Депутатлар принципиал жиҳатдан муҳим ислоҳотларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар
25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йилдаги фаолияти якунларини ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар олдиндан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида муҳокама қилинган эди.
Парламент қуйи палатаси аъзолари ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йилдаги фаолияти якунларини муҳокама қилишдан бошладилар. Палатанинг ҳисобот давридаги фаолияти танқидий баҳоланди, депутатларнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати каби муҳим йўналишлардаги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар белгиланди.
Ўтган йилда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинганлиги таъкидланди. Хусусан, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.
Назоратга оид ваколатларни амалга ошириш юзасидан муайян ишлар бажарилди. Ҳокимият ижро этувчи тармоғи вакилларининг, шу жумладан, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бир қатор раҳбарларининг бажарилган ишлари ва истиқболга мўлжалланган режалари тўғрисидаги ахборотининг эшитувлари ўтказилди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисида белгилаб берган вазифаларни амалга ошириш келгусида Қонунчилик палатасининг жорий фаолиятида устувор йўналиш бўлишини таъкидладилар. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик депутатлар корпуси фаолиятининг асосий принциплари бўлади. Шунингдек, ишларнинг ҳолатини шахсан ўрганиш ва аҳолининг зарурий эҳтиёжларини ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида депутатларнинг жойлардаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилади.
Парламент қуйи палатаси депутатлари ўз ишларини “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилиш билан давом эттирдилар.
Депутатлар таъкидлаганларидек, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат органларининг иш юритувида бўлган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг кўриб чиқилишини судлар ваколатига ўтказишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг ролини оширишга, маъмурий ишларнинг ушбу тоифаларини кўриб чиқиш чоғида беғаразлик ва холисликни таъминлашга хизмат қилади.
Шундан сўнг депутатлар эътиборига “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда тақдим этилди. Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда банкротлик тўғрисидаги ишда келишмовчиликларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан хўжалик судининг апелляция инстанцияси чиқарган қарорлар кассация ва назорат тартибида қайта кўриб чиқилмайди. Бу эса, ўз навбатида, кредиторлар ва қарздорларнинг юқори турувчи инстанцияларга судларнинг қарори устидан шикоят қилиш борасидаги ҳуқуқларини чеклайди. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мазкур чекловни бартараф этиш имконини беради ҳамда кредитор ва қарздорларга ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда кўпроқ эркинлик беради. Муҳокамадан сўнг депутатлар қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда қабул қилдилар.
Мажлисда парламент аъзолари Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати