, Юртбошимизнинг республикамизда фаолият юритаётган тижорат банклари ўз иш услубларини тубдан ўзгартириши шартлигини, улар ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши кераклигини таъкидлаши, бугунги кунда ўз самарасини бермоқда.

Унга кўра тижорат банклари давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган вазифаларни бажариш юзасидан, оддий аҳолини тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиш, уларнинг банк хизматлари ва кредит маблағларига бўлган эҳтиёжини ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган фуқароларга намунавий лойиҳаларни таклиф этиш ҳамда кредит ҳужжатларини тайёрлаш бўйича тегишли маслаҳатлар бериш ва қисқа муддатларда кредит маблағларини ажратиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ана шу вазифадан келиб чиқиб, 2017 йилда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Ангрен шаҳар филиали фаолиятининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Банк тизимида мазкур вазифалар ижросини таъминлашга жиддий киришилди. Жумладан, аҳолига кредит беришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинди. Шу кунларда банк ходимлари томонидан аҳоли хонадонларида ўтказилаётган мулоқотларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилмоқда, қисқа муддатда кредит маблағлари ажратиш чоралари кўрилмоқда. Бунда аҳолига чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, иссиқхоналар қуриш, маиший хизмат каби 20 дан зиёд йўналишда тадбиркорлик қилиш учун кредитлар таклиф этилмоқда.

– “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да банкимиз томонидан “Оддий аҳолини тадбиркор қилиш” мақсадида ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун банк хизматлари ва кредит маблағларига эҳтиёжи ўрганиб чиқилмоқда. “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Ангрен филиалига 9 та маҳалла бириктирилган бўлиб, шундан 10 минг 496 хонадонга хатлар билан мурожаат қилдик. 2 минг 160 та хонадонга эса бевосита ташриф буюриб, хонадон аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди ва кредит турлари ҳамда шартлари тўғрисида батафсил тушунчалар берилди. Ҳозирда 58 та аҳоли тадбиркорликка қизиқиш билдириб банкимизга мурожаат қилди. Шундан 40 нафарига 375 млн. сўмлик кредит ажратилди. Банк томонидан таклиф этилаётган оддий аҳоли учун микрокредитлар 100 минимал иш ҳақи, яъни бунгунги кунда 15 млн. сўмгача миқдорда 3 йилгача муддатга имтиёзли фоиз ставкаларида берилади. Тадбиркорлар учун эса 1000 минимал иш ҳақи, яъни 150 млн. сўмгача миқдорда берилади. Кредит олиш учун тадбиркорлар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиши ёки шахсий томорқасида ўз бизнесини бошлаши мумкин, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Ангрен филиали бошқарувчиси Фазлиддин Эшмуратов.

Яна ўқинг:  Қайлиғимнинг онаси

Дарҳақиқат, бу каби кенг кўламли ишлар тез орада ўз самарасини бериши шубҳасиз. Эндиликда оддий аҳоли ушбу кредит эвазига рўзғорини бут қилиш билан бирга орзуларини рўёбга чиқаради. Шунингдек, тадбиркорлик соҳасида олиб борган ишлари билан жамиятга, мамлакат иқтисодиётига янада кўпроқ фойда келтиради.

 

Каримжон ХЎЖАМУРОДОВ,

Тошкент иқтисодиёт ва бизнес коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: