Ҳомиладор аёл таомномаси: бунда кўпроқ нималарга эътибор бериш зарур?

Ҳомиладорлик пайтида аёлнинг сифатли ва тўйимли овқатланиши – нафақат боланинг тўғри ўсиши ва ривожланиши, балки бўлғуси онанинг ҳам соғлом бўлиши гаровидир.

Тўғри танланган таомнома бўлажак онанинг ҳомиладорлик пайтида меъда-ичак тизими фаолиятини яхшилайди. Ундаги уйқучанлик ва толиқишнинг олдини олади, иммунитетни мустаҳкамлайди.

“Оғир оёқ” аёлларнинг оқилона овқатланиши деганда кун давомида таомноманинг тўғри тақсимланиши ва ҳомиладорликнинг муддатларига мутаносиб ҳолда турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш демакдир. Бу нозик даврнинг дастлабки паллаларида организмда гормонал ўзгаришлар рўй беради. Яъни, аёл организмидаги барча жараёнлар тезлашади, бачадон ривожланади ва ҳомила ўсади. Бўлажак она организмида моддалар алмашинуви кучайиши натижасида витамин ва минерал моддаларга бўлган талаб янада ортади. Шунинг учун овқатланиш тўғри ва ўз вақтида ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.

Янги ва сифатли тайёрланган мазали таом организмни доимо керакли бўлган энергия билан таъминлаб туради. Тўғри овқатланишнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳомиладор аёл вазнининг ўсиб боришидир. Ҳомиладорлик даврида вазннинг 8-12 кггача ортиши меъёр ҳисобланади.

Аёл “оғир оёқлиги”нинг дастлабки уч ойлик даврига алоҳида эътибор бериш керак. Бу пайтда ҳомилада янги аъзо ва тизимлар ривожлангани сайин оқсил, ёғ, углевод, витамин, турли микроэлемент каби моддаларга бўлган эҳтиёж ортиб боради (аёлда витаминга бўлган талаб 2-2,5 марта ортади). Шуни ҳисобга олган ҳолда турли хил фойдали маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Шунингдек, бу даврда ҳомиланинг соғлом ва нуқсонсиз туғилишини таъминлашда фоли кислотаси миқдорини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Фоли кислотаси кўкатлар (петрушка), салат барглари ва дуккаклилар (мош, нўхат ва ловияга) мансуб маҳсулотлар таркибида кўп миқдорда бўлади. Бундан ташқари буғдойдан тайёрланган қора нон, гречкали бўтқа, сут ва сут маҳсулотлари, карам, мева шарбати, сабзавотлар, парранда гўшти, тухум ва мева-сабзавотларни истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Айниқса, ҳомиладорликнинг иккинчи уч ойлигида калорияга бой озуқаларни кўпайтирган маъқул. Бу даврда ҳомила вазнининг ортиши, бачадон, сут безларининг ўсиб бориши оқсилга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Ҳомиланинг кўриш ва эшитиш аъзолари ривожланишига ҳисса қўшадиган А витамини ва бета-каротинга бой бўлган карам, сариқ булғори, сабзи ҳамда оқсилга бой балиқ гўштини истеъмол қилиш тавсия этилади.

Яна ўқинг:  Зулуклар – табиатнинг табиий мўъжизаси

Учинчи уч ойлик ўрталаридан бошлаб хамирли таомлар, ёғли гўшт, қаймоқни овқат рационида камайтириш лозим. Чунки, бу паллада ҳомиланинг суяклари ўсиши жадаллашади. Унинг ўрнига таркибида кўп миқдорда кальций сақловчи маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Балиқ, ёнғоқ, гўшт, қатиқ, творог, мева-сабзавотлар, айниқса, организм учун фойдали ҳисобланади.

Керакли тавсиялар:

Овқатнинг ҳажми эмас, аксинча маҳсулотларнинг турлича бўлгани ва организм томонидан осон қабул қилиниши ўта муҳим. Гўшт, балиқ, мева ва сабзавотлар, дуккакли, макарон, нон ва сут маҳсулотларидан имкони борича ҳар куни оз-оздан истеъмол қилиш зарур.

Ҳар бир ҳомиладор аёл кўнгли тусаётган маҳсулотни ейишга ҳаракат қилиш даркор. Меъёрида суюқлик ичинг. Тузни камроқ истеъмол қилинг. Тузланган сабзавотлар, дудланган балиқ ёки ҳар хил соуслар буйракларга салбий таъсир кўрсатади. Овқатни тез-тез ва оз-оздан ейишга ҳаракат қилинг. Уйқуга кетишдан аввал кўп таом еманг. Аллергия чақирувчи маҳсулотларни истеъмол қилманг. Шунингдек, спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш, аччиқ таомлар ва таркибида қаҳва сақловчи маҳсулотлар истеъмол қилиш мутлақо мумкин эмас.

Бўлажак она қабзият (ич қотиши)дан ўзини асраши зарур. Бунинг учун ҳазм қилиш тизими фаолиятини кучайтирувчи таркибида клечатка мўл қора кепакли нон, мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Агар қабзиятга мойиллик бўлса, қуритилган олхўри, туршак ва қовоқ яхши самара беради.

Юқорида келтирилган маслаҳатлар соғлом ҳомиладор аёллар учун тавсия этилади. Аммо, ҳомиладорлик пайтида маълум бир касаллик аниқланган бўлса, албатта шифокор билан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ.

 

Саҳифани Саломатлик ва тиббий статистика институти услубчи шифокор-гинекологи Гулноза ТОШМАТОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: