ЮРТ МАДҲИНИ КУЙЛАЙМАН

Ватан — менинг оилам, остонам. Ватан — менинг дўстларим, қалбимга яқин кишиларим. Ватан — юзларидан нур таралган офтобчеҳра халқим ва шу азиз Тупроқ!

Қўшиқ куйлаш, айниқса Ватан ҳақида, она ҳақида куйлаш менга ҳузур бағишлайди. Бу менга она сути, онажоним алласи билан танамга кирган, десам адашмайман. Чунки онам ўқитувчи бўлсалар-да санъатни ниҳоятда қадрлайдиган инсон. Пойтахтимиздаги 148-мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс берадилар. Мен онам ишлайдиган мактабда ўқиганим учун ўзимга нисбатан масъулият билан қарардим.

Мактабда бизга “Ватан туйғуси” дарси ўтиларди. Устоз дарс тугашидан олдин мендан Ватан тўғрисида қўшиқ куйлаб беришимни илтимос қилганида болаларча беғуборлик ила ўзим севган санъаткорлардек қўшиқ куйлашга тушиб кетардим. Шунда синфдошларимнинг олқишидан қалбим қувончга тўларди. Еттинчи синфда ўқиб юрганимда ўқитувчилар ва мураббийлар куни тадбирида устозларга бағишланган қўшиғимни қарсаклар остида жўшиб куйлаганман.

Шу кунгача санъат йўлида эришган муваффақиятларимда онажоним ҳамда устозларимнинг беқиёс ўрни бор, албатта. Илк бор санъаткор бўламан, деганимда онажоним чўрткесарлик билан фақат ёнингда ҳар доим мен бўлишим керак, шундагина рухсат бераман, деди. Менга бу маъқул бўлди. Ҳар бир қўшиғим матнини онам билан бирга ўрганамиз. Энг биринчи танқидчим ҳам онам.

Хамза номидаги мусиқа коллежини битиргач, Ўзбекистон Давлат Консерваториясини “Анъанавий хонандалик” бўлимида тахсил олдим. Устозларим К.Қаюмов, А.Дадаев, М.Солиҳовалардан қўшиқ куйлаш, саҳна маҳорати, вокал санъати сирларини ўргандим. Бастакорлар уюшмаси раиси Р.Абдуллаев билан бўлган ижодий ҳамкорликдан ҳам кўпгина тажрибалар орттирдим.

2008 йилда ўтказилган “Ватан ягонадир, Ватан биттадир!” кўрик-танловида М.Мирзо шеъри Р.Абдуллаев мусиқаси билан “Ватан надур?” қўшиғини куйлаб 2-ўрин, Тошкентнинг 2200 йиллиги ҳамда “Наврўз” байрами арафасида ўтказилган “Қалбимда Ватан мадҳи” деб номланган кўрик-танловда М.Бекчанова шеъри билан яратилган “Тошкент фавворалари”, “Баҳорим келди” номли қўшиқларим билан 3-ўрин соҳибаси бўлдим. 2010 йилда “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танловида фахрли 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлдим. Шу йили “Юрак” деб номланган 17 та қўшиқларим жамланган альбомимни мухлисларим эътиборига ҳавола этдим.

Менинг санъат йўлидаги изланишларим давлатимиз томонидан юксак баҳоланди. 2011 йилда “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлдим. Бу менга янада юксак масъулият юклайди. Келажакда жонли ижрода яккахон концертимни мухлисларимга тақдим этиш ниятидаман.

Яна ўқинг:  Ўлкани ўрганиш музейи – улкан таассуротлар мажмуи

Мен шу эл, шу юрт фарзанди бўлганимдан фахрланаман. Негаки, биз ёшларнинг ўз иқтидорини ҳар томонлама намоён этиши учун юртимизда барча шароитлар яратилган. Биз уни қадрламоғимиз, шу эл келажаги учун бор имкониятларимиз ила камарбаста бўлмоғимиз лозим.

Шаҳноза ОТАБОЕВА,

“Ниҳол” мукофоти совриндори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: