Ота ҳунари – барака дастурхони

Бекмир мадрасаси тарих ва бугунни боғлаб турган иншоот. 1903 йилда барпо этилган бу қадимий иморатда бугунги кунда “Ҳунарманд” уюшмаси Қарши шаҳар бўлими жойлашган. Қашқадарё воҳасининг қўли гул ҳунармандларини ўша манзилдан топасиз. Мен ҳам шу мақсадда Бекмир мадрасаси томон йўл олдим. Уюшма раҳбарига ниятимни айтган эдим, қўлимга бир китоб тутқазди. Мустақилликнинг 20 йиллигига бағишлаб нашр этилган бу тўпламда Қарши шаҳридаги номдор ҳунармандлар ҳақида маълумотлар жамланган экан. Кўзим беихтиёр гиламчилик ҳунаридан обрў топган Дамин Маматовнинг исми-шарифига тушди. Унинг манзилини cўраб, ўша томонга қараб йўл олдим.

Остона ҳатлаб киришим билан очиқ чеҳрали, кўринишидан самимий, камтарин бир киши мени кутиб олди. Ўзини Дамин Маматов деб таништирди.

– Мана шуларнинг ҳаммасини ўзим тўқиганман, – дейди Дамин ака уйидаги тўшалган гиламларга диққатимни қаратаркан. – Ота касб-да. Отамиз Туроб бува гиламчилик билан рўзғор тебратганлар. Мен ҳам у кишининг шогирдларидан. Ўн ёшимдан бери шу ҳунарнинг сир-асрорини ўрганаман. Одам ота касб билан шуғулланса, кам бўлмаскан. Рўзғорига барака кираркан. Шуни тўлиқ ҳис қилиб, мен ҳам икки қизимга устозлик қилаяпман. Ниятимиз холис экан, гиламчилик орқасидан оилавий бизнесни йўлга қўйдик.

1997 йил “Ҳунарманд” уюшмаси Қарши шаҳар бўлимига аъзо бўлган Дамин Маматов ота касбини ҳеч муболағасиз санъат даражасига олиб чиқди. Уйидаги тасвир ва ўзгача ҳолатни кўриб, беихтиёр завқланиб, қадим ўзбек хонадонига келиб қолгандай бўлади, киши. Камёб гиламлар, уларнинг нақшларидаги ўзига хос рамзлар ҳам киши қалбида хотираларни жонлантиради.

– Мана бу “чумчуқ кўзи”, бу эса “дикдига”, – дейди ҳунарманд мени санъати билан таништириш мақсадида. – “Буғжама”, “мапраж”, “араби гилам”, “жулхўрс”, “ғажари”, “пойандоз” каби гиламлар. Буларнинг савдоси қандай дейсизми? Ҳозир харидорлар корхоналарда ишлаб чиқарилаётган турли ўлчамдаги гиламларга қизиқишади. Бизнинг гиламларни эса кўпроқ воҳамизга ташриф буюраётган сайёҳлар сотиб олади. Уларга буюртма асосида гилам тайёрлаб берамиз. Асосан, майда ўлчамдаги қоқма гиламчалар сайёҳларни кўпроқ қизиқтиради.

Демак, Дамин ака Маматов тўқиган гиламлар бугун қайсидир чет эл хонадонининг тўрида осиб қўйилган экан-да. Шунга айтсалар керак-да, ҳунар ўлмайди, деб. Ўзи бормаган жойларга тўқиган гиламлари – Ўзбекистон маҳсулоти бўлиб етиб борса-я… Шуни ўйларканман, кўнглимда истак пайдо бўлди. Сайёҳларни қизиқтирган гиламни мен ҳам кўргим келди. 1 квадрат метр ўлчамдаги бу мўъжиза ҳақиқатдан ҳам мақтовга арзигулик экан. Унинг ёнида эса “нонзалвори” осиб қўйилган. Бу доира шаклида тўқилган сават кўринишидаги уй-рўзғор буюмини баъзи жойларда “нонбардор” деб ҳам аташади. Мазкур уй-рўзғор буюми ўзининг нафислиги билан ҳам қизиқишимни уйғотди. Дамин акадан сўрадим:

Яна ўқинг:  Бор бўлинг, Ахтамқули

– Бу бежирим қилиб ишланган “асар” кимники?

Дамин ака бироз сукут сақлаб:

– Буни ёш ҳунарманд Жамшид Қувватов тўқиган, – дея жавоб берди.

Дамин акадан Жамшиднинг манзилини олдим.

“Каманди” маҳалласидан Жамшиднинг уйини топиб бордим. Мени ёш ҳунарманд­нинг ўзи кутиб олди. Жамшид Қувватов 2008 йил “Асрлар садоси”да ғолибликни қўлга киритган. “Ташаббус – 2009” ва “Ташаббус – 2010”ларда ҳам яхши натижа кўрсатган. Ҳовлига кирар эканман, кўзим бош уста, Жамшиднинг отаси Йўлдош бувага тушди. У киши кундалик юмуш билан оввора.

Қизиқиб сўрайман: – Ҳорманг, отахон! Нима тўқияпсиз?

– Нон ташиш учун сават ясаяпман, – дейди Йўлдош ота кўзини ишидан узмай. – Нон ўзининг асл кўринишини йўқотмайди-да. Бу нонзалворида нон ташиш жуда қулай.

Симларнинг орасидан хивчин ўтказиб чиқамиз. Шундай қилсак, нон ташилганда сифати ўзгармайди.

Кейин Жамшид мени ўзи тўқиган саватлари томонга бошлади. Дастлаб эътибор бермай ўтиб кетганимга бироз ўнғайсизландим. Дарвозахонанинг ўнг томонида осиб қўйилган турли хил анжомларни кўриб, кўзим қувнади. Яна бир бор ҳунармандларга ҳавасим келди.

– Мана бу бедана қафаси, – дейди Жамшид диққатимни олган усти ёпиқ қутичани кўрсатаркан. – Буниси ун сақлайдиган идиш. Бунда ун нам тортиб қолмайди-да. Бу эса сут сават. Булар болалар учун жуда қулай, – дейди у ликобчага ўхшаган майда доира шаклидаги маҳсулотни кўрсатиб. – Бунга ўйинчоқларини солиб қўйишади. Кейин бу чет элликлар учун ҳам яхши “сувенир”. Кўп сайёҳлар шундан харид қилишади. Биз ҳам майда буюмларимизни кўпайтираяпмиз.

Оилада акаси Нусратилло билан биргаликда ота касбини давом эттираётган ­Жамшид бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. Изланаяпти. Саватчилик ҳунарига ихлос қўйган бу йигит тадбиркорлик йўл-йўриқларини ҳам ўрганиб, маҳсулотни тобора харидоргир бўлишига ҳаракат қилмоқда. Қашқадарёнинг қирғоқларидан юлғун олиб келиб, гўзал ва бежирим санъат асарлари яратмоқда.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: