Халқ дарди билан яшаш инсонийлик зийнатидир

Ўзбекистонда содир бўлаётган глобал ўзгаришлар раҳбар кадрларнинг шахсий, ишчанлик ва маънавий-ахлоқий хислатларига алоҳида талаблар қўяётган бўлиб, бу борадаги устувор йўналишларидан бири – рақобатбардошликни таъминлай оладиган интеллектуал салоҳиятли, юқори даражадаги бошқарув маданияти ва таҳлилий тафаккурга эга бўлган, турли соҳа вакиллари билан мулоқотга киришувчан ҳамда ўз қобилиятларини бошқарув фаолиятида самарали қўллай оладиган раҳбар кадрларни шакллантиришдир.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, раҳбар кадрлар фаолиятининг муваффақияти кўп жиҳатдан уларда қатор сифатларнинг ривожланганлигига боғлиқ. Ушбу омилни ҳисобга олиш ва зарур ҳолларда бу сифатларни шакллантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Чунки, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муввафақиятини таъминлашда раҳбар кадрларни танлаш, уларни тайёрлаш ва ўрнига қўйиш масалалари алоҳида долзарблик касб этади.

Ушбу долзарб масалани самарали ҳал этишда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг асар, маъруза ва нутқларида раҳбар ва бошқарув кадрларнинг ишчанлик ва маънавий-ахлоқий сифатларига қўйилган талабларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилдик. Ислом Абдуғаниевич раҳбар кадрларга хос бўлган хислатларга эътибор қаратганда, ўзининг улкан ва бой ҳаётий тажрибаси жараёнидаги ўта салмоқли ва илмий асосланган далилларга таянган.

Жумладан, Биринчи Президентимиз “Мавжуд салоҳият ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш – тараққиёт омили” номли асарида “Раҳбарларни танлаш ва тарбиялаш, керак бўлса, раҳбарлик меҳнатига, тўғрироқ айтадиган бўлсак, раҳбарлик санъатига ўргатиш масаласи бугунги кунда бошқариш тизимимизнинг энг оғир муаммоси бўлиб қолмоқда”, – деб раҳбар кадрларни танлаш масаласига алоҳида урғу берилган. Мазкур фикрлар “Ютуқлар калити одамлар ғурурини уйғотиш, уларнинг салоҳиятини, барча имкониятларини ишга солишда” номли асарда янада ривожлантирилиб, раҳбарлик лавозимига тайинланаётган кадрларнинг “ташаббускор, изланувчан, тадбиркор, қатъиятли, талабчан, адолатли, ҳар қандай шароитда ҳам ўзини йўқотмайдиган, давлат ва халқ манфаатини ҳимоялаш йўлида жонини ҳам аямайдиган, бошқаларни ҳам шунга сафарбар қила оладиган бўлиши керак”лиги таъкидланган. Бу эса ҳозирги кунда ҳам раҳбар кадрларни танлаш ва ўрнига қўйиш масаласи учун масъул бўлган мутасаддилардан катта масъулият талаб қилади.

Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи сессияси иккинчи йиғилишида Ислом Каримовнинг сўзлаган нутқида раҳбар фаолиятида ахлоқийлик фазилатининг тутган ўрни ҳамда таркибий қисмлари бўлмиш ҳалоллик ва фидойиликнинг аҳамияти тўғрисида алоҳида тўхталиб: “Одамларимизнинг эртанги ҳаётдан кутаётган орзу-умидларининг рўёбга чиқиши, Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги раҳбарларнинг ўз вазифасини ҳалол… бажаришига, қолаверса, фидойилигига кўп жиҳатдан боғлиқ”, – дейилган. Чунки, фақат ҳалол ва фидойи раҳбаргина қўл остидаги ходимлар, ёрдам сўраб келган фуқароларнинг қонуний манфаатлари йўлида ўз манфаатларидан воз кечишга тайёр туради, одоб-аҳлоқ меъёрларига доимо риоя қилиб орият, андиша, эзгулик, саҳоватлилик, самимийлик, одамийлик, инсонпарварлик, ор-номус, камсуқумлик, камтарлик ва самимийлик тамойиллари асосида иш юритади, кўнгли очиқ ва юраги тоза бўлади.

Яна ўқинг:  Тозаланган сув: уни уй шароитида тайёрлаш мумкин

Ислом Каримовнинг “Ютуқлар калити одамлар ғурурини уйғотиш, уларнинг салоҳиятини, барча имкониятларини ишга солишда” номли маърузасида “Раҳбар деган одам фидойи бўлиши, халқнинг дарду ташвишларини, орзу-умидларини юрагидан, қалбидан ўтказиб, уларни рўёбга чиқариш, зиммасига юклатилган вазифаларни адо этиш учун ўзининг ҳаётини фидо қилишга ҳам тайёр бўлиши керак”, – дейилган. Чунки, фидойилик фазилатининг негизида дахлдорлик, эл-юртга садоқат, миллий ғурур, меҳнатсеварлик каби сифатлар юзага келади.

Раҳбар кадрлар фаолиятида интеллектуал етуклик хислатининг аҳамияти ҳам Ислом Каримов асарларида эътибордан четда қолмаган. “Мавжуд салоҳият ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш – тараққиёт омили” номли маърузада

“… эл ғами ва ташвиши билан яшаб, олдида турган муаммолар ечимини топмагунча, бошлаган ишларни охирига етказмагунча ўзига ҳам, бошқаларга ҳам тиним бермасдан меҳнат қилаётган инсонни” ҳақиқий раҳбар сифатида қабул қилишларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ислом Каримов ўзининг нутқ ва маърузаларида бошқарув кадрларининг касбий камолотига ижобий таъсир қилувчи фазилат ва хислатлардан ташқари, салбий таъсир қилувчи иллатлар – бефарқлик, дангасалик, тор фикрлаш, кўзбўямачилик, фисқу фасод, маишатбозлик, қовоқ-димоқ қилиш, ўзига бино қўйиш, манманлик, таъмагирлик, лоқайдлик, ҳукмдорлик қилишга интилиш, мансабпарастлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, ҳавойилик, баландпарвозлик, ваъдабозлик, тилёғламалик, қонун мезонларига беписандлик, қонунни бузиш, ўз вазифасини суистеъмол қилиш, худбинлик ва бу иллатларнинг зарарли оқибати тўғрисида илмий асосланган фикрлар билдирилган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг асар, маъруза ва нутқларида раҳбар ва бошқарув кадрлари учун муҳим ҳисобланган хислатларни шартли равишда тўрт блокка – маънавий-ахлоқий, ишчанлик ва шахсий фазилатлар ҳамда раҳбарликка зид иллатларга ажратиш мумкин.

Шундай қилиб, республикамизда турли даражадаги раҳбар кадрларни танлаш, тайёрлаш ва ўрнига қўйишда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан белгиланган фазилатларга таяниш Ватанимизнинг шу бугунги куни ҳамда яқин келажагида ижтимоий ва иқтисодий соҳадаги турли муассасаларни бошқаришда муҳим аҳамият касб этади. Чунки, раҳбар кадрларда бу фазилатларнинг етарли даражада шаклланганлиги ҳамда уларни турли иллатлардан холи бўлишлари бошқарув жараёни ҳамда натижаси самарадорлигини янада оширишга, Ватан ва халқ манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деб номланган рисоласида “Буюк устозимизнинг ана шундай ўгит ва насиҳатларини қалбимизга, юрагимизга жойлаб, у киши бошлаган ишларини охирига етказиш, шу йўлда бор куч-ғайратимизни сафарбар этишни шахсан мен ўзимнинг муқаддас бурчим деб биламан”, – дейди.

Яна ўқинг:  Оналик бахти остонасида

Демак, раҳбар кадрларни танлаш, уларни тайёрлаш ва ўрнига қўйишда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан белгиланган хислатларни ҳисобга олиш бугунги кунда ва яқин келажакда янада муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолади, деб ишонч билан айтиш мумкин.

Жаҳонгир ГУЛЯМОВ,

педагогика фанлари номзоди

Жаҳонгир МАЛЛАБОЕВ,

ЎзМУ катта илмий ходим тадқиқотчи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: