12 нафар бемор бола Германияда даволанади
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ҳар томонлама кўмак беришда, айниқса уларнинг саломатлиги йўлида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси хайрли ишларни мунтазам амалга ошириб келмоқда.
Ушбу жамғарма ҳозирда бир қатор лойиҳалар асосида кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида чет эл нуфузли клиникаларида даволаш махсус дастурини ишлаб чиққан бўлиб, жумладан, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти билан биргаликда 2002 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳамкорлик доирасида 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш борасида шу йиллар давомида 218 нафар ўзбекистонлик бемор болалар терининг куйиш асоратлари, қўл-оёқ бўғимларининг туғма нуқсонлари ва бошқа ташхислар билан Германия клиникаларида даволанишди.
Ушбу халқаро ташкилотнинг грант маблағи ҳисобига 2012 йил давомида республика бўйича жами 160 нафар туғма лаб-танглай нуқсони бўлган ногирон болаларда жарроҳлик операциялари ўтказилди.
Жорий йилнинг 13 февраль куни эса Тошкент халқаро Аэропортида навбатдаги 12 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун жамғарма вакиллари хамроҳлигида Германияга жўнаб кетишди. Болалар у ерда олти ой давомида даволанишади.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси келгусида ҳам бунинг давоми сифатида қатор лойиҳалар асосида бемор ва кўмакка муҳтож болаларнинг соғлиғини тиклаш борасида хайрли ишларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Майна ҲАСАНОВА,
“Соғлом авлод” газетаси мухбири