Она юзидаги табассум фарзанд саломатлигидандир

Тошкент халқаро аэропорти. Тонг саҳардан ёға бошлаган майин қор борлиққа поклик улашмоқда. Ҳаво анчагина совуқ бўлса-да, йиғилганларнинг қалбида ҳаяжон. Илҳақ нигоҳлар соғинган инсонларини интиқ кутишмоқда.

Мана, орзиқиб кутилган дақиқалар ҳам етиб келди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Германияга даволаниш учун юборилган бир гуруҳ болакайлар йўлак бўйлаб чиқиб келишмоқда. Фарзандини соғ-саломат кўриб, онанинг қувонч тўла кўз ёшли чеҳрасига табассум югурди. Улар яқинлари билан яна бир бор учрашиб турганидан Яратганга шукроналар айтишмоқда. Бу бахтли лаҳзаларни кўриб, бетакрор юрт фуқароси эканлигингдан фахланасан, киши.

Самарқанд вилояти, Пахтачи туманидан келган Камоловларнинг ҳам фарзанди бир ярим йилдан буён Германия клиникасида даволанаётган эди. 7 ёшли Отамурод ҳам муолажаларни якунлаб, ота-онаси бағрига қайтди.

– Бундан уч йил аввал хонадонимизда рўй берган нохуш ҳодиса туфайли фарзандим Отамурод оғир жароҳат олган эди, – дейди Барчиной Болтаева. – Боламга шифокорлар ўз вақтида тез ёрдам кўрсатгани туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Бироқ куйиш оқибатида баданида пайдо бўлган чандиқларни тузатиш учун босқичма-босқич муолажалар талаб этилар экан. Германия клиникасида ўтказилган операциялардан сўнг ўғлим Отамурод юз-қўлларидаги чандиқлардан деярли фориғ бўлганини кўриб, севинчим ичимга сиғмади. Болаларимизга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибор учун давлатимиздан умрбод миннатдормиз.

Олотлик Болтақуловлар ҳам бундан олти ой аввал 10 ёшли ўғли Мадаминни Германияга кузатган эди. Операция натижасида унинг чап оёғида куйишдан қолган асорат бутунлай бартараф этилди. Шифокорлар ота-онага келгусида фарзандининг саломатлигини назорат қилиш ва болани парваришлаш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳа доирасида 2002 йилдан буён терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа касалликлар билан хасталанган 322 нафар бола Германияда даволаниб қайтди.

– Фарзандим Жуманиёзда туғма урологик нуқсон бор эди, – дейди учкўприклик Гулноза Мамажонова. – Ўғлим ҳам Германияда олти ой даволаниб, қайтиб келди. Соғлиғи тикланганини кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида биз каби оилаларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликдан бениҳоя мамнунмиз.

Яна ўқинг:  “Ёшлар поезди” Қорақалпоғистонга келди

Эндиликда ушбу болалар мамлакатимиздаги етакчи клиникаларнинг малакали мутахассислари назорати остида бўлади. Ҳамкорлик лойиҳаси эса давом этади.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: