ЖАҲОНДА ЯГОНА АСАР
Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб ҳар бир асар бу улуғ инсоннинг ички дунёси ҳақида хабар беради, жасорати, эътиқоди, илми, беқиёс истеъдодининг исботи бўлиб турибди.
Бобур Мирзонинг шеърий девонлари, дин илмлари – ақида ва фиқҳга бағишланган “Мубайян”, адабиётшуносликка доир “Рисолаи аруз” (“Мухтасар” номи билан ҳам маълум) рисолалари ичида “Бобурнома” алоҳида ўринга эга экани шубҳасиз. Чунки, “Бобурнома” орқали биз Заҳириддин Муҳаммад Бобурни чинакам мусулмон, забардаст подшоҳ, соҳиб тажриба саркарда, синчков олим, теран кузатувчи, нозиктаъб адабиётшунос, талабчан тилшунос, асл адиб сифатида кашф этамиз.
Унинг биргина “Бобурнома”си жаҳонда ягона асар деб эътироф этиладиган китобдир. Чунки, бунинг учун асослар етарли. Аввало, умрининг асосий қисми жангу жадалларда, сарсону саргардонликда кечган, ҳамиша салтанат ишлари билан банд бўлган жаҳонгашта инсоннинг бу қадар улкан китоб ёзиши диққатга сазовор.
Бобурнинг рубоийлари унинг шеърияти чўққисидир. Бобурдан олдинги ва кейинги шоирлар бу бобда унга ета олмаганлар. Умар Ҳайёмнинг рубоийлари каби унинг рубоийлари ҳам фалсафий фикрларга бой, шаклан мукаммал эди.
ОЙБЕК
Иккинчидан, китоб муаллифидаги самимият ўқувчини ўзига сеҳрлайди. “Бобурнома”ни ўқир экансиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг феъл-атворидаги шиддат, ғайрат ва жозиба сизни мутлақ ўз оламига тортиб кетади. Мутолаа жараёнида унинг қисқа-қисқа жумлаларини, иккинчи марта такрор айтилмайдиган амрларини тинглайсиз, ҳар қандай вазиятда ҳам адолатдан чекинмаслигини, ўлимга тик боришини, унинг муслим банда сифатида Аллоҳга қуллик қилиб турганини кўрасиз.
“Бобурнома” асари билан танишган хорижий олимлар эътироф этадиларки, Бобур шахсиятидаги очиқлик, мардлик уларни шу асарни ўз тилларига таржима қилишлари учун сабаб бўлган.
Жаҳон халқлари – турфа. Уларнинг ҳаёт ҳақидаги қарашлари фарқланади. Ҳар бир миллат ўзи учун хос идеал яратган. Бири иккинчисини такрорламайди. Бири иккинчисига эргашмайди. Шунинг учун бир миллат қаҳрамони иккинчиси учун ҳайратланарли бўлмаслиги табиий. Аммо Бобур Мирзо бу каби чегараларни, қобиқларни синдирди: дунёдаги қайси миллат вакили унинг асарини ўқимасин, уни чин дилдан яхши кўриб қолди. Қолаверса, “Бобурнома” жаҳондаги 30 дан зиёд тилга таржима бўлгани фикримизни тасдиқлайди.
“Бобурнома”да муаллиф ўзига хос услуб яратган. Бу услуб XV аср Мовароуннаҳр ва Хуросон халқлари сўзлашган тил, уларнинг жумла тузиш шаклларидан дарак беради. Биз “Бобурнома”даги аксарият жумлаларнинг қисқа ва қуйма эканлигини кўрамиз. Ҳолбуки, Бобур Мирзога замондош бўлган туркий тил олимларнинг асарлари ўта жимжимадор услубда. Уларда тасвирлар қуюқ, ташбиҳлар кўп. Аммо Бобур Мирзо бу йўлдан бормайди. Ҳатто, ўғли Ҳумоюнга мактуб ёзганида “Такаллуф қилмай ёз” дея таълим берган.
Бу Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзига хос характери – табиати белгисидир.
Бобур – дилбар шахс. Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган. У санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди.
Жавоҳарлаъл Неру
Бобур Мирзо ўзи борган, яшаган ҳар бир ҳудудни батафсил тасвирлашга ҳаракат қилган. Ўзи кўрган ва билган шахсларни алоҳида-алоҳида таърифлаган. Уларнинг ижобий ва салбий жиҳатларини айтиб ўтган.
“Бобурнома”да Мовароуннаҳр, Хуросон ва шимолий Ҳиндистон шаҳарлари, табиати, халқи, урф-одатлари, тарихи, иқлими тўғрисида маълумотлар келтирилган. Ҳар бир маълумот пухта ва мантиққа асосланган.
Масалан, асарда Фарғона вилоятига берилган таъриф қуйидагича:
Фарғона бешинчи иқлимдан. Шарқи Қошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадахшон тоғлари, шимолида эса қадимда турли шаҳарлар бўлган, аммо Бобур давригача бузилиб кетган. Фарғона вилояти деярли тоғ билан ўралган, аммо ғарбида Самарқанд ва Хўжанд шаҳарлари бор. Шарқий тарафидан Сайҳун дарёси оқади, аммо бу дарё Туркистон тарафга борганда қумга сингиб кетади.
Фарғона етти қасабадан иборат: Андижон, Ўш, Марғинон, Исфара, Хўжанд, Ахси, Косон. Бобур бу қасабаларнинг ҳар бири ҳақида тўхталган, атрофлича маълумот берган. Масалан, Ахси ҳақида шундай ёзади:
“Фарғонада Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур… Қовуни яхши бўлур. Бир навъ қовундурким, “Мир Темурий” дерлар, андоқ қовун маълум эмаским оламда бўлғай. Бухоро қовуни машҳурдир. Самарқандни олғон маҳалда Ахсидин, Бухородин қовун келтуруб, бир мажлисда кестурдим, Ахси қовунининг ҳеч нисбати йўқ эрди.
Ови қуши бисёр яхши бўлур. Сайҳун дарёсининг Ахси тарафи дашттур. Оқ кийиги бисёр бўлур. Андижон тарафи жангалдур. Буғу-марал, қирғовул ва товушқони кўп топилур, асру семиз бўлур”.
Диққат билан ўқиган китобхон Бобурнинг услубини яхши ҳис қилади, баъзи сўзларни луғатдан кўришга эринмаса, асарнинг латофати, унда акс этган мазмун шубҳасиз уни ром этади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари:
“Қобул девони”
“Ҳинд девони”
“Теҳрон девони”
“Бобурнома”
“Муббайин”
“Мухтасар”
“Волидия”
“Хатти Бобурий”
“Рисолаи қофия”
“Ҳарб иши”
“Мусиқа илми”
Биз “Бобурнома” орқали шоҳ Бобурнинг замонига бориб қолгандек бўламиз.
Бобур Мирзо шахсларга баҳо беришда уларнинг ҳурматини сақлайди. Мардона ва одил инсонларни қадрлайди, баъзи одамларни эса нима учун ёмон эканини кўрсатади. Аснода ўқувчини мардликка, жасоратга тарғиб қилади, салбий иллатлардан қайтаради.
Бобур соф ҳанафий мазҳабида аҳли сунна вал жамоат эътиқодида бўлган. Шунинг учун у ўз замондошларини таърифлашда бу жиҳатларга диққат қаратган, уларнинг ибодатда маҳкам турганларини меҳр билан алқаган, хусусан, ўз отаси ҳақида шундай дейди:
“Ҳанафий мазҳаблиқ, покиза эътиқодлиқ киши эди, беш вақт намозини тарк қилмас эди, умрий қазоларини тамом қилиб эди, аксар тиловат қилур эди. Ҳазрат Хожа Убайдуллоға иродати бор эрди, суҳбатлариға бисёр мушарраф бўлуб эди. Ҳазрат Хожа ҳам “фарзанд” деб эрдилар”.
Эътибор берилса, жумла оҳангларида ўзига хос мамнуният сезилади. Бобур Мирзо ўзининг соф эътиқодли чин мусулмон фарзанди эканидан фахрланади.
Умуман олганда бу каби таъриф ва тавсифларни ўқиб гувоҳ бўламизки, Бобур ҳар қандай ҳолатда ҳам холис бўлишга интилган. Ғанимлари ҳақида сўз айтганда ҳам уларнинг ижобий сифатларини назардан қочирмайди, ҳеч бўлмаса, яхши жангчи, тажрибали саркарда эканига урғу бериб ўтган. Бу ҳам унинг мардлиги ва адолатига далилдир.
“Бобурнома” – маънавий хазина. У бугунги кун инсонларини тарбия қила оладиган асар. Уни ўқиш орқали биз ўз аждодларимизни яхшироқ таниймиз, уларнинг хатолари, ютуқлари ҳақида хабар топамиз. Айтиб ўтилганидек, асар тарих, география, табиатшунослик каби қатор соҳалардан ҳам билим бера олади.
Шу ва бошқа кўплаб ижобий сифатларга эга бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг “Бобурнома” асари узоқ йиллар халқимиз учун ардоқли бўлиб қолаверади.
Акром Маликов,
ЎзМУ магистранти