ОТА ЯРАТГАН БОF, ФАРЗАНДЛАРГА САБОҚ

Лимон мевасининг фойдали хусусиятлари тўғрисида кўпчилигимиз яхши биламиз. Табобатда ундан гипертония (хафақон), меъда-ичак тизими касалликларини даволашда кенг қўлланилади. Қолаверса, бугунги кунда замонавий тиббиётда лимон шарбати билан организмдаги қум, тошларни туширишда, шунингдек, гепатит касаллигида, жарроҳлик операциясидан кейинги яранинг тез битишида ҳам фойдаланилмоқда. Энг қизиғи, ҳомиладорлик давридаги токсикозда лимон гулларининг ҳиди аёллардаги бу ҳолатнинг енгил ўтишига ёрдам беради. Уч-тўрт ош қошиқ мева шарбатини наҳорда истеъмол қилиш билан организмдаги ўсмаларни ўсишдан тўхтатиш мумкин экан. Қолаверса, лимон косметологияда ҳам кенг қўлланилади. Ана шундай фойдали жиҳатларга эга бўлган бу цитрус мевани республикамизга олиб келиб, маҳаллийлаштириб янги навларини яратаётган ҳамюртларимиз фаолияти барчани қизиқтирса керак.

ЎЗИМИЗНИНГ БОFДАН…

Фахриддиновлар сулоласини маҳалладагилар ҳурмат билан тилга оладилар. Ҳаётдан ибрат олиб, суяги меҳнатда қотган Зайниддин ота иссиқ ўлка ўсимлиги ҳисобланган лимонни илк бор 1957 йилда Грузиядан олиб келган эди. Ўша йили лимоннинг “Новогрузин” навини “Миер” навига чатиштириб, бизнинг иқлим шароитига мос янги “Ф-1” навини яратди. Ўтган аср­нинг 60-йилларида ҳосил илк нишона берганида боғбон отанинг ўзига бўлган ишончи янада ортди. Пўсти билан истеъмол қилинадиган бу лимон таркибида 4 фоиз лимон кислотаси бўлиб, оғирлиги 450 гр.ни ташкил этарди. Бир йилда бир марта ҳосил берадиган лимон дарахтининг бўйи 2,5-3 метргача етади. Ана шу меҳнатлари эвазига у кишига халқ селекционери, олим-агроном, “Халқ академиги” унвони берилди. 1960 йилда Грузиянинг “Новогрузин”, “Новоафон” ва Хитойнинг “Миер” лимон навлари кўчатларини иссиқхонада траншея усулида, яъни ердан ярим метр тупроқни олиб ташлаб эккан Зайниддин отанинг меҳнатлари зое кетмади. Шундай қилиб Ўзбекистон шароитида илк лимонарийни ташкил этган Зайниддин ота лимончи-миришкорлар сулоласига ҳам асос солди, десак муболаға бўлмайди.

Кейинчалик Грузиядан келтирилган навларни бир-бирига чатиштириш натижасида “Ф-2” нави яратилди. Буни қарангки, янги навдан бир йилда тўрт марта ҳосил олиш мумкин экан. Шу билан бирга бу лимоннинг қалин пўсти таркиби 9-12 фоиз лимон кислотаси, кўп миқдордаги эфир мойи, пектин тиббиётда доривор восита ишлаб чиқаришда қўлланила бошланди. Энг муҳими лимон шарбатини қовоқ шарбати билан аралаштириб ичилса қандли диабет касаллигида шифо­бахш­дир.

Яна ўқинг:  Zamonamiz kichkintoylari

Селекционер Зайниддин отанинг қатор йиллар давомида ўтказган изланишлари натижасида лимоннинг “Ф-3”, “Ф-4”, “Ф-5” навлари яратилди.

ОИЛА – ИБРАТ МАКТАБИ

Зайниддин ҳожи ота ва Шарифа она етти нафар ўғил ва тўрт нафар қизни ҳалол меҳнат билан вояга етказдилар. Уларни ҳалол меҳнат қилишга, оиласига садоқатли бўлишга ўргатдилар. Бугунги кунда опа-сингил, ака-укаларнинг барчаси олий маълумотли. Катта ўғил Тўлқин Фахриддинов она касбидан камол топди. Опаси Раъно Хўжаева Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди. Дилбар опа Фахриддинова Болалар кардиологи, сингиллари Дилфуза ва Бахтигуллар ҳам шу университетни тамомлаган. Асосийси Зайниддин отанинг фарзандлари бугун файзли хонадон эгаси ҳамда мустаҳкам оила ва обод турмуш соҳиблари.

“ОТ ИЗИНИ ТОЙ БОСАР”

Фарзандларининг еттинчиси бўлган Муҳаммадазиз ака ота дуосини олиб, унинг ишини давом эттириб келмоқда. У Тошкент Давлат аграр университети (Тошкент давлат Қишлоқ хўжалиги университети)нинг “Мева-сабзавот, узумчилик” факультетини агроном мутахассислиги бўйича тамомлади. Кўп йиллар Тошкент вилояти Табиатни муҳофаза қилиш бошқармасида ер-сув бўйича мутахассис бўлиб ишлади. Ер шўрланишининг олдини олиш, тупроқни текшириш бўйича ўз малакасини оширди. Вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида “Мева-сабзавот ва узумчиликни ривожлантириш” бўлимида бош мутахассис вазифасида фаолият олиб борди. Бугунги кунда у Ўзбекистон Фанлар Академияси физика-кимё полимерлар институтида илмий ходим бўлиб ишламоқда.

Муҳаммадазиз ака ўзи яшаётган хонадонида ташкил этилган иссиқхонадаги лабораторияда цитрус ўсимликларни Ўзбекистон шароитида етиштиришнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш устида изланишлар олиб бормоқда. Бу борада олим тўртта янги технология яратишга муваффақ бўлди. Яъни, тупроқ унумдорлигини ошириш, лимон кўчатига тўғри шакл бериш, экиш схемаларига асосан тўғри шакл бериш, вирусли касалликка қарши курашиш ҳисобига унумдорликни оширишга эришди. Бир туп лимон дарахтидан бир пайтлари 30-40 кг. ҳосил олинган бўлса, бугунги кунда янги технологиялар асосида 150-200 кг.дан ҳосил олишга эришиляпти. Бу тажрибалардан ўрганиш мақсадида юртимизнинг турли вилоятларидан тадбиркор-боғбонлар ташриф буюришади.

Миришкор боғбон яратган технологиянинг биринчисига асосан тупроқ унумдорлиги ҳамда ўсимлик ҳосилдорлигини белгиланган тартибда бериладиган маҳаллий ўғитлар ҳисобига ошириляпти.

Иккинчи технология бўйича олимлар томонидан яратилаётган ўстирувчи моддаларни деҳқончиликда қўллаш ҳисобига қисқа муддатларда апельсин ҳамда мандарин меваларини илдиз олдиришга эришиляпти.

Яна ўқинг:  “Mehnatni manga yor etti, mehnatqa meni”

Учинчи технология – падари бузруквори Зайниддин отанинг совуққа чидамли навни яратиш орзуси устида Муҳаммадазиз ака изланиш олиб боряпти. Бугунги кунда 20 даража совуққа чидайдиган янги лимон нави ҳам синовдан ўтказилди.

– Давлатимиз тадбиркорларга кенг йўл очиб, катта қулайликлар яратиб берди. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистонда шахсий томорқа хўжаликларини, ривожлантиришга катта эътибор берилди. Бундан кўзланган асосий мақсад халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир.

Биз ҳам ана шу эзгу мақсадларга эришиш йўлида муносиб меҳнат қилаётганимиздан қалбимиз ғурурга тўлади, – дейди Муҳаммадазиз Фахриддинов.

ТОМОРҚАДАН БАРАКА ТОПИБ…

Муҳаммадазиз ака оилапарвар, фарзандларига меҳрибон ва ўз ўрнида қаттиққўл ҳамда талабчан ота. Умр йўлдоши Шойиста опа Фахриддинова Республика Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази реанимация бўлими шифокори. Ўғиллари Муҳаммадали Тошкент давлат аграр университети, Муҳаммадазим касб-ҳунар коллежининг технология йўналишини тамомлаган. Бугун улар хонадон иссиқхонасида етиштирилаётган лимон, апельсин ва мандарин кўчатларини республикамизнинг қатор вилоятларидаги деҳқон-фермер хўжаликларига етказиб бериш, уларни экиш, парвариш қилиш борасида отасига ёрдам бериб келишмоқда. Қизлари Гулчеҳра ва Гулнозалар эса онаси изидан бориб, унинг ишини давом эттиришяпти.

– Оиланинг мустаҳкам бўлиши фарзанд тарбиясига кўп жиҳатдан боғлиқ. Инсон дунёга келганидан кейин ўзидан яхши ном, яхши фарзанд қолдириши керак, дердилар отам. Фарзанд тарбиясида ҳам отам менга ўрнак бўлганлар. Шунинг учун ҳам турмуш ўртоғим билан ўғил-қизларимизни яхши инсон қилиб тарбиялашга ҳаракат қилдик, – дейди Муҳаммадазиз ака.

Ўзи танлаган касбидан камол топиб, эл-юрт равнақи учун муносиб ҳисса қўшаётгани, юрт корига ярайдиган яхши фарзандларни вояга етказаётганининг ўзи бахт эмасми? Албатта, тарбия ва таълим меҳнат кўникмаси билан узвий олиб борилганда ана шундай муваффақиятга эришилади. Ҳаётнинг барча синовларини матонат билан енгиб ўтганларгина Яратганнинг мукофотидан баҳраманд бўладилар.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: