УРГАНЧ – ижтимоий-сиёсий барқарорлик тимсоли
Мамлакатимизнинг 14 фарзандидан бири – Хоразм вилояти. Унинг маркази Урганчни тенг иккига бўлиб, Амударёдан сув симириб, Шовот канали оқиб ўтади. Шовот бўйларининг ҳавоси роҳатижон, сафоли, мусаффо. Хоразмликлар унинг қирғоқларини обод қилишга, келинчакдек безатишга ҳамиша интилиб келишган. Мустақилликнинг ўтган йигирма икки йили мобайнида шаҳарнинг кўҳна Шовот канали бўйларида янгидан бунёд этилган салобатли бунёдкорлик ишлари миллийлик ва замонавийлик акс этган улкан иншоотлар, обод гўшалар, кўприклар кўзни қувонтиради.
Жалолиддин Мангуберди хотирасига ўрнатилган ёдгорлик, қадимий ва жаҳондаги биринчи қўлёзма «Авесто» китобининг рамзи акс эттирилган сўлим майдон ана шу гўзал масканда бунёд қилинган.
Айни кунда ҳам Урганчда ҳайратомуз гўзалликлар мужассамлашмоқда. Бу ерда жонажон юртимиздаги бунёдкорлик ишларининг гўзал анъаналари уйғунлашмоқда. Ҳамроҳим Хоразм вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Дилбаржон Бекжонова фахр ва мамнуният билан шундай деди:
– Буюк мутафаккир ва шоир бобокалонимиз Алишер Навоий гўзал бунёдкорлик ишларини, орзу ўйларини Фарҳод тимсолида акс эттирган. Мир Алишер Навоий орзу қилган шаҳар Урганч тимсолида бунёд қилинмоқда, назаримда. Шаҳар ички йўллари ва сув йўллари равонлаштирилиб, улуғвор кошоналар қурилиб, намунали маҳаллалар бунёд этилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Конституциямизнинг 20 йиллиги байрами муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишдаги нутқида Урганч шаҳрини энг гўзал масканга айлантириш борасида таклиф-мулоҳазаларини билдирган эди. Чет эллик меҳмонлар, сайёҳлар аввал марказни кўриб лол қолиб, кейин Хивага боришлари лозимлиги тўғрисидаги фикрлари вилоятимиз аҳлини чексиз қувонтирди.
Мамлакатимиз раҳбарининг ўтган йил 9 октябрь куни вилоятимиздаги ташрифидан сўнг, 2012 йил 25 октябрда «Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ошириш, туризм соҳасини ривожлантириш, аҳоли ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда ободонлаштириш ишларини тубдан ўзгартириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди.
Шунингдек, «Урганч шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ободонлаштириш ишларини ва Хоразм вилояти аҳолисини ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президентимиз қарори ҳам нур устига аъло нур бўлди. Айни кунда ушбу қарорлар асосида ишчи гуруҳ тузилди, дастурлар ишлаб чиқилди. Урганч улкан қурилиш майдонига айлантирилди. Қиймати 1,6 триллион сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
УлуFвор режалар келажакни белгилайди
– 2013-2017 йилларда Урганч шаҳрининг ижтимоий бозор инфратузилмасини ривожлантириш ва архитектура қиёфасини ўзгартириш бўйича 127 та чора-тадбирларнинг бажарилиши белгиланди.
Ишчи гуруҳлар томонидан вилоят иқтисодиётининг барча тармоқларини ривожлантириш юзасидан комплекс дастурлар ишлаб чиқиш ниҳоясига етказилмоқда.
Президентимизнинг «2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ошириш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан 2013-2015 йилларда 253 та лойиҳа доирасида вилоят иқтисодиётига 462 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб қилиш ҳисобига 8 минг 870 та янги иш ўринлари яратиш белгиланган.
Вилоятда олиб борилаётган кенг кўламдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш учун 7 та махсус қурилиш корхоналари ташкил қилиниб, улар 162 та машина механизмлар ва 1 минг 408 та ишчи кучи билан таъминланди.
Ушбу ташкилотлар томонидан 2013 йилнинг 1 май ҳолатига 10,2 миллиард сўмлик, яъни йиллик режага нисбатан 11,3 фоиз қурилиш монтаж ишлари бажарилди.
Булардан ташқари тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида 120 миллион долларлик 213 та лойиҳа амалга оширилиши ва 2 минг 270 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилди.
Дастурда белгиланган лойиҳалар амалга оширилиши натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2015 йилда 2012 йилга нисбатан 2,1 баробарга, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,7 баробарга, қурилиш материаллари 4,4 баробарга, машинасозлик ва кимё саноати соҳасида 7,3 баробарга, ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш 2,6 баробарга ва бошқа тармоқларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,3 баробарга ўсиши таъминланади.
Шовотнинг обод соҲиллари
Республикадаги нуфузли лойиҳалаштириш институтларининг етакчи олимлари, шаҳар аҳолиси вакиллари ва мутахассислар иштирокида Шовот каналини бетонлаш, шаҳарда ер ости сувлари сатҳини тушириш ҳамда манзарали дарахтлар экиш ишлари ўрганиб чиқилди.
Яқин келажакда Шовот каналининг иккала қирғоғида манзарали дарахтлар экилиб, яшил ҳудуд ташкил этилади, сайёҳлар учун 4 та меҳмонхона, замонавий овқатланиш масканлари, кўнгилочар ва истироҳат боғлари, сайёҳлар ва аҳоли дам олиши, қайиқлар тўхташи учун кичик бандаргоҳлар барпо этилади, ушбу ишларга 39,1 млрд. сўм сарфланиши кўзда тутилган.
Шаҳарнинг ирригация тизимининг модернизация ва реконструкция ишларида 15,3 млрд сўм ўзлаштирилади.
Дастурга асосан шаҳар ичидан ўтувчи Шовот каналини бетонлаш ишлари режалаштирилган. Канал ўнг ва чап қирғоқларида жорий йилда бажариши белгиланган бетонлаш ишининг биринчи ва иккинчи босқичлари тўлиқ якунланиб, 12,3 минг метр куб бетон ишлари бажарилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 11 апрелдаги йиғилиш баёнига асосан Шовот каналининг 14,6 км узунликдаги қирғоқ атрофини ободонлаштириш ва унда дам олиш масканларини ташкил этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда корхона-ташкилотлардан масъул мутахассислар жалб этилиб, ҳар бир вилоятга ўзининг урф-одатлари ва анъаналарига мос даражада маданий дам олиш масканларини ташкил этиши бўйича ҳудудлар бириктирилди ва тадбиркорлар томонидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга Мамлакатимиз Президентининг «Ислом тараққиёт банки иштирокида Хоразм вилоятида «Тошсақа» тизими магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида»ги қарорига асосан 2013-2016 йилларда умумий қиймати 144,2 миллион доллар бўлган, шундан Ислом тараққиёти банки қарз маблағи ҳисобидан 90,3 миллион доллар, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг улуши ҳисобидан 53,8 миллион доллар миқдорида лойиҳалар амалга оширилади.
Натижада магистрал каналлар ишлаши яхшиланади ва улардан фойдаланиш харажатлари камайтирилиб, махсус қувурлар орқали суғориладиган майдонлар оқар сув таъминотига ўтказилади.
Қарор асосида 2013 йилда Урганч шаҳрида 424 та объектларда қўшимча ишлар билан биргаликда 344 миллиард сўмга тенг бўлган ободонлаштириш ва қурилиш ишлари амалга оширилади.
Бугунги кунда 152 та объектларда қурилиш-монтаж ишлари бошланиб, 1 май ҳолатига 65,7 миллиард сўмлик ишлар бажарилди.
Дастурга асосан Урганч шаҳрида 48 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 2013 йилда 29 та кўп қаватли уйлар қурилиши бошлаб юборилган.
Урганч шаҳридаги 35 та маҳалланинг 10 тасини намунавий маҳаллага айлантириш бўйича қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шаҳарнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш ва архитектура қиёфасини ўзгартириш мақсадида «Спорт шаҳарчаси» ташкил этилади. Шаҳарчада 1 та ёпиқ спорт манежи, 2 та ёпиқ спорт заллари, 1та ёпиқ сузиш ҳавзаси ва 1 та стадион, универсал спорт манежи барпо этилади. Ушбу универсал спорт манежи ёнига Термиз ва Навоий шаҳарларида қурилганидек машғулотлар учун 3 та спорт заллари ҳам бунёд этилади.
«Марказий» ўйингоҳ мажмуаси реконструкция қилинади, ўйингоҳ меҳмонхонаси таъмирланиб, негизида футбол мактаби ташкил этилади.
Урганч шаҳрида 2013 йилда 54,5 миллиард сўм маблағга тенг бўлган 28 та объектда 92,6 км узунликдаги шаҳар ички йўллари таъмирланади.
Бугунги кунда 24 та объектда лойиҳалаш ишлари якунланган ва қурилиш ишлари бошланиб, 1 май ҳолатига 29,9 миллиард сўмлик маблағлар ўзлаштирилди.
Шаҳар аҳолисини ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича жорий йил учун белгиланган 37,8 миллиард сўмлик 87 та объектдан 64 тасида лойиҳа ишлари якунланган.
Дастурга асосан шаҳарда газ таъминотини яхшилаш мақсадида 28 та объектда 12,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилиши белгиланган.
Шаҳарда электр таъминотини яхшилаш бўйича жорий йилда 18,7 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 244 та объектда 72 та трансформатор подстанцияларни реконструция қилиш ва янгилаш, электр тармоғини тортиш ишларини бажариш режалаштирилган.
Бугунги кунда 118 та объектда лойиҳалаш ишлари якунланган. 77 та объектда қурилиш ишлари бошланиб, 63 тасида якунига етказилган. 1 май ҳолатига 5,1 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган.
МЎъжаз ороллардаги муҲташамлик
Болалигим ўтган Урганч шаҳридаги кўлнинг мавжуд икки оролчасида «Ёшлар» дам олиш маскани бунёд этилаётганини кўриб, кўнглим шодликка тўлди. Оролчанинг бирида мамлакатимизнинг мўжизалари Самарқанд, Бухоро, Хива ва Оқсарой (Шаҳрисабз) қўҳна обидалари манзаралари акс эттирилган. Унга ҳамоҳанг тошдан тошга урилиб оқаётган сойу шаршаралар, ям-яшил боғлар кўзни қувонтиради.
Иккинчи оролчада эса афсоналар салтанати бунёд этилмоқда. Унда болалар антик давр манзаралари, денгиз ости салтанати, чўлу тоғлар тасвири, уларнинг тимсоли бўлган ҳайвонот ва наботот олами билан танишадилар.
Сўлим маскан – мўъжизалар оролчасини бунёд қилаётган қашқадарёлик «Кешруҳ» хусусий корхонаси раҳбари Жаҳонгир Тўраев билан суҳбатлашдик:
– Биз бу ерга келгунча Наманганда «Ёшлар» дам олиш масканини бунёд қилганмиз. Агар у ерни кўрган бўлсангиз, меҳнатимизга баҳо берасиз. Бу ерда ҳам ана шу меъморий лойиҳа қайтадан қад ростлаяпти. Масканни бунёд қилишда йигирма нафар уста-ишчилар қатнашмоқда. Тоғу тош ва қоялар орасидан ўтувчи поезд орқали болалар, ёшлар, ҳатто, катталар ҳам мамлакатимизнинг тўрт хил манзараси билан танишади. Диёримизнинг ўтмиши (тош даври манзаралари), виқорли тоғлари, сўлим боғлари, наботот ва ҳайвонот олами барчани бирдек қизиқтиради.
Бепоён мовий осмон остидаги мамлакатимизнинг қадимий кўҳна обидалари, булутларга қараб бўй чўзган қўл билан яратилган тоғлару тошлар, уларга уйғун турфа гуллар, сўлим маскан – гўзал оролчалар тасодиф эмас, албатта. Улуғвор бунёдкорликдан бир лавҳа, холос. Келажакда Урганч ўзига хос архитектураси ва гўзаллиги билан сайёҳларни лол қолдиришидан дарак беради.
Режалар, лойиҳалар, улуғвор қурилиш майдонлари билан танишар эканмиз, шундай хулосага келдик: Ижтимоий-сиёсий барқарорликка эришган мамлакатдагина иқтисодиёт баравж ривожланади, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлар кўзланган натижаларни беради.
Раъно ЗАРИПОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист