Тиббиёт ютуқлари ва инсон саломатлиги

Пойтахтимизда сурункали бош мия қон айланиши бузилиши билан боғлиқ касалликлар диагностикаси ва уларни даволашнинг самарали технологияларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент тиббиёт академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Италия, Польша, Австрия, Жанубий Кореянинг соҳа мутахассислари иштирок этди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, кейинги йилларда аҳоли орасида сурункали бош мия қон айланиши бузилиши туфайли келиб чиқадиган инсульт хасталиги кўпайиб бормоқда. Бу муаммони бартараф этиш учун профилактика ва диагностика тадбирлари кўламини кенгайтириш, илм-фанни янада ривожлантириш зарур.

Мамлакатимизда жаҳон тиббиётининг замонавий йўналишларидан бири – ангионеврология соҳаси изчил ривожланмоқда. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг вилоят бўлимлари, Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик марказида бундай хасталикка чалинган беморларга ўз вақтида малакали ёрдам кўрсатиш учун барча шароит яратилган.

Тошкент тиббиёт академияси иккинчи клиникасининг ангионеврология бўлими ҳам ана шу йўналишда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатаётган етакчи тиббиёт муассасаларидан бири саналади. Замонавий диагностика ва даволаш воситалари билан жиҳозланган мазкур бўлимда ҳар йили қарийб етти минг нафар фуқарога консультатив ва мингдан зиёд беморга даволаш ёрдами кўрсатилади. Жумладан, тўрт юздан кўпроқ бемор юқори технологиялар воситасида, кам инвазив усулда операция қилинади. Тиббиёт амалиётига замонавий компьютер томографияси, ангиографияси каби усулларнинг кириб келгани касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш сифатини яхшилашга хизмат қилаётир.

Шу билан бирга инсон саломатлигига жиддий таҳдид туғдирадиган ва ногиронликка олиб келадиган бундай оғир хасталиклар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида профилактика ва диагностика чора-тадбирларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Умумий амалиёт шифокорлари, неврологлар, кардиологлар, қон-томир тизими касалликларини даволовчи жарроҳлар бу борада изчил иш олиб бормоқда.

Анжуманда ангионеврология йўналишида илм-фан эришаётган ютуқлар, бу борада жаҳон тиббиётида қўлланилаётган янги технологиялар, аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтириш, бош мия хасталикларини барвақт аниқлаш, олдини олиш ва ўз вақтида даволаш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган маърузалар тингланди. Илм-фан ва жаҳон тиббиётининг ушбу соҳадаги ютуқлари юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Алимов иштирок этди.

С. ОЧИЛОВ

Яна ўқинг:  ОЛИЙ МАҚСАД – тинч ва обод турмуш

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: