Боладаги қўрқувлар: бу борада руҳшунос тавсияси

Баъзида ота-оналар бебошлик қилаётган кичкинтойини қўрқитиш орқали “тарбия”ламоқчи бўлади. Тарбиянинг бу “синалган” усули ҳар доим ҳам кутилган натижа бермайди. Аксинча, болада руҳий жиҳатдан муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

Руҳшунос Матлуба Тагаева билан болаларда учрайдиган қўрқувлар ва уларни бартараф этиш борасида бир қанча тавсиялар олдик.

Боладаги қўрқув ҳолати ўз-ўзидан журъатсизликни юзага келтиради. Чунки бунда кичкинтойнинг иродаси сусайиб, ўзига бўлган ишончи йўқолади. Бу ҳолатнинг сурункали давом этиши эса боланинг ваҳимачи бўлишига олиб келади.

Руҳшуносларнинг қайд этишича, қўрқув болада бир неча ҳолатлар орқали намоён бўлади:

– Агарафобия – майдонча ва кўчада юришдан қўрқиш;

– каустрофобия – эшикни беркитиб, уйда ўтиришдан қўрқиш;

– монофобия – узоқ вақт ёлғиз қолишдан қўрқиш;

– назофобия – касал бўлишдан қўрқиш;

– эйротрофобия – кўпчилик олдида уялиб қолишдан қўрқиш.

Болалардаги ваҳиманинг ёшга доир кўрсаткичлари руҳшунослар томонидан алоҳида-алоҳида қайд этиб ўтилган:

0-6 ойлик. Кутилмаган баланд товуш эшитилганда, бирор-бир буюм юқоридан пастга тушиб кетганда, уйқусида кескин ҳаракатланиши натижасида уйғониб кетганида.

7-12 ойлик. Баланд товуш, одамларнинг кўплиги, бегоналарни кўрганда, кийимларини алмаштирганида, баландлик, ванна ёки бассейн туйнугини кўрганда, кутилмаган ҳимоясиз вазиятларда.

1-2 ёш. Баланд овоз, ота-онасидан айрилиш, ёмон туш кўриш, нотаниш инсонлар, жароҳатланиш вазиятларида.

2-2,5 ёш. Ота-онадан айрилиш, тенгдош, аммо нотаниш болаларни кўрганда, зарбли товушлар, момоқалдироқ, сел, чақмоқ товуши эшитилганда.

2-3 ёш. Катта, тушунарсиз объектларни кўрганда. Масалан, кир машинаси, одатга айланган уйдаги тартибнинг ўзгариши, фавқулодда ҳодисалар (ўлим, ажралиш ва бошқалар) юз берганда.

3-5 ёш. Ўлим (ҳаётнинг тугашини тушуниб етиш), тундаги босинқирашлар, қўрқитиш, босқинчилик ҳолатларига гувоҳ бўлганда, кутилмаган мусибат, ёнғин, касаллик, операция, илон каби хавфли ҳайвонларни кўрганда.

6-7 ёш. Эртак қаҳрамонлари (жодугар, шарпалар), йўқотишлардан қўрқиш (ота-онани йўқотишдан қўрқиш), ёлғизлик, ўқишда ота-онани ишончини оқлай олмасликдан, мактаб билан боғлиқ қўрқувлар, калтакланишдан қўрқиш.

7-8 ёш. Тунда ваҳима уйғотадиган жойлар (ертўла, тор уйча), бахтсиз фожиа, жудоликка учраш, мактабга кеч қолиш, уй ва мактаб ҳаёти билан боғлиқ муаммоли ҳолатларда.

8-9 ёш. Ўйинга асосланмаган ваҳима, кўчада инсонларнинг номақбул ҳаракатлари, тан жароҳатлари етказиш, ота-онани йўқотишдан қўрқиш, ота-онанинг ўзаро жанжаллари.

Яна ўқинг:  Юртимизда фармацевтика саноат зоналари ташкил этилади

9-11 ёш. Мактаб ёки спорт мусобақаларидаги омадсизликлар, касалликлар, ҳайвонлар, баландлик, арғимчоқда айланишлардан қўрқиш.

11-13 ёш. Мағлубият, ноодатий қилмишлар, бегона инсон тарафидан қилинадиган танқид, шахсий буюмларни йўқотишдан қўрқиш ёш билан боғлиқ меъёрий ҳолатлар саналади. Бу қўрқувлар муайян вазиятда боланинг қўрқиши, унинг саросимага тушишига сабаб бўлади.

 

Уйдирмалардан иборат даҳшат

Бу каби ваҳималар бола руҳиятида жиддий муаммолар борлигидан дарак беради. Бунда мантиқан тушунтириб бўлмайдиган, иложсиз сабаблар унинг қўрқув манбаи саналади.

 

Юқори даражали қўрқувлар

Бу қўрқувлар бола фантазиясидан келиб чиқиб яралади. Унга қоронғуликдан, бола хаёлотидаги афсонавий махлуқлардан қўрқиш кабилар киради. Бу ҳолат 90 фоиз болаларда кузатилади.

Бу каби вазиятларда ота-оналар қандай ёрдам бера олади?

Биринчи навбатда болажонингиз билан ишонарли суҳбат ўтказинг. Суҳбат асносида фарзандингиздан нимадан қўрқишин сўрашингиз мумкин. Унинг ҳолати ҳақида у билан шошмасдан, юмшоқ оҳангда гаплашиб олиш керак. Асосийси, кузатувчан бўлинг. Чунки, у айрим ҳолатларда қўрқувни яширади. Бола “қўрқоқ” деган ном орттиришдан хавфсирайди. Айниқса, мактаб ёшидаги болажонлар уни қийнаётган муаммолар ҳақида ҳар доим ҳам бемалол гапириб бермайди. Ота-она томонидан айтилган “кап-катта боласан-у, шундан ҳам қўрқасанми?” каби таъналар уларга жуда оғир ботади.

Суҳбат жараёнида жиддий ва ишончли жавоб қайтаринг. Чунки, бу каби вазиятларда болажонингиз сизнинг эмоционал ҳолатингизни зимдан кузатиб туради.

 

Қўрқувни тасвирлаб беришини, у нимага ўхшашини, нимани ҳис қилишини, қандай ҳолатлар унинг қўрқувига сабаб бўлишини, биргаликда нима қилишни хоҳлашини сўранг.

 

Ота-она фарзанд учун доимо идеал инсонлар саналади. Шундан келиб чиқиб, фарзандингизга “бу каби ҳолатлар менда ҳам юз берган. Бундай вазиятдан мен мана бундай чиқиб кетганман” каби сўзлар билан унга далда беринг. Бу орқали болажонингиз ишончига кириб, унинг муаммосига нисбатан беэътибор эмаслигингизни билдирган бўласиз.

Яна бир ёрдамчи ҳолатлардан бири болангиздан унинг қўрқуви ҳақида эртак ёзиб беришини сўранг ҳамда ушбу эртакда қўрқув устидан қаҳрамоннинг ғалабаси акс этиши кераклигини тушунтиринг.

Қўрқувни тасвирлаш – мароқли ва фойдали машғулот. Болажон билан суҳбатлашиб, ундан қўрқувини суратини чизишини сўранг. Расм чизиш тугагач, суратни ёқиб юборинг, болага уни қийнаётган муаммо расм билан ёниб кетганини ва қўрқув уни бошқа безовта қилмаслигини айтинг.

Яна ўқинг:  Quyoshdek mehribon Vataning – onang...

Шуни таъкидлаш керакки, болаларда учрайдиган бу каби ҳолатлардан ваҳимага тушмаслик керак. Ишончли, дўстона муносабат билангина фарзандингиз қўрқувини енгишингиз мумкин. Айрим мураккаб вазиятларда эса мутахассис билан маслаҳатлашинг.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: