Мактабгача таълим: Болажонлар экологияни қандай ўрганади?
Мамлакатимизда экологик маданиятни ривожлантириш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори идораси, «SVB Advisory» Британия-Ўзбекистон барқарор ривожланиш компанияси ва Ўзбекистонда экологик маданиятни тарғиб қилувчи «Hashar Week» ижтимоий лойиҳаси билан биргаликда мактабгача таълим тизимида экологик таълим ва тарбияни жорий этиш бўйича пилот лойиҳани бошлади. Ушбу лойиҳа тақдимотига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
– Сўнгги йилларда атроф-муҳит билан боғлиқ муаммо ва масалалар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Экологик таълим ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни шакллантириш соғлом жамият ва барқарор давлат сиёсати қурилишида зарурий қисмга айланиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин. – Мактабгача таълим ташкилотларида педагог кадрларнинг салоҳиятини ошириш мақсадида ўтган йилнинг декабрида Тошкент шаҳридан танлаб олинган 13 та мактабгача таълим муассасасининг 50 нафар тарбиячиси учун ўқув-семинарлар ўтказилди.
Ўқувларда тарбиячилар мактабгача ёшдаги болаларнинг экологик таълими доирасида хулқ-атвор психологияси техникаларига ўқитилиб, «Қизиқарли чиқинди» дастурининг ўқитиш услуби билан яқиндан танишишди. Барқарор ривожланиш соҳасида билим олишди.
– Бугунги кунда чиқинди муаммоси нафақат юртимиз, балки бутун дунёни ташвишга солмоқда. «Қизиқарли чиқинди» дастурининг асосий вазифаси ўсиб келаётган ёш авлодга экологик таълим-тарбия бериш, чиқиндиларни турларга кўра ажратишдир. Семинарларда олган билим ва кўникмаларимни ўз иш фаолиятимда қўлладим. Болажонлар катта қизиқиш билан қатнашишди, – дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 504-мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Арофат Рўзматова.
Лойиҳа доирасида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар Координаторининг идораси танлаб олинган 13 та боғчага беговел (болалар педалсиз велосипедини) тақдим этади.
– Беговел ёрдамида болаларга эрта ёшдан бошлаб координация ва мувозанатни ушлашни ўргатиш мумкин. Ушбу техниканинг афзаллиги боланинг оёқ мушакларини мустаҳкамлаш, велосипедда машқ қилиш учун самарали тайёргарлик жараёни имкониятларини оширишдан иборат, – деди Велоспорт федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев.
Болаларни ёшлигиданоқ экологик маданият ва таълимга ўргатишни мақсад қилган «Қизиқарли чиқинди» лойиҳаси бутун республика бўйлаб барча МТТларда жорий этилиши кўзда тутилган.
Ўз мухбиримиз