ДОКТОР ХАУС – ШЕРЛОК ХОЛМСДАН ИЛҲОМ ОЛАДИ

Мана бир йилдан буён “Ўзбекистон” телерадиоканали орқали намойиш этилаётган “Доктор Хаус” сериали барчани қизиқтириб қўйгани сир эмас. Назаримда, сюжетнинг қизиқарлилиги, тиббий масалаларнинг тафсилотлари, айниқса, мушоҳадали ҳазил ва таҳлилга бой диалогларнинг мавжудлиги бунга сабаб бўлган бўлса керак.

Сериални ҳар бир қисмини томоша қилар эканман, гарчи доктор Хаусни тушунишим қийин бўлсада, унинг янги қирраларини кўргандай бўламан. Лекин у инсон сифатида қандай бўлмасин, шу нарса аниқки, мутахассис сифатида ўз ишининг ҳақиқий устаси ва, албатта, энг асосийси инсон ҳаёти унинг учун биринчи ўринда.

Зеро, сериал сюжетларида Хауснинг ҳамкасбларига нисбатан қаттиққўллигини, уларга нисбатан нафсониятига тегиш, шахсий ҳаётига аралашиш, руҳини синдириш каби ҳаракатларни кўрсакда, бироқ Хаус улардан айрилгиси йўқ. Бу шунчаки Хауснинг яна бир қирраси. Унинг характеридир. Сериалдаги бу воқеалар шундай ёритилганки, биз Хаусни ёмон дея олмаймиз. Унга эътироз билдирмаймиз ҳам. Бу эса фильм сценарийсининг нақадар юқори савияда, юксак билим ва ақл билан ёзилганлигидан далолат беради. Сценарий муаллифининг иқтидори шундаки, сериалнинг барча халқлар учун бирдек аҳамиятли бўлиши учун қилган ҳаракатлари зое кетмаган. Ахир гап саломатлик, инсон ҳаёти ва тиббиёт янгиликлари ҳақида боради. Шунинг учун ҳам “Доктор Хаус” бутун дунё эътирофига сазовор бўлган бўлса керак.

Ишончим комилки, намойиш этилаётган қатор романтик сериаллардан фарқли ўлароқ бу фильмда илм, ақл, ўз ишига садоқат, мутахассис бурчи ва масъулияти каби тушунчалар биринчи ўринга қўйилган. Шу билан бирга инсоннинг ҳаётий воқеаларга романтик ё хаёлий эмас, айнан ҳақиқий реакцияси акс эттирилган.

Энди сериалнинг яратилиши хусусида тўхталсак. АҚШ киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Доктор Хаус” сериалининг илк қисми 2004 йилнинг 16 ноябрь куни “FOX” телеканали орқали эфирга узатилган бўлиб, 8 та мавсумдан иборат ушбу сериалнинг суратга олиш ишлари ҳалигача давом этмоқда. Телеканалнинг маълум қилишича, сериал бу йил якунига етади.

“Доктор Хаус” сериали беморлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган доктор ва унинг ёнидаги ҳамкасблари хақида. Сериалда инсонларнинг ўзаро муносабатлари, шифокорларнинг ташхис қўйиш жараёнидаги қийинчиликлари, инсонларнинг психологик ҳолатлари ёритиб берилган. Шунингдек, тиббиёт сериалнинг асосини ташкил этгандек туюлса-да, унда детектив воқеалар кўпроқ учрайди.

Яна ўқинг:  Болага “пора” чора бўлмасин

Буни қарангки, машҳур детектив Шерлок Холмс образи сериал учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган экан.

Ғоя муаллифи Дэвид Шорнинг айтишича, Хаус фамилиясини Холмсга ҳурмат маъносида атайин унга ўхшаш учун танлаган. Қизиқарли жиҳати шундаки, Шерлок Холмс 221-B рақамли хонадонда яшаган. Хаус эса 221-уйда истиқомат қилади. Сериалнинг 7-мавсумида Хауснинг ҳайдовчилик гувоҳномасидаги “яшаш манзили” деган жойда “Baker Street” манзили кўрсатилган. Ваҳоланки, бу кўчада Шерлок Холмс яшаган.

Шерлок Холмс бутун фильм давомида ҳамма нарсадан шубҳаланади, ҳеч кимга ишонмайди. Фақатгина кўзи билан кўрганларингга ишониш керак, деб ҳисоблайди. Хауснинг эса бир бора шогирдлари томонидан алданганлиги учун “ҳамма алдайди” ёки “бемор ёлғон гапиряпти” деган жумлаларни тез-тез ишлатади.

Холмс барча маълумотларни тўплаш учун жиноят жойидаги буюмларидан фойдаланишдан ҳам тап тортмайди. Хаус эса беморлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун уларнинг уйини ноқонуний равишда кўриб чиқаверади. Холмс ҳам, Хаус ҳам изқуварлардек ҳаракат қилишади.

Яна бир мисол, Хауснинг доктор Жеймс Вильсон билан дўстлиги Шерлок Холмснинг доктор Ватсон билан дўстлигини эслатади. Номлари ҳам бир-бирига яқин: Вилсон — Ватсон. Сериалда ушбу образни эслатадиган ўхшашликлар яна жуда кўп учрайди. Масалан, Доктор Хаус ҳам Холмс сингари мусиқа асбобларини чалишга ишқибоз ва ҳакозо.

Бевосита актёрлар жамоасига тўхталадиган бўлсак, сериалда Лиза Эдельштейн – Лиза Кадди, Роберт Шон Леонард – Жеймс Уилсон, Омар Эппс – Эрик Форман, Женнифер Моррисон – Эллисон Кэмерон образларини ижро этишган.

Доктор Хаус ролини маҳорат билан инглиз актёри Хью Лори ижро этган бўлиб, актёр бу роли учун 2006-2007 йилларда икки бор “Олтин глобус” мукофоти билан тақдирланган.

Майна ҲАСАНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: