ИЛМ НУРИ ЁРИТГАН УМР ЙЎЛИ

“Киши қалбининг нури илм ва маърифат ила бақувватдир. Инсониятнинг қадри илм билан ҳосил бўлади”, деганида буюк аллома Саъдий Шерозий нақадар ҳақ эди.

Қадимдан зиёли инсонларга меҳри бўлакча бўлган халқимиз уларни қадрлаб “китоб кўрган” дея алқашган. Ана шундай ўзининг машаққатли меҳнатлари эвазига элда азиз бўлиб, устоз деган шарафли номга сазовор бўлган бухоролик Ҳабиба Қараева ҳам том маънода бахтли юртдошларимиздан биридир. Асли Хирс қишлоғида туғилиб ўсган Ҳабибахон мактабда аъло ўқиши, хулқи одоби ва ташаббускорлиги билан устозлари назарига тушди. Кимё фанига бўлган қизиқиш уни Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)га етаклади. Талабалик даврида ҳам севимли машғулоти китоб мутолаа қилиш унга бир олам завқ бағишлар эди. Тинимсиз ўқиб-ўрганишлар, кутубхоналардан зарур илмий адабиётларни топиб ўқиш, тунларни тонгларга улаб, мавзуга доир рефератлар ёзиш Ҳ.Қараеванинг келгусидаги устозлик фаолияти учун мустаҳкам замин яратди. Чунки, ўқитувчи ҳамиша шиддатли ва тезкор замон ҳамда ахборот асрида ҳамиша ўқувчилардан бир қадам олдинда юриши зарур.

Ҳ.Қараева салкам чорак асрдан буён ўқувчиларга кимё фанидан сабоқ бермоқда. Кўп йиллик тажрибага эга, билимдон ва юқори малакали кимё фани ўқитувчисининг шогирдлари ҳозирда дунё миқёсида нуфузли мусобақаларда хорижлик ўқувчилар билан беллашиб, ўзларининг ҳеч кимдан кам эмасликларини исбот қилмоқда.

Бола оила муҳитида ота-онасига эргашади. Кўп болали оиланинг бош фарзанди бўлган Ҳабибахон меҳнаткаш ва оғир вазмин отаси Бебит ака ҳамда қўли гул чевар, ҳунарманд, тиниб-тинчимас онаси Норсултон опанинг оғирини енгил қилиб, укалари ва синглиси тарбиясида уларга елкадош бўлишга ҳаракат қилди. Уй ва дала юмушларидан ортиб, олдига олий маълумотли мутахассис бўлишни қатъий мақсад қилиб қўйди. Шу эзгу орзусининг амалга ошиши учун китобларни қўлидан қўймай ўқиди. Ота-онасининг дуолари ва ўзининг сабр-тоқат-ла қилган саъй-ҳаракатлари натижасида у талабалик мақомига эришди. Устозлари ишончини оқлади. Қишлоқдошлари олдида юзи ёруғ бўлди. Ҳозирда унга нафақат қишлоқдошлари балки кўпгина юртдошларимиз ҳам ҳавас қилса арзийди.

Халқимизда “палаги тоза” деган ибора бор. Бу иборани лавҳамиз қаҳрамонига ҳам қўлласак бўлади. Зеро, уни ота-онаси ҳалол луқма билан тарбиялади.

Ҳабибахон дастлаб иш фаолиятини 1990-йилда Пешку туманидаги 1-сонли мактабда бошлаган. Олий тоифали кимё фани ўқитувчиси Ҳ. Қараева Жондор туманидаги 20-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернатида ўқувчиларга сабоқ бера бошлаган даврдаёқ ўқитувчи психолог ҳам бўлиши зарурлигини англаб етган эди. У доимо ўқувчиларга дўстона муносабатда бўлиб, уларнинг қалбига йўл топишга ҳаракат қилади.

Яна ўқинг:  Oiladagi sog‘lom muhit

Доимо янгиликка интилувчан иқтидорли ўқитувчи Ҳ.Қараева 1999 йилда республикада “Янги педагогик технология” мавзусида ўтказилган ўқитувчилар учун конференцияда олий ўринни эгаллади.

Устознинг меҳнатлари самараси шогирдлари ютуқларида акс этади. 2003-2004 ўқув йилларида Ҳ.Қараеванинг ўқувчиси Анвар Сариев халқаро Менделеев олимпиадаси саралаш-синов босқичларида иштирок этиб, Тошкент тиббиёт академиясига имтиҳонсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди. Муҳриддин Шаҳриев ҳам талабчан устозининг ишончини оқлади. У нафақат вилоят ва республика миқёсидаги фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этди, балки кимё фани бўйича нуфузли халқаро 42-Менделеев олимпиадасида бронза медали соҳиби бўлди. Бу соврин унга Москва шаҳридаги Ломоносов университетига имтиҳонсиз ва имтиёзли равишда ўқишга киришига имкон берди.

Хусусан, ўтган беш йил давомида Ҳабибахон Қараеванинг шогирдлари вилоят фан олимпиадасида ўн битта, “Билимлар беллашуви” нинг вилоят ва республика босқичларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Жамоат ишларида фаол, тиниб-тинчимас устоз Ҳ.Қараева ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан муносиб тақдирланди. 2010 йилда у “Йил аёли” миллий танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлди.

2013 йил Ҳабибахон ҳаётида унутилмас йил бўлди. У “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида кимё фани бўйича 1-ўринни қўлга киритди.

Ҳ.Қараеванинг аёл ва устоз сифатидаги муваффақиятларида унинг турмуш ўртоғи Қобил ака Ҳамроевнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Чунки, ҳар бир инсоннинг оиласида ҳаловат ва кўнглида хотиржамлик бўлсагина, шунингдек, яқинларининг руҳий мадади ва қўллаб-қувватлашларини ҳис этиб яшасагина у улкан мақсадлар сари дадил одимлайди. Қобил ака ҳам зиёли инсон. Бухоро вилояти Алоқа бошқармасида катта муҳандис бўлиб ишлайди. Ота-онасининг китобга бўлган айрича меҳри ва илму зиёга бўлган интилишлари бу оилада камол топган тўрт нафар қизнинг тарбиясига ижобий таъсир этди.

Оиланинг бош фарзанди Сафурахон фармацевтика олийгоҳини муваффақиятли тугаллади. Маҳбубахон эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро муносабатлар” факультети магистратура босқичи талабаси. У инглиз тили фанидан ўтказилган республика олимпиадасида 1-ўринни эгаллади ва университетга имтиҳонсиз қабул қилинди. Жорий йилда Маҳфузахон Ҳиндистоннинг биотехнологияга ихтисослаштирилган университетига грант асосида ўқишга қабул қилинди. Кенжатой Нилуфар ҳам билимдон опалари изидан боришга интилмоқда. Ҳозирда у коллеж талабаси.

Юртимизда меҳнат қилиб, элда эъзоз топаётган бахтли оилалар бисёр. Биргина лавҳамиз қаҳрамони муаллима Ҳабиба Қараева тимсолида юртдошларимизнинг ҳур Ўзбекистонда мустақиллик ва мамлакатимиздаги тинчлик, фаровонлик туфайли саодатли умр кечираётганини кўриш мумкин. Зеро, озод ва обод ўлка фарзандларига ҳамиша омад ёр бўлаверади.

Яна ўқинг:  ФАВВОРАЛАР фаровонлик тимсоли

Гулчеҳра ШИРИНОВА,

Бухоро вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: