Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров билан ижодий учрашув бўлиб ўтди

2017 йил 8 февраль куни мажлислар залида Ўзбекистон халқ артисти, устоз санъаткор Бахтиёр Ихтиёров билан “Бахти кулган Бахтиёр” деб номланган ижодий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда санъатшунослар, актёрлар, актёрнинг шогирдлари ва яқинлари ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчилари қатнашдилар.

Тадбир аввалида Б. Ихтиёров асосий ролларни ижро этган “Ёр-ёр” ва “Ажойиб хаёлпараст” бадиий фильмларидан парчалар намойиш этилди. Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси илмий котиби Қ. Турсунов, учрашув иштирокчиларини қутлади ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилаётган маърифий-маънавий тадбирларнинг моҳияти ва уларнинг ёш авлодни мамлакатимизнинг таниқли шахслари, уста санъаткорлари ва ёш иқтидорлари билан таништиришдаги ролини алоҳида эътироф этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар устоз санъаткор Б. Ихтиёровнинг инсонийлик хислатлари, ижоди, ўзбек театр ва кино санъати ривожига қўшган хиссаси ҳақида гапирдилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Х. Саъдиев Б. Ихтиёров билан танишган талабалик йиллари, ижодий сафарларда тобланган дўстлиги ҳақида ҳикоя қилди. “Биз Бахтиёр билан бирга ўқиган бўлсак-да, уни халқ биринчи таниди. Бунга сабаб унинг меҳнаттсеварлиги, иқтидори ва ўзига хос хушчақчақ табиати. У буюк устозлар қўлида тарбия топди ва камолга етди. Менга Бахтиёр билан кўп фильмларда биргаликда роллар ижро этиш насиб этган”. Ўзбекистон халқ артисти М. Ражабов Б. Ихтиёровнинг одамийлик фазилатлари, раҳбарлик хислатлари ва устозлик хусусиятлари ҳақида сўзлади. “Биз театрда биргаликда ишлаган 10 йил ичида кўплаб ижодий сафарларда бирга бўлганмиз. У кўнгли тоза, ҳалол ва тўғрисўз дўст. Фидойилик унга устозлари Р. Ҳамроев, С. Хўжаев, М. Ғофуров ва Л. Саримсоқовалардан ўтган”.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар М. Матжонов, С. Раметова, Т. Бекназаров, Ғ. Хожиевлар ўзларининг устозлари Б. Ихтиёров билан илк учрашган, танишган кунлари, уларин театр саҳнасига чиқарган биринчи спектакллар тўғрисида ҳикоя қилдилар. “Бахтиёр аканинг шогирдлари жуда кўп. Уларнинг санъат соҳасида танилганликлари, яратган образларининг элга манзурлиги ва халқ эътиборини қозонганлиги Бахтиёр акага берилган баҳодир. Устозимиз нафақат актёрлик, балки режиссёрлик факультетида ҳам таҳсил олганликлари мусиқий постановкаларни саҳналаштиришда, бизларнинг мусиқали актёр бўлиб етишишимизда муҳим омил бўлган. Улар бетакрор нутқ устаси ҳамдирлар”, деди С. Раметова. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист М. Тешабоева эса Б. Ихтиёровнинг саҳна мусиқаси бўйича берган сабоқларини хотирлаб, “Гулсара” спектаклидан “Бозиргоний” қўшиғини куйлаб берди.

Яна ўқинг:  Рауль Купер: қисқалик, секинлик ва аниқлик унинг режаси

Таниқли режиссёр Ҳ. Қаҳрамон Б. Ихтиёровнинг актёрлик санъатига кириб келиши ва у ижро этган роллари ҳақида ҳикоя қилди. “Бахтиёр Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг мусиқали драма факултетини тугатгач Муқимий театрида, А. Ҳидоятов номидаги театрда, Сатира театрида актёр, режиссёр ва бош режиссёр бўлиб ишлаган. У “Олтин қидирувчилар”, “Равшан ва Зулхумор”, “Кимга тўй, кимга аза”, “Жон қизлар”, “Ишқинг билан”, “Ажаб савдолар” спектаклларида ва “Ажойиб хаёлпараст”, “Чўл усти осмон”, “Ёр-ёр”, “Ўтган кунлар”, “Нодирабегим”, “Еттинчи жин”, “Абу Райҳон Беруний” каби фильмларда унутилмас образлар яратган бўлса, ўзи режиссёр сифатида “Эзоп”, “Ёлғончи даркор”, “Жумагул”, “Жоним фидо”, “Кимга тўй, кимга аза”, “Хотинимнинг эри”, “Отасининг қизи”, “Сўнгги ўқ”, “Ака-ука совчилар”, “Лайли ва Мажнун”, “Тоҳир ва Зуҳр” каби спектаклларни саҳналаштирган”.

Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров тадбир ташкилотчиларига ва иштирокчиларига, ҳамкасблари ва шогирдларига ўз миннатдорчилигина билдирди. “Актёр учун биринчи қадамни қайси театр саҳнасида қўйиш ва кимлар билан бир спектаклда ўйнаш жуда муҳим. Чунки мен ўз устозларим К. Ёрматов, Р. Ҳамроев, С. Хўжаев, М. Ғофуров ва Л. Саримсоқова, О. Жалиловлардан олган панд-насихатларимни ҳанузгача эслайман, уларга амал қиламан ва ўз шогирдларимга айтиб тураман”.

Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон Миллий кутубхона рахбариятига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар ҳамда кўрсатилган фильм парчаларидан, фотосуратлардан олган ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

natlib.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: