Ҳарбий ҳаёт менинг тақдиримда…
Дилдора МАТЯКУБОВА,
(ҳарбий оила фарзанди, ҳамшира):
– Мен Мудофаа вазирлигига қарашли тиббиёт муассасасида фаолият юритиб келмоқдаман. Юртимиз ҳимоячиси бўлган фидойи инсонларнинг соғлигини сақлашга бурчлилигимиз касбимнинг нечоғлик залворли эканини билдиради.
Отам ҳарбий шифокор бўлганликлари сабабли бу соҳага қизиқишим ёшлигимдан пайдо бўлган. Шу сабабли ҳам ўз касбимга муҳаббатим кучли.
Отамдан ўрганганларим жуда кўп. Улар ҳар доим “одамларнинг дардига дармон бўлишдек вазифани ўз бўйнига олган инсон, аввало ширинсухан бўлиши лозим”, деб уқтириб келганлар. Негаки, ширин калом дилларга умид бағишлайди, танадаги дардни чекинишга мажбур қилади.
Келгусида мақсадларим улкан. Яъни Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга кирмоқчиман.
Ҳа, бу ёшларнинг орзулари, мақсадлари оламжаҳон. Улар ўз шахсий фикрига эга, ўз танлаган касби этагини маҳкам тутиб жамиятимизнинг турли соҳаларида шаҳду шижоат билан фаолият юритиб, она Ватанимиз ривожига муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Ана шундай ҳар томонлама етук, замонавий илм-фандан хабардор, ватанпарвар ёшларимиз бор экан, юртимиз бундан-да тараққий этиб, яқин йилларда дунёнинг ривожланган давлатлари сафидан жой олиши, шубҳасиз.
Фарруҳ ЖЎРАЕВ,
“Камолот” ЁИҲ аъзоси, талаба:
– Кичкиналигимдан катта бўлсам юрист бўламан, дея ният қилганман. Шунинг учун мактабда кўпроқ ҳуқуқшунослик фанига меҳр қўйиб, яхши ўқишга ҳаракат қилдим. Аммо ўқишни тамомлаб ўзим орзу қилган олий таълим даргоҳига киролмадим. Лекин ҳечам тушкунликка берилмадим. Балки ўзим танлаган йўлдан оғишмай, кўпроқ ўқиб-ўрганишга интилдим. Ҳуқуқшунослик фани бўйича тайёрлов курсига қатнадим. Шунинг баробарида мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида ҳайдовчилик курсида ўқий бошладим. У даргоҳда ҳайдовчиликка тааллуқли дарслардан ташқари армия ҳаётига доир сабоқлар ҳам олдик. Ўқув курсини тугатгандан сўнг, мардлик мактабига боришга қарор қилдим. Тиббий текширув ва саралаш тестларидан муваффақиятли ўтиб, армияга отландим.
Қуролли Кучларимиз сафларида хизматни бошлаганимда мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида олган билим ва кўникмаларим, айниқса, асқатди. Мардлик мактабида ҳам маънан, ҳам жисмонан чиниқдим.
Хизматим сўнгида эса ҳар томонлама ўзини кўрсатган хизматдошларим каби мен ҳам ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси билан уйимга қайтдим. Ўша йили ўзим орзу қилган Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришга муваффақ бўлдим. Бугун талабаман. Шу билан бирга, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг университетдаги гуруҳ етакчиси сифатида ўқиш ва жамоат ишларида фаол қатнашиб келмоқдаман.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ ёзиб олди.