Саодатли из

Шундайлар бор: камтарин, камгап,

Кўпларини англамаймиз биз.

Улар учун энг аввал Ватан,

Сўнг яхшилар ташвиши азиз.

 

Шоир минг бора ҳақ. Ҳаёти давомида ўз садоқати ва хизматлари билан Ватанни рози этиб, атрофдагилар, яъни, дўсту биродарлари, ҳаммаслагу ҳамкасбларига таянч бўлиб яшаган кўп инсонлар ўтган. Устоз Зоҳид Арабов ана шундай инсонлардан бири эди.

Агар Қашқадарё вилояти, Қарши туманидаги 3-умумтаълим мактаби тарихи ҳақида гап кетгудек бўлса, ҳеч шубҳасиз, у кишининг исми биринчилар қаторида тилга олинади. Зоҳид домла қирқ йил ана шу таълим масканининг эзгу ташвишлари билан яшаб келди. Математика фани ўқитувчиси, мактаб директори лавозимларида ишлади. Мактабнинг ибратли ишларида ҳамиша ўз сўзи, улуши ва ўрни билан ажралиб турди. Ҳамкасблари билан тажриба алмашиш мақсадида нуфузли конференцияларда қатнашиб, муаммоли мавзуларда маърузалари билан соҳа вакиллари эътиборини тортди. У кишининг устозлигида кўплаб шогирдлар таълим соҳасига, амалий ишга парвоз қилдилар.

– Инсон жамиятда қайси соҳада фаолият кўрсатмасин, касбига нисбатан садоқати, муҳаббати билангина баланд марраларни забт этади, – дейди устознинг қизи Фотима опа. – Отам касбига, оиласига нисбатан талабчан, тўғрисўз инсон эдилар. У киши ҳар бир ишга масъулият билан ёндашар, атрофдагилардан ҳам шуни талаб қиларди. Шунинг учун нафақат мактабда балки, маҳалла, эл орасида ҳам ҳурмат-эътиборга эга инсон эдилар. Ҳаётда барча қийинчиликларни енгишдаги кучни касбига бўлган чексиз муҳаббатидан олдилар.

Фотима опа йигирма бир йил Қашқадарё вилоят Онкология диспансерида катта ҳамшира лавозимида ишлади. Бу ерда хавфли саратон касаллиги билан оғриган турли ёшдаги беморларни кўрди. Хасталикнинг насл суришига, инсоннинг соғлиғига ўз вақтида эътибор бермаслиги ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигига гувоҳ бўлди. Ҳеч ким саратонга чалинмасин экан. Бемор бу касаллик билан курашаётганда, уларнинг дардини руҳан ҳис қилди, қалби зирқиради. Аммо, буни беморга билдирмади, унга далда берди. Ҳозирда опанинг ўғли Аслиддин Тошкент Давлат Юридик университети талабаси.

Мақоламиз қаҳрамони – халқ таълими аълочиси, меҳнат фахрийси Зоҳид Арабов касбдош ҳамда умр йўлдоши Саломат Темирова билан 7 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказди. Улар ҳам зиёли ота-онаси каби халқ хизматига камарбаста бўлишмоқда. Катта ўғил Акромжон ака ва турмуш ўртоғи Мусалламхон Қарши шаҳридаги Имконияти чекланган болалар махсус мактаб интернатида узоқ йиллар ўқувчиларга она тили ва адабиёти фанидан сабоқ беришди. Улар айни пайтда нафақада. Тўнғич қиз Сижоат опа ва Зуҳрахон Қарши шаҳридаги 1-сонли туғруқхонада доя сифатида чақалоқларнинг соғ-саломат дунёга келиши учун сидқидилдан меҳнат қилдилар. Устознинг яна бир қизи (охирати обод бўлсин) Ҳусния опа география фани ўқитувчиси эди. Домланинг меҳнати сингган мактабда келинлари Феруза опа рус тили ва адабиёти, Умидахон кимё фанидан дарс бермоқдалар. Набиралари Зилола ва турмуш ўртоғи Каримжонлар Қарши шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида математика, информатика фани ўқитувчилари.

Яна ўқинг:  Жаҳон чемпионати бошланди

Ҳа, инсон саломатлигини тиклашга хизмат қилиш, ёш авлодга таълим-тарбия бериш, уларни илм-фаннинг нурли йўллари сари етаклаш эзгу иш. Айниқса, бу иш холис ният, ҳалоллик каби инсоний фазилатлар билан йўғрилган бўлса…

Ҳаётда саодатли из қолдирган, касбига садоқати, меҳнати билан ҳурмат-эътибор топган инсон тимсолини Зоҳид Арабов мисолида кўришимиз мумкин.

Дилафрўз ЗАЙНИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: