Орамиздан оққан дарё
…Касалхонага ёки шифокорнинг ҳузурига борган бемор кўпроқ нимадан ташвишланиши тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Биринчидан, у жонига азоб бераётган дарддан тезроқ қутилишни ўйлайди. Қолаверса, даволашга киришган шифокорни малакаси, билими, инсоф ва диёнати ҳақида турлича ўй-фикрларга боради.
Ҳеч қандай муболағасиз айтадиган бўлсам, Самарқанд вилояти, Иштихон туманида яшаётган аҳолининг 85-90 фоизи бетоб бўлиб қолса, дастлаб, малакали жарроҳ, хушмуомала инсон Ширинбой Ҳасановни хаёлидан ўтказиши аниқ. Чунки, Ширинбой ака қандай ишни бошласа ҳам ўзини ўта эҳтиёткор тутади. Энг қалтис вазиятларда ҳам яхши натижадан умидини узмайди. Яхши гап, ширинсўзлик билан беморларнинг руҳий ҳолатини меъёрига келтиради. Қолгани эса қийин эмас.
2014 йил январь ойидан тобим қочиб, мен ҳам малакали жарроҳ Ширинбой Ҳасановни излаб келдим. Аслида биз Ширинбой ака билан худди ака-укадек танишмиз. Аммо кўришмаганимизга эҳтимол, ўн йилдан ҳам ошгандир. Ҳаёт шундай экан, начора.
– Ака, бу дард қайдан келди, билмайман, роса жонимга тегди, – дедим умидвор кўйда.
Ҳасанов стол устида турган тиббий ускуна ёрдамида қон босимим ҳамда юрагимнинг уришини етти-саккиз марта текшириб кўрди. Сўнгра билагимдан ушлаб бош бармоғи билан томиримни босди-да, санади. Дафтарига ниманидир ёзиб қўйди. Нафасини ростлагач, тушдан кейин яна бир марта келсангиз яхши бўларди, деди. Айтилган пайтга етиб келдим. Эрталабгидек, яна қайта-қайта текширди. Яна дафтарига нимларнидир қайд қилди. Энди дўстим, бир иложини топиб эртага эрталаб яна келасиз, сўнгги нуқтани қўямиз, деди. Эртасига эрталаб мени Ширинбой Ҳасановнинг хусусий шифохонаси ёнида бошқа бир шифокор кутиб олиб, туман марказий шифохонасининг терапия бўлимига бошлаб кетди. У киши ҳам беш-олти марта текшириб кўргач, мийиғида кулиб, қон босимингиз 120/80, юрак уришингиз нақд 80 та, бу инсон учун жуда яхши натижа, сиз соппа-соғсиз деди. Кейин иккаламиз бирга яна Ширинбой Ҳасановга учрадик. Мени текшириб кўрган шифокор қўлидаги қоғозчани Ширинбой акага узатар экан, ҳаммаси яхши эканлигини таъкидлаб, хонадан чиқиб кетди. Ҳасанов билан ёлғиз қолдик. У киши кутилмаганда “Сиз билан орамиздан ҳеч қандай гап-сўз ўтмаганми, мен эслолмаяпман” – деди.
– Нега сўраяпсиз, дўхтир, деган маънода у кишига қарадим.
– Менинг олдимда қаттиқ ҳаяжонланаяпсиз ёки мендан қўрқаяпсиз. Шунинг учун юрагингизда бироз қалтираш, томирларингизда билинар-билинмас титраш юз бермоқда. Йигирма мартадан ортиқ текширдим, барибир шу ҳолат такрорланмоқда. Бошқа шифокор текширганда эса қалтираш ва титраш ҳолати сезилмаган, – дея ётиғи билан тушунтирди.
Мен эсладим, янглишмасам, бундан йигирма йилча олдин тиббий соҳага оид мақола ёзиш мақсадида туманга келганимда, марказий шифохонанинг жонлантириш бўлими бошлиғи Эркин Дўстмуродов жарроҳ Ширинбой Ҳасановнинг операция хонасига олиб кирган эди. Жарроҳлик столидаги наркоз таъсирида ҳушсиз ётган бемор аёл кишининг ёши тахминан 40-42 ёшларда бўлиб, уни шифокорлар ўраб олишди. Жарроҳ Ширинбой Ҳасанов эҳтиёткорлик билан ишга киришди. Беморнинг қорин бўшлиғидан сал юқорироғини белгилаб, ювди, укол қилди. Сўнгра ўткир тиғ билан ишга киришди. Орада яна сурги дори ва уколлардан фойдаланди. Икки-уч дақиқа ўтиб, беморнинг қовурғалари остидан тахминан 15-16 сантиметр узунликда меъдага қараган ёриқ пайдо бўлди. Худди шу вазиятда мен бироз сескандим, вужудимни қўрқув босди. Шу-шу Ширинбой акани кўрсам, ушбу жараён кўз олдимга келади. Ҳаяжонланаман. Ваҳима босади.
Худди шу ҳолатни Ширинбой аканинг ўзига сўзлаб бердим.
– Тушундим, – деди Ҳасанов. Ҳаммасини тушундим. Сиз ушбу ҳолатни унутолмаяпсиз. Унутиш ҳам осон эмас. Сизни даволаш анча қийин кечади-ёв…
Хуллас, бир ҳафтача даволандим. Бу вақт мобайнида Ширинбой ака мен ётган палатага бир марта ҳам кирмади. Ҳаттоки, шифохона атрофида ҳам учрашмадик. Ҳамширалардан сўрасам, ҳаммаси жим. Шу атрофда юрган бўлса керак, деган гапдан нарига ўтмайди.
Касалхонадан чиқдим. Руҳан ва жисмонан анча енгиллашиб, қизғин ҳаётга киришиб кетдим. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, Ҳасанов телефон қилиб, шифохонасига бир бор келиб-кетишимни сўради. Бу гал кўчада учрашдик. Соғлиғим билан жиддий қизиқди.
– Мени тўғри тушунинг. Агарда ҳар куни сизнинг олдингизга кириб турганимда руҳиятингиздаги қўрқув аломатларини қайта уйғотиб юборар эдим. Шунинг учун соғлиғингизнинг тикланишини четдан назорат қилиб туришга мажбур бўлдим, – деди.
Ўшанда жарроҳнинг тутган йўлига қойил қолдим. Шу билан у кишининг бошқа ҳамкасбларидан яна бир фарқли жиҳатини англаб етдим.
Бундан 15 йилча илгари шифохонага меъдасидан қон кетаётган оғир аҳволдаги бемор келтирилди. Операция қилиш учун туман Тиббиёт бирлашмасининг имконияти талабга жавоб бермайди. Беморнинг аҳволи эса соат сайин ёмонлашмоқда. Ҳеч ким жарроҳлик қилишни бўйнига олмайди. Ширинбой ака чидаб туролмади. Масъулиятни бўйнига олиб, беморни операция столига ётқизди ва ишни қойилмақом тарзда охирига етказди. Орадан бир кун ўтиб туманимизга Соғлиқни сақлаш вазири шахсан ташриф буюриб, бирлашмамиз ҳолати билан танишди. Қишлоқ шароитида бундай қалтис жарроҳлик амалиётини ўтказиб, беморга қайта умид бағишлаган Ширинбой акага чин дилдан миннатдорлигини билдирди…
…Ёз фасли бошланиши билан қишлоғимизга келдим. Эртаси куни эрталаб қишлоқ врачлик пункти ходимларидан совуқ хабар эшитдим – малакали шифокор, қўли енгил жарроҳ Ширинбой Ҳасанов 65 ёшида тўсатдан вафот этибди…
Марҳумнинг жанозасига келиш насиб қилмаган бўлса-да, дўстларим билан хонадонига ўтдик. Ҳовлиси, унинг атрофи, яқин орадаги йўллар таъзияга келганлар билан “лиқ” тўла. Ҳаммаси Ҳасановни эслаяпти, у киши ҳақида яхши сўзлар айтмоқда.
…Бу беш кунлик дунёга одамлар меҳмон каби келиб, кетаверади. Кўп қатори марҳум жарроҳ Ширинбой Ҳасановдан оиласи, дўстлари, касбдошлари ҳамда халқимиз учун битмас-туганмас бойлик – юзлаб шогирдлар, тиббий соҳа ривожи билан боғлиқ илмий-амалий изланишларнинг юксак самараси ўлароқ катта тажриба, ўгит, инсоф ва диёнат, жавонида тўлиб-тошиб ётган беҳисоб китоб-дафтарлар қолди. “Соғлиқни сақлаш аълочиси” деган фахрли ном, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Мустақилликнинг 20 йиллиги” кўкрак нишони, шунингдек, шифокорнинг қўлидан шифо топган минг-минглаб замондошларимизнинг дуолари бизга Ширинбой Ҳасановнинг дунёга келиб, чақмоқдек яшаб ўтганлигини эслатиб туради.
Нормурод МУСАМОВ,
журналист