Давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар доирасига қайси тиббиёт муассасалари киради?
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига асосан давлат даволаш-профилактика муассасалари томонидан аҳолига кафолатланган тиббий ва бошқа турдаги ёрдам бепул кўрсатилади. Давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмидан ташқари хизматлар қўшимча ҳисобланади ва белгиланган тартибда пул тўлаш орқали амалга оширилади.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги ПФ-2107 сонли Фармони билан тасдиқланган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат Дастури”га асосан давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар доирасига қуйидагилар киради:
- Шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдамнинг барча турлари бепул кўрсатилади.
- Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида ва бир қатор давлат даволаш-профилактика муассасаларида, биринчи навбатда қишлоқ жойлардаги тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар кўрсатиш, жумладан:
қишлоқ ва маҳалла врачлик пунктлари;
қишлоқ участка шифохоналари;
туман ва шахар оилавий поликлиникалари;
туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникалари;
туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари (хўжалик хисобидаги реабилитация ва соғломлаштириш бўлимларидан ташқари).
- Аҳолини юқумли касалликларга қарши иммунизациялаш ва эмлаш;
- Ижтимоий ахамиятга эга ва атрофдагилар соғлиғига хавф туғдирувчи сил, хавфли ўсма, руҳий, наркологик, эндокринологик, ҳамда касб касалликларига дучор бўлган шахсларга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш, жумладан:
руҳий ва рухий-асаб касалликларни даволаш муассасалари (диспансерлар, шифохоналар, марказлар ва сихатгохлар);
сил касалликларни даволаш муассасаларида (клиникалар, диспансерлар, шифохоналар ва сихатгохлар);
онкологик касалликларни даволаш муассасалари (клиникалар, диспансерлар, марказлар ва шифохоналар);
тери-таносил касалликларни даволаш муассасалари (хўжалик хисобидаги тери касалликларини даволаш бўлим, ўринларидан ташқари);
эндокринологик касалликларни даволаш муассасаларида (клиникалар, диспансерлар ва шифохоналар);
наркологик касалликларни даволаш муассасаларида (диспансер ва шифохоналар);
касб касалликларни даволаш муассасаларида (марказлар ва бўлимлар);
лепрозорийлар;
ОИТС-марказлари.
- Болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш (пуллик муассасалардан ташқари), жумладан:
болалик муассасалари (шифохоналари, сихатгохлари, поликлиникалари, марказлари, боғчалари ва бўлимлари);
туғруқ муассасалари – хўжалик хисобидаги гинекологик бўлимлардан ташқари (акушерлик комплекслари, туғруқ бўлимлари, перинатал марказлар) ва оналик ва болалик муассасалари (“Она ва бола”, скрининг марказлари).
15-17 ёшдаги ўсмирларни, ҳамда чақирув комиссияларининг йўлланмалари билан чақириқ ёшидаги (18-27 ёш) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволаш;
- Ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш (пуллик муассасалардан ташқари), жумладан:
Юқумли касалликлар муассасаларида (клиникалар, шифохоналар, марказлар ва бўлимлар).
- Беморларнинг имтиёзли тоифаларига (ногиронлар, уруш фахрийлари, ғирт етимлар ва бошқалар) бепул тиббий хизмат кўрсатиш.