Тил – миллатнинг бош белгиси

Она тили – миллат бирлиги ва бирдамлигининг тимсоли. У миллат деб аталмиш бирликни ягона халқ сифатида ўз атрофида бирлаштиради, дунёда борлигини таъмин этади.

Миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилганига бу йил 27 йил тўлди. Ана шу муҳтарам сана арафасида филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудовнинг ўктам ва ўлмас тилимиз – ўзбек тилининг бугунги аҳволи, тил илми ва таълими билан боғлиқ масалалардаги фикрлари билан қизиқдик.

 

Устоз, ҳар йили юртимизда 21 октябрь ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун, она тилимизнинг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаган Қонун қабул қилинган сана сифатида тантана қилинади. Сиз шу қонуннинг тайёрланиш жараёнида бевосита иштирок этгансиз. Келинг, суҳбатимизни мазкур тарихий ҳужжатнинг қабул қилиниши, унинг аҳамияти борасидаги фикрларингиз билан бошласак.

– Ўзбек тили ер юзидаги энг бой ва қадимий ёзма анъаналарига эга тиллардан биридир. Унинг илдизлари тарихнинг минг йилликлари қаърига бориб тақалади, ана шундай чуқур манбалардан қувват ва қудрат олади. Бу тил бугунни мозий билан, аждодларимизнинг беназир тафаккури ва тахайюли маҳсули бўлмиш ақлий ва бадиий инкишофлари билан мунтазам боғлаб турувчи қўпорилмас кўприкдир. Бу тил ўзбекнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган бебаҳо бойлиги, ўзлигининг ўзаги, “мен”лигининг мағзи мақомидаги муҳташам мулкидир. Яқин ўтмишимиздаги истибдод даврида ўзбек тилининг ягона ватани бўлмиш Ўзбекистонда бу тилнинг ҳақ-ҳуқуқлари бениҳоя беписандлик билан поймол қилинди, унинг қўлланиши “қизил қуюшқон”га солинди, у расмий мулоқот майдонига йўлатилмади. Албатта, бундай муносабат халқнинг, миллатнинг ҳамиятига қилинган тажовуз эди ва бу халқ қалбидаги адоқсиз оғриқ эди.

Демоқчиманки, ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги масаланинг кун тартибига чиқиши шунчаки муаллақ тасодифнинг тақозоси эмас, балки халқ қалбидаги асрий оғриққа малҳам топиш, тарихий адолатни тиклаш йўлидаги жиддий ва жасур саъй-ҳаракатларнинг, таъбир жоиз бўлса, ибтидоси эди.

Албатта, мазкур қонуннинг тайёрланиши ва қабул қилиниши, осонлик билан бўлган эмас. 1988 йилда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун лойиҳасини тузиш бўйича тилшунослар, ҳуқуқшунослар, адиблар ва бошқа тегишли мутахассислардан иборат комиссия тузилган. Мен ҳам шу комиссиянинг аъзоси сифатида унинг ишида иштирок этганман. Республиканинг ўша пайтдаги раҳбарияти топшириғи ва қатъий талабига кўра “Тиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳозирланиб, матбуотда эълон қилинганди. Аммо бу лойиҳа кенг жамоатчиликнинг ҳақли ва жиддий эътирозига сабаб бўлди. Чунки мазкур лойиҳа, номидан ҳам кўриниб турганидай, бир тил ҳақида эмас, балки бир нечта тиллар ҳақида бўлиб, мамлакатда ўзбек ва рус тилларига давлат тили мақомини беришни қоидалаштирилган эди. Албатта, лойиҳадаги икки тиллилик ғояси беҳад қизғин баҳс-мунозараларда, кенг омма ўртасидаги муҳокамаларда ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Дангал айтиш лозимки, қонун лойиҳасидаги икки тиллилик ғоясига Биринчи Президентимиз Ислом Каримов барҳам берди. Бу қонуннинг шу шаклда тайёрланиши ва қабул қилиниши бевосита у кишининг номи ва фаолияти билан боғлиқ. 1989 йилнинг 23 июнида Ўзбекистоннинг Биринчи раҳбари сифатида Ислом Каримов иш бошлади. Ўша пайтдаги вазият қанчалик мураккаб, қалтис, қанчалик таҳликали бўлмасин, нафақат марказ, балки ўзимиздаги икки тиллиликнинг тарафдорлари қанчалик бўлар-бўлмас шовқин-сурон қилишмасин, Ислом Каримовнинг ташаббуси ва кўрсатмаси билан янги қонун лойиҳаси тайёрланди, унда икки тиллилик ғояси бартараф этилди. Фақат ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш қоидалаштирилди, шунинг учун қонун лойиҳаси ҳам тўғридан тўғри “Давлат тили ҳақида” деб номланди. Юртбошимиз раҳнамолигида тайёрланган ва қабул қилинган мазкур қонун ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш билан бир қаторда Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари дадил қўйилган илк амалий қадамлардан бири бўлганлигини таъкидлаш лозим. Ўзбек тили озод Ўзбекистоннинг давлат тили эканлиги ҳақидаги қоида Асосий Қонунимизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Яна ўқинг:  Шогирдларим ютуғи

 

Ислом Каримовнинг таъбири билан айтганда, “ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди”.

 

Юртимизнинг турли миллатга мансуб фуқаролари ўзбек тилини давлатимизнинг муқаддас тимсоли сифатида ўрганмоқдалар, бу тилда гаплашмоқдалар, унга юксак эҳтиром кўрсатмоқдалар. Бу тимсол барча кишиларимизнинг бир юрт фуқаролари сифатида бирлашувига хизмат қилмоқда. Бу ҳолат, табиийки, ўзбек тили ривожининг жадаллашувига, бадиий-тасвирий имкониятларининг янада кенгайишига ҳам кўмак бермоқда. Яна шуни ҳам мамнуният билан айтмоқ жоизки, Асосий Қонунимиз ва “Давлат тили ҳақида”ги қонунимиз асосида мустақил мамлакатимизда ҳеч кимнинг, бирон-бир бошқа миллат вакилининг кўнглига ҳеч бир иштибоҳ солмайдиган, ҳамиятига тегмайдиган, ҳар қандай демократик тамойилларга мос келадиган, бениҳоя холис ва оқилона тил сиёсати шаклланган. Юртимизнинг турли миллатга мансуб фуқаролари ўзбек тили билан бир қаторда ўз она тилларини ҳам мукаммал ўрганмоқдалар, давлат тилидан ташқари турли тиллардаги таълим, даврий нашрлар, телевидение ва радио дастурлари мунтазам йўлга қўйилган.

 

Тилни миллатдан, миллатни тилдан ажратиб бўлмайди. Шунинг учун халқимизда “Тил – миллат кўзгуси”, “Тил – миллатнинг руҳи” тарзидаги ҳикматнамо гаплар бор. Айтингчи, тил ва миллат тушунчаларини яхлит тасаввур қилиш тил таълимида, хусусан, она тили таълимида қандай муҳимлик касб этади?

– Тил миллатнинг бош белгиси, асос унсури эканлиги ҳақидаги гап фақат шаклга дахлдор эмас, тил миллатнинг мағзи ва моҳиятига дахлдор тушунчадир. Тил илмида ўзига хос ўчмас из қолдирган, дунё тилшунослигини янги ўзанларга буриб юборишга замин ҳозирлаган олмон алломаси Вильгельм фон Гумбольдтнинг: “Менинг миллатим тилининг доиралари менинг дунёқарашимнинг доираларини билдиради”, – деган гаплари бугун жаҳон тилшунослигида шаклланиб улгурган “лисоний маданиятшунослик” йўналишининг асосини ташкил этмоқда.

Зотан, “миллий онг”, “миллий дунёқараш”, “миллий тафаккур”, “миллий руҳ”, “миллий менталитет” каби залворли тушунчаларни тилсиз, тилдан ташқарида тасаввур этиб бўлмайди. Бу тушунчаларсиз эса миллат деган бирликнинг тасаввури имконсиздир. Тил ва тафаккур бир-бири билан шунчалик боғлиқки, уларнинг бирисиз иккинчиси мавжуд бўлолмайди. Ўша В. Гумбольдтдан бошланган ва бугун аксарият тилшунослар томонидан эътироф этилган қарашларга кўра тил тафаккурнинг қандай бўлишини тайин этади, айтиш мумкинки, инсон дунёни ўз тили мантиғидан келиб чиқиб, яъни тили билан идрок этади, эшитади ва кўради. Ҳар бир халқнинг, миллатнинг ўзига хос, тилига уйғун миллий тафаккур тарзи мавжуд. Тил ва миллат, демакки, халқнинг диалектик бирлиги жуда ҳам яхлитдир. Тил, айниқса, она тили таълимида бу бирликнинг мунтазам идроки тарбиясининг заруриятини тушунтириш қуёшнинг борлиқдаги аҳамияти ҳақида гапиришдай ортиқча бир ишдир. Она тили таълимида буни ўқитувчи бирор он унутмаслиги шарт.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОН – БАҒРИКЕНГ ДИЁР

 

– Бугун она тили таълими бўладими, хорижий тилларни ўрганиш бўладими, ўқувчиларнинг лисоний компетентлигини ўстириш ўқитувчи олдидаги устувор вазифа сифатида баҳоланмоқда. Бу борада махсус ўқув дастури ҳам синовдан ўтказилмоқда. Айтингчи, ўқувчининг лисоний лаёқатлилик даражасини ўстиришда ўқитувчиларимиз алоҳида эътибор беришлари лозим бўлган жиҳатлар нимада?

– Ҳар қандай тил таълимининг, айниқса, она тили таълимининг пировард мақсади ўқувчини тилдай синоатли оламга олиб кириш, бу оламни унинг ўзиники қилдириш ва унда ҳеч бир мушкулотсиз, нафақат мушкулотсиз, балки ҳузур ва ҳайрат билан эркин ҳаракат қилмоқ лаёқатини таркиб топтиришдан, ана шундай малака соҳибини тарбиялашдан иборат. Табиийки, ўқувчининг лисоний лаёқатлилик даражасини шакллантириш ва ўстириш бирдан бўладиган иш эмас, бунга ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам жиддий ҳаракат қилмоғи, астойдил киришмоғи лозим. Бунинг учун ўқитувчи мунтазам ва тадрижий тарзда иш олиб бормоғи мақсадга мувофиқ. Мазкур муаммонинг мақбул ечимларини топиш билан машғул бўлган назариётчи ва амалиётчи мутахассисларнинг бу борадаги махсус таклиф ва тавсиялари мавжуд, бу таклиф ва тавсиялар асосида таълим тизимида аниқ ишлар олиб борилмоқда.

Менинг назаримда, ўқувчининг лисоний лаёқатлилик даражасини ўстиришда она тили ўқитувчиси тилнинг шаклий хусусиятларидан кўра унинг маънавий-эстетик, миллий-ментал жиҳатларига кўпроқ эътибор берса, яхши бўларди. Ўқитувчи тилни фақат алоқа қуроли сифатидагина эмас, балки шу билан бирга уни мураккаб дунёни билиш, англаш, кўриш, эшитишнинг муҳташам воситаси сифатида ҳам англатмоқни ният қилмоғида фойда бор. Бунинг учун ўқитувчи фақат дарслик билан чегараланиб қолмаслиги керак, дарсликда бу жиҳатларни батафсил баён қилишнинг имкони йўқ. Ўқитувчи, энг аввало, тилнинг моҳиятидаги менталлик, миллийлик, эстетиклик, эмоционаллик каби хусусларни тугал тасаввур этмоғи, бу хусусларни боланинг идрок имкони даражасидан келиб чиқиб, унинг шуурини зўриқтирмаган ҳолда бола онгига сингдириш йўлларини излашдан чарчамаслиги зарур.

 

Ёрқинжон ОДИЛОВ суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: