Бепуштликка сабаб “тепки”

ёхуд эпидемик паротит қандай касаллик?

Замонавий тиббиётнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда шифокорларимиздан касалликка эрта ташхис қўйиш, унинг кечиши ва оқибатларини барвақт аниқлаш, асоратларини олдини олиш талаб қилинмоқда.

Эпидемик паротит (халқ тилида “тепки” деб аталади) – юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, умумий интоксикация (заҳарланиш), сўлак ва сут безлари, жинсий, меъда ости ва бошқа безлар билан бир вақтда марказий асаб тизимининг оғир асоратлари – менингит, менингоэнцефалит (талваса ва васвасалар кўринишидаги зарарланиши) билан кечади. Бу вирусли хасталик болалар ўртасида кенг тарқалган бўлиб, баъзан катталар орасида ҳам учраб туради.

 

Инфекция манбаи ва дарднинг кечиш жараёни

Болаларда аниқланган юқумли касалликлар орасида эпидемик паротит салмоғи сезиларли даражада кўп учрайди. Инфекциянинг бирдан бир манбаи бемор ҳисобланади. У хасталик яширин даврининг охири, клиник белгилар юзага чиқишидан бир-икки кун олдин атрофдагилар учун хавфли ҳисобланади. Дарднинг юқиш даври касалликнинг 9-кунида тугайди. Айниқса, ўғил болалар қизларга нисбатан 1,5 баравар кўп касалланади. Хасталик мавсумий характерга эга. Унинг юқори кўрсаткичи март-апрель ойларига тўғри келса, паст кўрсаткичи июль-август ойларида кузатилади.

Вирус асосан ҳаво-томчи ва баъзан мулоқот йўли билан ҳам юқади. Эпидемик паротитга мойиллик жуда юқори. Инсон 3 ёшдан 20 ёшгача бўлган даврда касалликка мойиллиги юқори бўлиб, 2 ёшгача ва 40 ёшдан катталарда хасталик камдан кам ҳолларда учрайди. Ундан сўнг турғун иммунитет қолади.

Бурун-ҳалқум шиллиқ қавати инфекциянинг кириш дарвозаси бўлиб ҳисобланади. Организмнинг бу соҳасидан вирус қонга ўтади. Кейин қонда айланиб секретор безларда (сўлак, меъда ости, жинсий безлари) тўпланади. Бундан ташқари мия пардалари ва асаб ҳужайраларига тўпланиб, уларни зарарлайди. Касаллик қанчалик барвақт аниқланса, асоратларнинг олдини олиш имкони шунчалик юқори бўлади. “Тепки”да ҳарорат кўтарилади, мажолсизлик, оғиз қуриши, қулоқ атрофида оғриқ ва шиш пайдо бўлади. Бемор гапирганда, чайнаганда оғриқ ҳисси кучаяди.

 

Касалликнинг яширин даври ўртача 12-26 кун давом этади. Баъзан жараён бу муддатдан ошиши ёки 9 кунгача қисқариши мумкин.

 

Хасталикнинг клиник кўриниши унинг шаклига боғлиқ бўлади. Умумий қабул қилинган тасниф бўйича эпидемик паротитнинг типик ва атипик шакллари фарқланади. Типик шаклига алоҳида безли шакли фақат безли аъзоларнинг шикастланиши (қулоқ олди, жағ ости, мояк ва тухумдонлар), алоҳида асаб шакли, яъни фақат марказий асаб тизимининг шикастланиши, аралаш шакли – асаб тизими ва безли аъзоларнинг шикастланиши (қулоқ олди, жағ ости, мояк ва тухумдонлар), алоҳида асаб шакли – фақат марказий асаб тизимининг шикастланиши (сероз менингит, субмаксиллит, панкреатит, менингоэнцефалит) кузатилади. Атипик шакли ноаниқ ва белгисиз шаклларга ажратилади. “Тепки”нинг ноаниқ шаклида заҳарланиш белгилари бўлмайди. Беморнинг умумий аҳволи ўзгармайди. Унинг тана ҳарорати меъёрда ёки субфебрил бўлади. Қулоқ олди бези бироз катталашганлиги ёки шишганлиги аниқланади. Бошқа аъзоларда ўзгариш бўлмайди.

Яна ўқинг:  Қандли диабетни аниқлашнинг янги усули

Бу дарднинг белгисиз шаклида беморда клиник белгилар бўлмайди. Лаборатория текширувлари натижасига асосланиб, хасталикка ташхис қўйилади. Касалликнинг бу шакли 20 фоиздан 40 фоизгача ҳолларда учраб туради. Типик шакллар оғирлигига кўра: енгил, ўртача оғир ва оғир бўлади. Касалликнинг атипик шакллари енгил ўтади. Унинг оғирлиги заҳарланиш ва безли аъзолар шикастланиши даражасига кўра аниқланади. Дарднинг енгил шаклида заҳарланиш белгилари суст ривожланган, тана ҳарорати 37-38,5оС, безли аъзо нисбатан катталашган бўлади. Ўртача оғир шаклда касал одамнинг боши оғриб, қайт қилади. Ҳарорат 39.5-40оС гача кўтарилади. Кўп сонли безли аъзолар ва марказий асаб тизимининг шикастланиши кўзга ташланади. Оғир шаклида гиперимия, уйқучанлик ёки қўзғалувчанлик, талваса синдроми, қайт қилиш, ҳушнинг йўқолиши кузатилади.

Сўлак безлари тери ости ёғ қаватининг шишиши сабабли катталашади. Ўғил болаларда мояклар ва эркакларда простата безининг яллиғланиши кузатилади.

Менингоэнцефалит касалликнинг оғир асорати ҳисобланади. Паротит инфекциясининг кечиши ўткир бўлиб, кўп ҳолларда яхши натижа, яъни соғайиш билан тугайди.

 

Касалликнинг клиник шакллари

Қулоқ олди безининг шикастланиши

Касаллик тўсатдан ўткир бошланади, беморнинг тана ҳарорати 37-37.5С гача кўтарилиши мумкин. Ҳарорат реакцияси вируснинг организмга тарқалишига боғлиқ. Жараённинг сўлак безлари, бошқа ички безлар ва аъзоларга тарқалиши натижасида ҳарорат кўтарилиб, тўлқинсимон шаклда бўлади ва заҳарланиш белгилари кузатилади. Баъзан қулоқ олди сўлак безида оғриқ бўлиши касалликнинг биринчи белгиси ҳисобланади. Оғриқ бошлангач, биринчи куннинг охири, баъзан дарднинг иккинчи кунида қулоқ олди сўлак бези катталашади.

Аввал жараён бир томонлама бўлиб, 1-2 кундан сўнг қарама-қарши томон ҳам зарарланади. 80 фоиз беморларда шишган қулоқ олди сўлак бези меъёрга келади. Шишган соҳа териси таранглашади, лекин яллиғланиш белгилари кузатилмайди.

Сўлак бези пайпаслаганда юмшоқ ва оғриқсиз бўлади. Оғиз бўшлиғида сўлак чиқариш тешиги соҳасида шиллиқ пардаларнинг қизариши ва шишиши (Мурсу белгиси) тўғри ташхис қўйишда катта аҳамиятга эга. Бу белги 50-80 фоиз болаларда учрайди. Қулоқ олди безининг катталашиши 2-3 кун давомида кузатилиб, кейин унинг ўлчами меъёрга келади. Бу билан бир вақтда бошқа сўлак безида ҳам шу жараён кузатилади. Субмаксиллит (жағ ости сўлак бези зарарланиши) ҳар тўртта боланинг биттасида кузатилиб, қулоқ олди сўлак безининг шикастланиши билан бирга учрайди. Баъзан бу белги бирламчи ҳам бўлиши мумкин. Бунда шиш жағ остида юмалоқ хамирсимон ҳосила кўринишида бўлади. Сўлак безларининг катталашиши 5-7 кун давомида кузатилади. Дастлаб оғриқ йўқолиб, шиш камаяди ва жараён 8-10 кунда тугайди.

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар

 

Жинсий аъзоларнинг зарарланиши

Эпидемик паротитда эркакларда мояклар ва простата бези, хотин-қизларда тухумдонлар, сут безлари ҳам зарарланиши кузатилади. Ўсмирларда ва 30 ёшгача бўлган эркакларда орхит (мояклар зарарланиши) кузатилади. Орхит одатда сўлак безлари зарарлангандан 1-2 ҳафта ўтиб, баъзан бирламчи ҳолда ҳам кузатилади. Касаллик тана ҳароратининг 38-390С га кўтарилиши ва организмнинг вирус сабабли умумий заҳарланиш белгилари ривожланиши сабабли кучли қалтираш билан бошланади. Қов соҳасидаги кучли оғриқ юрганда кучайиб, оғриқ моякларга тарқалади. Ўғил болаларда мояклар ҳажм жиҳатдан катталашади ва уларни шифокор пайпаслаганда кучли оғриқ аниқланади. Бу соҳанинг териси қизарган бўлиб, шиш 5-7 кун сақланади. Кейин уларнинг ўлчами кичрая бошлайди. Орадан 1-2 ой ўтгач, мояклар юмшайди ва ўлчами кичиклашади. Ёш аёлларда ва балоғат ёшига етаётган қизларда тухумдонларда оғриқ кузатилади. Одатда касаллик ўткир бошланиб, тана ҳарорати тез кўтарилади ва 5-10 кунлардан сўнг бу белгилар йўқолади.

Паротитли оофарит (тухумдонлар яллиғланиши) аёлларда бепуштликка сабаб бўлади.

Эркак ва аёлларда ҳам паротитли маститлар (кўкрак безларининг яллиғланиши) кузатилиши мумкин. Лекин бу безларда йиринг кузатилмайди. 4-5 кунлардан сўнг бу жараён ўтиб кетади. Баъзан қалқонсимон без зарарланиши, кўз ёши безларининг яллиғланиши ҳам кузатилади.

Эпидемик паротитнинг асоратлари кам учрайди. Аммо мия асаб толаларидан асосан эшитув нервининг зарарланиши натижасида карлик кузатилади. Парез ва фалажликлар ҳам бўлиши мумкин.

 

Бу дард махсус ёки этиологик даво билан биргаликда унинг белгисига қараб даволанади.

 

Беморда тана ҳарорати юқори бўлган даврда ётоқ тартиби, кўпроқ суюқлик ичиш ва суюқ овқатларни истеъмол этиш, оғизни 2 фоизли истеъмол содаси эритмасида чайиш тавсия этилади. Зарарланган сўлак безига қуруқ иссиқ қилинади. Унинг оғир шакллари (орхит, панкреатит ва асаб тизими зарарланиши)ни даволаш шифохона шароитида олиб борилади.

Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида хасталик бошланиши билан 9-10 кун давомида беморлар алоҳида қилинади. Бемор болалар касалликнинг яширин даврида 11-21 кун давомида жамоат жойларига юборилмайди. Гўдаклар тирик сусайтирилган паротит вакцинаси билан 5 ойлик ва 18 ойликда фаол эмланади.

 

Ботир ТОЖИЕВ,

Тош ПТИ “Болалар юқумли касалликлари” кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: