Балоғат даври – нозик палла

Қиз бола туғилгандан бошлаб, унинг соғлиғига ота-онаси, кейинчалик эса ўзи масъул ҳисобланади. Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир қиз келажакда соғлом аёл бўлиб, баркамол фарзандларни дунёга келтириши учун ўсмирлик давриданоқ, репродуктив саломатликка алоҳида эътибор бериши лозим.

9 ёшдан 18 ёшгача қиз бола жинсий жиҳатдан балоғатга етади. Бу пайт етилиш палласи бўлиб, жинсий аъзолар ривожланади, қиз бола насл қолдиришга тайёр бўла бошлайди. Балоғат даврида ўсмирнинг организмида иккиламчи жинсий белгиларнинг пайдо бўлиши: бўй ўсиши, вазн ортиши, қўлтиқ ости, оёқ, қўл ва баданнинг баъзи соҳаларида тукларнинг пайдо бўлиши, ёғ безларининг фаол ишлай бошлаши, ҳуснбузарлар пайдо бўлиши, ички секреция безлари фаолиятига боғлиқдир.

Қиз болаларда иккиламчи жинсий белгиларнинг ривожланиши билан жинсга мувофиқ ҳолда тана тузилиши шакллана бошлайди. Нозик ҳилқат вакилларидаги балоғат даври ўзгаришлари уларнинг ташқи кўринишидагина эмас, балки хулқ-атвори, юриш-туриши, оиладаги юмушларни бажариши, уларнинг руҳияти ва дунёқарашида ҳам кузатилади. Уларда бурч ва масъулият ҳисси шакллана бошлайди.

Жинсий ривожланишга ирсият, иқлим шароити, оиладаги иқтисодий, маънавий ва психологик муҳит, жисмоний машқлар билан шуғулланиш ва яна бошқа омиллар таъсир кўрсатади. Қиз боланинг ўсмирлик даврини уч босқичга бўлиш мумкин.

9-12 ёшларда жинсий аъзоларда ўзгаришлар кузатилади ва айнан шу пайтда болаликдан ўсмирликка ўтиш кузатилади. Бу даврни препубертат, яъни жинсий аъзоларнинг етилгунига қадар бўлган палла, деб аталади.

Пубертат – балоғатга етиш даврини 12-17 ёшда кузатиш мумкин. Бу давр 5-6 йил давом этади ва ўзгаришлар натижасида кечаги эркатой қизалоқ улғайиб, кўркам қизга айланади. Шунингдек, қизлар балоғатга етгач, уларда ҳайз кўриш жараёни бошланади. Эндокрин безлари таъсири остида ўсмирлар вояга ета бошлайди.

Ҳайз лотин тилидаги “mensis” сўзидан олинган бўлиб, “ой” маъносини беради. Бу ҳар бир қизнинг болаликни тарк этиб, ўсмирлик, етуклик даврига қадам қўйганининг илк белгисидир. Ушбу ўзгариш 21-35 циклли кунларда содир бўлиб, 3-7 кун давом этади. Бу жараёнга табиий муносабатда бўлиш керак.

Доимо бир хил муддатда ҳайз кўрилса, уни “мунтазам ҳайз кўриш” деб айтиш мумкин. Аммо, дастлабки ҳайз кўриш турли муддатларда ва оғриқли ўтиши мумкин. Лекин бу хавотирли эмас. Айрим қизларда шундай ҳолатлар бўладики, ҳайз жараёни доимий оғриқлар билан кечади. Бу эса уларни вақтинча беҳол қилади.

Яна ўқинг:  Буйрак ва жигар қандай тозаланади?

Оғриқли ҳайз жинсий аъзолардаги ўзгаришлар, улардаги яллиғланиш туфайли безовта қилаётганини унутмаслик зарур. Албатта, оналар шифокор-гинекологга мурожаат этсалар, бу билан фарзандларининг саломатликларини тиклаган, бепуштликнинг олдини олган бўладилар.

17-20 ёшни эса постпубертат давр дейилади. Бу пайтда инсон шахс сифатида руҳан ва жисмонан шаклланади. Аммо унинг яна ижтимоий камол топиши учун камида 2-4 йил керак бўлади.

Оналар ва аёл ўқитувчилар 10 ёшли қизларга ҳайз жараёни ҳақида оҳисталик билан тушунтириб, уларни бу даврга аста-секинлик билан тайёрлаб боришлари даркор. Юқори синф, коллеж ва лицей ўқувчи қизлари билан гинеколог-шифокор суҳбатлар ўтказиши зарур. Айниқса, улар неча ёшдан турмуш қуриш, никоҳдан аввалги тиббий кўрикнинг аҳамияти, ОИВ ва ОИТС хасталиги, зарарли одатлар ҳақидаги тушунчаларга эга бўлишлари шарт.

Репродуктив ёшлик давригача йигит ва қиз соғлом ўсиб-улғайса, келгусида улар баркамол авлодни дунёга келтиришдек улкан бахтга сазовор бўлишади.

 

Саҳифани Саломатлик ва тиббий статистика институти услубчи шифокор-гинекологи Гулноза ТОШМАТОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: