Фидойилик саодати

Шифокор Гулсанам Ваҳобовани Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб борадиган барча тиббиёт ходимлари қўли енгил шифокор сифатида жуда яхши билади. Камтарин, ширин сўз, ўзгалардан ёрдамини аямайдиган меҳрибон бу аёл, узоқ йиллар аҳоли саломатлиги йўлида самарали меҳнат қилди.

Болаликдан оқ либос эгаларига бўлган чексиз ҳавас туфайли Гулсанам опа мактабда ўқиб юрган йилларидаёқ, шифокор бўлишни мақсад қилди. У Тошкент давлат тиббиёт институтига ўқишга кириб, ушбу билим даргоҳида соҳа бўйича ўз билимларини мустаҳкамлади. Устозлар изидан қолмай, улардан бу нозик касбнинг барча сир-асрорларини чуқур ўрганди, тажрибали мутахассис бўлишга интилди. Олийгоҳни тамомлагач, олган билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент педиатрия институтида ўқишини давом эттирди. Шунингдек, ёш мутахассис Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар болалар шифохонасида интернатурани ўтади. Устоз шифокорлардан олган билимларини амалда татбиқ этиб, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида самарали фаолият юритди. Кейинчалик Гулсанам опа Тошкент вилояти, Оҳангарон туман поликлиникасида шифокор, сўнгра, болалар бўлими мудири лавозимларида ишлади. Қолаверса, тажрибали мутахассис вилоятнинг болалар шифохонасида ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида пульмонология бўлимида болалар шифокори, сўнгра шу муассасада бош шифокор ўринбосари вазифасида меҳнат қилди. Болалар касалликларига аниқ ташхис қўйиш ва уни бартараф этиш бўйича жонбозлик кўрсатди. Шунинг учун Гулсанам Ваҳобовани таниган-билганлар қўли енгил, меҳрибон шифокор дея алқайди.

Танлаган касбига бўлган фидойилиги сабаб қаҳрамонимиз “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Тошкент вилоят филиалига раҳбар бўлиб келган дастлабки кунларданоқ ўз вазифасига сидқидилдан ёндошиб, ҳамкасблари меҳрини қозонди. Айниқса, Жумабек Нуров, Рухсора Аҳмеджанова, Исмоил Рустамов, Ойниса Мусурмонова, Фарҳод Матжонов каби фидойи инсонларнинг кўмаги билан кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлди.

– “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг минтақавий филиали эндигина ўз фаолиятини йўлга қўйган кезлар эди, ўшанда. Камчиликлар талайгина, аҳолининг тиббий кўрикка муносабати ҳам бугунгидай эмасди, – дейди Г. Ваҳобова. – Аммо саъй-ҳаракатларимиз сабаб тор доирадаги мутахассислар билан вилоятнинг чекка-чекка ҳудудларидаги аҳолини тиббий кўрикка жалб этишга эришдик. Бемор болалар рўйхатини шакллантириб, уларни фонд кўмаги билан буткул соғайиб кетишига баҳоли қудрат ўз ҳиссамизни қўшдик. Бугун қилган эзгу ишларимизни хотирлаб, ўтган умримдан рози бўламан.

Яна ўқинг:  DADAJON

Самарали меҳнати, фидойилиги туфайли Гулсанам Ваҳобова “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси”, шунингдек, мустақиллигимизнинг 20 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Юрт хизматига камарбаста бўлган Гулсанам Ваҳобова бугунги кунда шогирдларининг ҳурмати, фарзанд ва набираларининг қуршовида кексалик гаштини сурмоқда. Зеро, касбга, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатнинг мукофоти айнан ана шундай бўлади.

М. ЭШОНХОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: