Инсонпарварликнинг юксак намунаси

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси,

13-моддасидан

 

Инсон манфаатларини таъминлаш давлатимиз ва жамиятимизнинг бош мақсадидир. Бағрикенг халқимизга хос, юксак умуминсоний қадриятларга мос бўлган инсонпарварлик тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилаётир.

Зеро, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, бу муқаддас Ватанда азиздир инсон!

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Сенати томонидан шу йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Азалдан билмай хато қилганни ёки қилмишидан пушаймон бўлганларни кечириш, уларга яна имкон бериш халқимизга хос бағрикенглик фазилатларидандир. Амнистия акти замирида ҳам шундай буюк инсонпарварлик мужассам. Бундай бағрикенглик ва кечиримлилик, айниқса, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганларни қайта тарбиялаш, соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим аҳамият касб этади.

– Амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қабул қилиниши давлатимиз инсонпарварлигининг, бу йўлда олиб борилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ҳамда социал-иқтисодий ислоҳотлар изчиллигининг ёрқин намунаси бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси вазифасини бажарувчи Олимжон ҲАЙИТОВ. – Амнистия актининг айрим тоифадаги шахсларга нисбатан қўлланилиши катта ижтимоий ва тарбиявий аҳамият касб этади.

Қарорда аёлларни, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркакларни жазодан озод этишга алоҳида эътибор қаратилган. Чет давлатлар фуқаролари, қонунда белгиланган тартибда I ёки II гуруҳ ногиронлари деб топилган шахслар, бошқа тоифадаги қатор фуқароларни (айрим чекловларни ҳисобга олган ҳолда) жазодан озод этиш назарда тутилган. Амнистия тўғрисидаги қарор татбиқ этилмайдиган шахслар тоифалари ҳам белгиланган.

Сенат қарори қўлланилиши тартиби белгиланиб, унда амнистия ҳужжати бўйича жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод этилиши лозим бўлган шахсларга нисбатан ишлар ҳамда материалларни судда кўриб чиқиш тартиб-таомили белгилаб берилди. Таъкидлаш керакки, қарор ижроси суд томонидан қўлланилаётгани инсон ҳуқуқларини суд орқали самарали таъминлашни кафолатлаш механизмини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қарор ижросини ўз вақтида изчил таъминлаш мақсадида судлар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда барча зарур чора-тадбирларни амалга оширишга киришган.

Яна ўқинг:  Офтоб каби мангу – эзгулик

Амнистия акти ошкоралик асосида қўлланилиши учун бу жараёнда жамоатчилик назорати таъминланади. Бу борада сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлари амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши, қарорни ижро этиш тартиб-таомиллари очиқ-ошкоралигининг таъминланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этади.

– Амнистия акти улкан профилактик, ижтимоий ва тарбиявий аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари Зафар РЎЗИЕВ. – Қарорда муайян тоифадаги шахсларни нафақат жавобгарликдан ва жазодан озод қилишни, балки уларни даволаш, бандлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш борасидаги бошқа қатор муҳим тадбирлар кўзда тутилган. Бу йўналишда биз Соғлиқни сақлаш, Меҳнат вазирликлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият юритамиз. Жазодан озод этилиши кутилаётган шахслар рўйхатга олиниб, уларга барча зарур ёрдам кўрсатилади. Уларнинг ҳаётга мослашиши, келгусида жамият равнақи йўлида ҳалол меҳнат қилиб, тўғри йўлдан оғмаслиги учун жамоатчилик имкониятларидан унумли фойдаланилади.

Қарор ижросининг тегишли идора ва ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва самарали ижро этилиши жазодан озод этилиши кутилаётган шахслар, уларнинг оила аъзолари ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бу жамиятда инсонпарварлик тамойили мустаҳкамланиши, барқарорлик таъминланишига замин яратади.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: