Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тажриба фаолияти

«Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган қўшма мажлисида илгари сурилган эди. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов ўз маърузасида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида» Қонун қабул қилиш зарурлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Бу ўз навбатида фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб беришини ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтирган бўлур эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан маърузада айтилган ушбу фикрлар «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг концептуал асосини ташкил этди. Ҳозир ушбу қонун лойиҳаси ҳаёт талабларини ҳисобга олган ҳолда маромига етказиш арафасида турибди. Унда фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар ҳақида хабардор этиш тартиб-таомиллари назарда тутилмоқда.

2013 йил 20 мартда мамлакатимиз Президентининг Қонун лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисида Фармойиш қабул қилинди. Ушбу йўл-йўриқ Ўзбекистоннинг ҳуқуқий амалиётида энг янги ва ноёб тажриба учун асос ва имкон яратиб берди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисидаги Фармойишининг бажарилиши жойларда аҳолининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан янада яқин алоқа ўрнатишига кўмаклашади.

Ҳозирда мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини чуқур демократик ислоҳ қилиш, эркинлаштириш жараёни амалга оширилмоқда. Бундай шароитда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш жуда муҳим аҳамият касб этади. Ҳокимият барча шахслар учун очиқ бўлиши, улар билан икки томонлама алоқа воситаларига эга бўлиши, уларнинг муаммоларини билиши лозим. Ана шундагина биз адолатли демократик жамият қура оламиз, аҳолининг кенг қатламларини мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнига жалб эта оламиз.

Аҳолининг ахборотдан эркин фойдалана олиши учун кенг имконият яратмасдан, жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни ҳал этишда халқнинг фикрини мунтазам ҳисобга олиб бормасдан, чинакам демократияни тасаввур этиб бўлмайди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш, кучли ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қуриш жараёнида аҳоли барча қатламининг масъулияти, даҳлдорлиги ва тўлақонли иштирокини таъминлаш имконига тўлиқ эриш учун ахборотдан эркин фойдаланишни таъминлаш керак.

Яна ўқинг:  Профилактика – саломатлик омили

Бугунги кунда шу масалаларни ҳал этиш мақсадида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг Бухоро ва Самарқанд вилоятлари давлат ҳокимияти органлари негизида ҳуқуқий эксперименти ўтказиляпти. Ушбу қонун лойиҳаси принципларини, қоидаларини амалиётда ишловдан ўтказиш билан бир қаторда унинг ҳокимият субъектлари ва бошқарув тузилмалари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга доир нормалари самарадорлигини баҳолашга, қонун лойиҳасининг ҳаётийлигини таъминлашга қаратилган.

Бунда ҳуқуқий экспериментнинг асосий вазифалари қуйидагилардан, яъни:

– қонун лойиҳасининг давлат органлари фаолиятининг очиқлигини, ошкоралигини, улардан оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари кенг фойдаланишини таъминлашга қаратилган нормаларининг самарадорлигини аниқлаш;

– қонун лойиҳаси нормалари ва қоидаларини такомиллаштириш, уларни самарали қўллаш механизмларини яратиш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнига ҳуқуқий эксперимент усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

– давлат органлари раҳбарлари ўзлари қабул қилаётган қарорларнинг, аввало, бевосита одамлар, жамоатчилик манфаатларига дахлдор масалалар бўйича қабул қилинаётган қарорларнинг мазмун-моҳиятини матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказиш, интервьюлар бериш орқали тушунтириш ишларида фаол иштирок этишини рағбатлантиришнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, усулларини маромига етказишдан иборат.

Синов жараёнида журналистлар касбий фаолияти соҳасининг (касб одоби кодексининг) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини, мамлакат ташқи ва ички сиёсатини ёритишда миллий матбуотнинг сифатини, самарадорлигини мунтазам ошириб боришга қаратилган турли механизм­лари амалиётда синовдан ўтказилади.

Шунингдек, лойиҳаси нормалари амалга оширилишининг давлат бошқаруви тизими барқарор фаолият юритишига, бу соҳадаги ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўрсатиши мумкин бўлган таъсири оқибатлари баҳоланади.

Шуни эътироф этиш лозимки, республикамиз ҳуқуқий амалиётида жорий этилган ушбу эксперимент биринчи марта ўтказилмоқда. Бу усулнинг қўлланилиши мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини барча ҳолатда рўёбга чиқаришга янада кенг имкониятлар яратиши баробарида мамлакатимизда қонунчилик назарияси билан бир қаторда ҳуқуқ амалиётини янада такомиллаштириш жараёнида янги қадам бўлиб, ҳаётий қонун ишлаб чиқилишида жуда катта аҳамият касб этади.

Мавжуда РАЖАБОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: