Иммунитетни кўтарадиган маҳсулотлар

Организмнинг касалликларга қарши чидамлилиги иммунитет деб аталади. Куз ва қишнинг совуқ кунларида грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) хасталиклари авж олади.

Бу даврда иммунитети заиф беморлар тезда касалликка чалинишлари мумкин. Шунда пиёз, саримсоқпиёз, ерқалампир (хрен), хантал (горчица), шолғом, турп ва қора турп, мурч ва қалампир жонингизга оро киради. Аммо, меъда-ичак тизимида яллиғланиш (гастрит, гастроэнтероколит, гепатит), шунингдек, яра касалликлари мавжуд инсонларга аччиқ ва шўр озиқ-овқат маҳсулотлари тавсия этилмаслигини унутманг. Сут ва сут маҳсулотлари ҳам касалликни енгишда катта ёрдам беради. Юқорида номлари тилга олинган аччиқ маҳсулотлар таркибида эфир ёғлари ва фитонцидлар мавжуд бўлиб, улар микроб, вирус ҳамда замбуруғларга ҳалокатли таъсир этади.

Яна қуёшли кунларда очиқ ҳавода сайр қилиш, чиниқиш (ҳаво ванналари, оёққа совуқ сув қуйиш ёки совуқ сувда намланган сочиқ билан артиниш ва яна шундай душда чўмилиш), йоглар каби медитация машқларини бажариш, ўзингизни бўш қўйиш ҳам иммунитетингизни кўтаради.

Шунингдек, ҳар куни бир боғ шивит истеъмол қилиш организмнинг касалликка чидамлилигини оширади.

Таркибида С витамини мавжуд цитрус мевалар (киви, лимон, мандарин), наъматак истеъмол қилиш, мева-сабзавотлар, кўкатлар тановул этиш, малина (хўжағат), смородина (қорағат) чаканда (облепиха)ли мурабболардан чой ичиш, уй товуғи, курка, қуён, балиқ каби жонзотларнинг парҳезбоп гўштидан серпиёз (айниқса, сиёҳранг пиёзда фитонцидлар мўл бўлади) шўрва ичиш ҳам иммунитетни мустаҳкамлайди. Яна совуқ кунларда иссиқ мижозли маҳсулотлар (қўй гўшти, шолғом, нўхат, майиз, анжирқоқи, ёнғоқ, ерёнғоқ, ҳинд ёнғоғи, асал)ни ҳам истеъмол қилиш лозим.

 

Бир дона лимонни 1 дақиқа давомида қайноқ сувга бутунлигича ботириб олинг. Сўнгра уни блендерда майдалаб, устига икки ош қошиқ табиий асал ва бир ош қошиқ сарёғ солиб аралаштиринг. Ҳосил бўлган шифобахш масаллиқни кун давомида нонга суртиб ейиш даркор. Чанқасангиз, иссиқ-иссиқ чой ичинг.

 

 

Ер қизиган иссиқ кунларда эса билқиллаган тупроқ, асфальт ёки шағалли жойда оёқяланг юриш ҳам биологик фаол нуқталарни қитиқлаб, организмнинг яширин заҳира кучларини оширади. Исириқ, мойчечак, малина, смородина, наъматакнинг қуриган бутоқларидан тайёрланган ванналар ҳам грипп ва ЎРВИда шифобахш таъсир этади.

Узоқ вақт давомида руҳий зўриқиш (стресс), шакарни кўп истеъмол қилиш, тушкунликка тушиш (депрессия), камҳаракатлик ёки ҳаддан ташқари оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланиш, спиртли ичимликларни ичиш, гиёҳвандлик, кашандалик, антибиотикларни сабабсиз истеъмол қилиш, қуёшнинг зарарли нурлари остида ҳимоясиз юриш, совқотиш, тўйиб ухламаслик, сифатсиз ва нотўғри овқатланиш организмнинг касалликларга чидамлилигини тушириб юборади.

Яна ўқинг:  Холларни олиб ташлаш мумкин...ми?

 

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: