ИСТЕЪДОД ҚУТЛУҒ ИНЪОМ
Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби таълим соҳасида қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Фарзандларимизнинг билим олиши, илм-фан чўққиларини забт этиши, қай соҳада бўлмасин дунё ёшлари билан бемалол беллаша оладиган интеллектуал салоҳияти юқори бўлган истеъдодли ёшларни тарбиялаш устувор вазифалардан бирига айланди.
Мусиқа ва санъат мактаблари, шу йўналишларда турли давлат мукофотларининг таъсис этилиши кўплаб истеъдодларнинг етишиб чиқишига замин яратмоқда. Ёшларимизнинг дунё мусиқа саҳналарида етакчи санъат арбоблари-ю, мухлисларини лол қолдириб, муносиб эътирофларга сазовор бўлаётгани юртимизда мусиқага берилаётган юксак эътиборнинг самараси, десак муболаға бўлмайди. Ана шундай истеъдодли ёшларимиздан бири, кўплаб халқаро мусиқа фестиваллари совриндори Юлдузхон Мирсаматова.
Қалби гўзалликка ва санъатга ошно бу қизнинг ёноқларидаги кулгичи ўзига ярашиб турар, юртига, халқига бўлган фахр хисси кўзларида намоён эди.
Мустақиллик тенгдоши Юлдуз Тошкент вилоятининг Паркент туманида таваллуд топган. Болалигиданоқ миллий мусиқа асбоблари дутор ҳамда қашқар рубобини чалишга ниҳоятда қизиқиш билан улғая бошлайди. Ундаги мусиқага бўлган иштиёқ ва истеъдодни кўрган ота-онаси мактабни тамомлагач, қизини Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаб-интернатига ўқишга беришади. Мусиқа мактабининг “Халқ чолғулари” бўлими “Дутор” синфида таҳсил олган Юлдуз ўзининг интилувчан ва қатъиятлилиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Мактабда таҳсил олиш билан бирга Республика тасвирий ва амалий санъат лицей-интернати қошидаги “Истеъдод” дутор ансамблида дутор сирларини ўрганиш билан бирга қашқар рубоби ҳамда фортепианога ҳам меҳр қўяди.
У бир неча бор мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган қатор танловлар ғолиби бўлди. Айниқса, 2006 йил Юлдуз учун омадли келди. У “Янги авлод — 2006” кўрик-танлови совриндори ва шу йилнинг ўзида “Келажак овози — 2006” кўрик-танлови шаҳар босқичида иккинчи ўрин соҳиби бўлди.
2007 йилда мактаб-интернатни тамомлаб, Ўзбекистон Давлат консерваторияси қошидаги “Иқтидорли болалар” академик лицейига ўқишга қабул қилинди. У ерда ҳам “Дутор” синфида таҳсил олиб, мактабда олган билимларини мустаҳкамлади. Интилишлари самараси ўлароқ 2007 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” фестивалида иштирок этиб, санъат ихлосмандларида илиқ таассурот қолдирди. Шундан сўнг, 2008 йили Россиянинг Москва шаҳрида ўтказилган “Москва встречает друзей” халқаро фестивалида иштирок этиш бахтига муяссар бўлди. Россияда ўтказилган “Минута славы” халқаро танловида ўзининг маҳорати билан барчани ром қилган Юлдуз ғолиб деб топилади. Бундан илҳомланган ёш мусиқачи кейинчалик Франция ва Португалияда ўтказилган миллий чолғулар халқаро фестивалида ҳам иштирок этди.
Мустақиллик туфайли бугун бутун дунё Ватанимизнинг истеъдодлар макони эканига гувоҳ бўлмоқда. Юртимизда мусиқага бўлган эътиборнинг самарасини ёшларимизнинг мусиқий салоҳияти, уларнинг дунё мусиқа саҳналарида ўзининг санъатини намойиш этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлаётганидан ҳам кўриш мумкин. Бунинг қадрига етиш ва бизга ана шундай имкониятлар яратиб бераётган ва халқимиз ишончини оқлашга, уларга муносиб фарзанд бўлишга бор куч ва ғайратим билан интиламан, — дейди биз билан суҳбатда Юлдуз Мирсаматова.
Лицейни аъло баҳоларга тамомлаган Юлдуз Ўзбекистон Давлат консерваториясига ўқишга қабул қилинди. Берилган билимлар ва интилишлар тез орада ўз самарасини бермай қолмади. У ерда профессор ўқитувчилар таълимини олган истеъдод эгаси 2009 йилда ҳам ўзининг маҳорати билан кўпчиликни мафтун этди. Украинанинг Симферополь шаҳрида ўтказилган “Синяя птица” халқаро мусиқа танловида “Халқ чолғулари” номинацияси бўйича 1-ўрин, Катта ансамбл номинацияси бўйича эса Гран При соҳлиби бўлди.
Ўз мақсадлари йўлида ҳаракат қилишдан чарчамайдиган Юлдуз Мирсаматова бу билан чегараланиб қолмасдан 2010 йилда Санкт Петербург шаҳрида ўтказилган “Окно в Европу” Х халқаро танловида иштирок этиб, у ерда ҳам ўзининг тенгсиз эканини исботлаб 1-ўрин соҳиби бўлди.
Ватанга бўлган меҳр она сути билан бирга танга кирса, мусиқага бўлган муҳаббат она алласи билан вужудга жо бўлади. Ватанни севган инсоннинг эса барча ишлари чин кўнгилдан, муҳаббат билан амалга оширилади. Муҳаббатдан мусиқа яралади. Бизда Юлдузхон каби мусиқага ихлос қўйган истеъдодли ёшларимиз талайгина. Демакки, юртимизда Ватанни севувчи, уни ардоқловчи авлод вояга етмоқда.
Фарҳод ТОЛИПОВ