Урганч манзаралари: кеча ва бугун

Болалигим собиқ тузумнинг сўнгги йилларига тўғри келган. Ҳар йили ёзги таътилни Хоразмда бувимнинг уйида ўтказар эдим. Мактабни тамомлагач, ўқишга кирдим. Бухорода ҳарбий хизматни ўтадим. Қисқаси, ишлар билан бўлиб, анча йиллар Урганчга бора олмадим.

Яқинда йўлим тушиб Хоразмга бордим. Тўғриси, болалигим ўтган кўчаларни, Урганч шаҳрини кўриб, умуман таний олмадим. Ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари сабаб шаҳар бутунлай янгича қиёфа касб этибди. Буларнинг бари мамлакатимиздаги улкан ислоҳотлар, улуғвор ўзгаришлар, тинчлик, осойишталик шарофати эканлигини ич-ичимдан ҳис этдим.

Болалигимда оёқ яланг юрган кўчаларни айландим. Бувим яшайдиган уйнинг бир томони “Ёшлик” кўли (собиқ “Комсомол” кўли), бир томони Шовот канали эди. Амударёдан Шовотга, ундан анҳорга, ундан кўлга сув оқиб келиб қуйиларди. Кўлнинг сув қуйиладиган жойи болалар чўмиладиган энг севимли маскан ҳисобланарди. У пайтлар шаҳарда бирорта ҳам ёпиқ сув ҳавзалари йўқ эди. Биз болалар чўмилиш жойидан катталар сузиб келаётган оролчани томоша қилардик. Менга у оролчалар жуда сирли туюларди.

Бир куни раҳматли бувим тоғамга қайиқ олиб келишни тайинлади. Биз ҳаммамиз унга ўтириб, кўлни сайр қилдик ва ўша оролчада тўхтадик. У ер қум барханлари, тиканак гуллар, янтоқ билан тўла эди. Баъзан ёнимиздан калтакесаклар югиргилаб ўтиб қолар, бузовбошлар қумни ёриб чиқиб, яна унга сингиб кетарди.

– Бузовбош чақадими? – сўрайман тоғаваччам Ўткирдан.

– Ялаб кетса, шишиб чиқади, оғритади, – жавоб қилди у.

– Бу ерда илонлар ҳам борми? – дея сўрайман қайноқ қумни суриб жой очаётган тоғамдан.

– Анави қамишлар орасида бўлиши мумкин, – дейди у олдимиздаги қуюқ қамишзор томон ишора қилиб.

– Илон ва бузовбош одам келган жойдан қочади, – дейди мени хотиржам қилиш учун бувим.

Бувим раҳматлик халқона иссиқ қум муолажасини хуш кўрарди. Тоғам уларни қумга кўмиб, ўзи чўмилгани кетди. Ўткир унга эргашди. Холам бўлса, бувимнинг бошида соябон тутиб, аста китоб ўқишга тушди. Мен эса илон, чаёнлар чақишидан қўрқиб, чўмилгани ҳам бормасдан уларнинг ёнида ўтирибман.

– Қум одам вужудидаги барча касалликларни олади. Соябон тагига кир, сенга бир эртак айтиб бераман, – деди бувим.

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар

Бувим менга Хива шаҳрининг мана шундай қумлар устида бунёд этилгани ҳақида ҳикоя айтиб берди. Эртаксимон музей шаҳарнинг ана шундай қум устида қурилганига ишонмадим…

Истиқлол туфайли бу оролчада ҳам улуғвор ўзгаришлар бўлганини эшитиб, у томонга ўтдим. Ўша кимсасиз масканга бувимнинг уйи ёнидан кўприк қурилибди. Ёйсимон кўприкнинг чиройли панжараларига суяниб, гўзал оролчаларни узоқ-узоқ томоша қилдим. Бувимнинг ривоятлари гўё қулоғим остида жаранглагандек бўлди.

Оролчаларнинг бирида мамлакатимизнинг гўзал тарихий шаҳарлари – Хива, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз манзаралари акс этган бўлиб, йўлаклари барқ уриб, бўй таратиб турган анвойи гуллар, дарахтлар билан безатилган. Иккинчи оролчада эса юртимизнинг тоғли манзаралари акс этган бўлиб, у ерни кесиб ўтган поезд йўллари болаларни сирли эртаклар оламига етаклаши, шубҳасиз. Тоғ ичидаги ғорда эртак қаҳрамонлари тасвирланган. Яна бир томонда эса болалар ўйингоҳлари ишлаб турибди. Мени бир пайтлар ваҳимага солган кимсасиз оролчада болаларнинг қувноқ товушлари жаранглайди. Биллур булоқ сувлари билан безанган шаршараларни томоша қилгач, “Елкан” номли кема-кафега аста бош суқдим. Бу ерда болалар ота-оналари билан музқаймоқ еб, атрофни завқ билан томоша қилишмоқда. Оппоқ биллурдек аркадан чиқиб, Шовот канали томон йўл олдим.

 

Ўтмишсиз келажак йўқ

Шарифбой тоғам Шовот каналининг бўйида жойлашган кўп қаватли уйда яшар эди. Каналнинг энг обод жойи шу ер бўлган. Тоғаваччам Ўткирбек билан бинонинг тепасига чиқиб олиб, Урганч манзараларини томоша қилардик. У пайтлар шаҳарда саноқлигина кўп қаватли уйлар бўларди. Шовотнинг дарё янглиғ ёйилиб оқиши, бизга завқ-шавқ бағишларди.

Шарифбой тоғам биз болаларни дам олиш кунлари Шовотга чўмилишга олиб борарди. Унинг бўйлари қумлик, тиканаклар ўсган, дам олувчилар ташлаб кетган шиша идишлар билан тўла, бир сўз билан айтганда, қаровсиз аҳволда эди.

Ҳурлик туфайли Шовот канали атрофида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини ўтмиш билан қиёслаб, қалбим тоғдек юксалди. Асфальт йўллар, йўлакларни ёритиб турувчи чароғон чироқлар, иккала қирғоқни туташтирувчи замонавий кўприклар. Энг асосийси, болаликдан меҳр қўйган қаҳрамоним номидаги Жалолиддин Мангуберди майдони ва у ерда жасур ўғлоннинг тимсоли акс этган ҳайкал, ер юзидаги биринчи қўл ёзма бизнинг юртимизга дахлдор эканлигини тасдиқловчи “Авесто” майдони ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бу китоб ҳақидаги фикрлари, қадимий тарихни ифодаловчи музей Шовот бўйларини ўзига хос тарзда безаб турибди. Бу оламшумул ўзгаришларни кўриб, қадимий қўлёзмада тилга олинган эзгу сўз, эзгу фикр, эзгу амал ғояси бардавом эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Яна ўқинг:  Яхна ичимликлар: унинг сифатига ким жавоб беради?

Шовот бўйларини саёҳат учун мўлжалланган махсус кемада айланиб чиқдим. Ободонлаштирилган саккиз километрлик қирғоқ бўйи ҳудуди, замонавий бинолар, боғу роғлар киши ҳайратини оширади. Бу ердан шаҳарнинг марказий майдонига ўтиб, ал-Хоразмий ёдгорлиги пойига таъзим бажо келтирдим. Болалигимда орзу қилган қаҳрамонларнинг қадр топганидан кўнглим тоғдек кўтарилди.

 

Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ВА ҲЕч қачон кам бўлмаймиз

Бир пайтлар бувим дугонасини йўқлаб борадиган темир йўл бўйидаги пастқам, жин кўчаларни кўриш учун ўша ёққа бурилдим. Бугун у кўчалардан асар ҳам қолмабди. Унинг ўрнида бир-бирига уйғун ҳолда қурилган замонавий ҳовлилардан иборат “Ёшлик” кўчаси қад ростлаган. Ўн гектар ерни эгаллаган “Ёшлик” спорт мажмуаси ҳам шу ерда жойлашган экан. Марказнинг замонавий сузиш ҳавзасини кўриб, беихтиёр болалигимизда чўмилиб юрган қаровсиз кўлни эсладим. Бадиий гимнастика билан шуғулланаётган қизларнинг гўзал ҳаракатларини томоша қилиб, мамлакатимиз Биринчи Президентининг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч қачон кам бўлмаймиз” деган сўзлари хаёлимдан ўтди. Миллий кураш тўгарагида шуғулланаётган ёшларни кузата туриб, юртдошларини озод қилган буюк Паҳлавон Маҳмуд кўз олдимга келди.

У ердан чиқиб, Урганч Олимпия заҳиралари коллежига кирдим. Барча шароит ва имкониятларга эга билим масканида таҳсил олаётган бахтли ёшларни кўриб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиши шарт” деган сўзларини эсладим. Дарҳақиқат, улар орзулаганидек бугунги ёшлар бахт-саодат қучоғида, давлатимиз ардоғида ўсиб-улғаймоқда. У ердан ўтиб, аэропорт йўли – ал-Хоразмий кўчасига чиқаман. Замонавий услубда бир-бирига уйғун ҳолда қурилган кўп қаватли уйлар, турар-жой бинолари яна болалигимни эслатади. Кенг ва равон йўллар, гўзал чироқлар кечалари Урганч шаҳрига янада гўзаллик, осойишталик ва улуғворлик бахш этиб турарди.

Бир сўз билан айтганда, қадимий Урганч шаҳрида амалга оширилган асрларга татигулик ўзгаришларни, бунёдкорлик ишларини кўриб, Ўзбекистондек жаннатмакон юртнинг фарзанди эканимдан қалбим чексиз ғурур ва ифтихорга тўлди.

Жавлон САЪДУЛЛАЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: