“Қанақа боласан, ўзи?”
Маълумки, бола илк тарбияни оилада олади. Жигарбандингизнинг мактабда ўқиши, ўртоқлари орасида ўзини тута олиши, ўқитувчининг топшириқларини ўз вақтида бажариши – буларнинг бари унинг болаликда оилада олган тарбияси билан бевосита боғлиқ.
Шу ўринда, болага фақат талабчанлик қилиш билан чекланиб қолмаслик керак. Ота-она фарзандининг қалбини жароҳатлайдиган, уни қаттиқ хафа қилиши мумкин бўлган, энг асосийси, боланинг келажагига “болта урадиган” сўзлардан эҳтиёт бўлиши, уларни мутлақо ишлатмаслиги керак. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида маълумот берамиз.
- “Мен сени ёмон кўраман”. Бу иборанинг бошқача шакли ҳам бор – “Агар гапимга қулоқ солмасанг, мен сени ёмон кўраман”. Бу касал сўзлар болада “Мен ёмон боламан, ҳеч кимга керак эмасман. Фақат яхши ишларим учунгина мени тақдирлашади, агар хатога йўл қўйсам, мени ҳеч ким қўлламайди” деган нотўғри тасаввурнинг уйғонишига сабаб бўлади. Бу эса фарзандни ота-онасидан узоқлаштирадиган асосий салбий омиллардан биридир.
- “Қўлингдан келмайди! Кел, яхшиси ўзим”. Танқид руҳида айтилган ушбу ибора дилбандингизни ўзини паст баҳолашига замин яратади. Бола ўз дунёсида бу танқидга нисбатан “демак, мен уддалай олмайман, қўлимдан келмайди, омадсиз боламан” каби нотўғри қарашни юзага келтиради.
- “Нега сен фақат 4 га ўқийсан? Қачон 5 баҳо оласан?” Бу танқид бола учун жуда оғриқли саналади. Фарзандингизда “ота-онам учун етарли даражада яхши бола бўла олмаяпман” деган нотўғри фикр пайдо бўлади. Дилбандингизни аъло баҳо олишида сизнинг ҳам ҳиссангиз борлигини асло унутманг. Уни мақтаб қўйиш эса зиён қилмайди.
- “Дўстинг Жасурбек жуда яхши бола, сен бўлса…”. Болалар учун бу каби таққослашлар уларнинг мурғак қалбига жуда оғир ботади. Биринчидан фарзандингизда унинг “яхши” дўстига нисбатан носоғлом кураш юзага келади, иккинчидан унда қизғаниш, ота-онасининг меҳрига нисбатан шубҳа уйғонади.
- Шахсиятга тегиш. “Аҳмоқ”, “анқов” каби қўпол сўзларни ишлатиш. Бола ўзи учун доимо идеал саналган ота-онасининг бу каби гапларига ишонади. Натижада эса ўзини худди улар айтганидек тута бошлайди. Ота-она қандай қилиб ҳеч нарсанинг уддасидан чиқа олмайдиган фарзанд тарбиялаганини тушунганида, афсуски жуда кеч бўлади.
- “Қанақа боласан, ўзи?”. Бу каби ибораларни тез-тез такрорлайверсангиз, фарзандингизнинг феъл-атворини эркин шаклланишига тўсиқ бўласиз. Уни маълум бир қолипга солиб қўясиз. Келажакда у одамлар орасида ўзини ноқулай ҳис қилади, хато қилаётгандай туюлаверади. Ўз қобиғига ўралиб олади. Унутманг, одамови, нўноқ болаларнинг аксарияти бу каби ибораларни ҳаётлари давомида жуда кўп бор эшитишган.
- “Жим бўласанми, йўқми?” Одатда катталар боланинг тихирлик қилиб сўраётган нарсасини бериб, ундан “қутулиб” қўя қолишади. Бу ҳолда унда ниманидир сўраб инжиқлик қилсагина ҳамма нарсага эришиш мумкин экан, деган тушунча юзага келишига сабаб бўлади ва у кейинчалик ота-онасининг таъқиқларини жиддий қабул қилмайди.
Хуршида ҲУСЕНОВА