Хорижлик шифокорлар юртимиз ҳудудларида соғломлаштириш акциясида иштирок этди

Юртимизда аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Зеро, соғлом оила – соғлом бола демак. Соғлом бола эса миллат келажаги, мамлакат эртасидир. Мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган эзгу ишлар, изчил ислоҳотлар она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш билан бирга, баркамол авлодни вояга етказишда ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Эътиборлиси, ушбу эзгу ишларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Мазкур фонд жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, оилаларда соғлом авлоднинг туғилиши ва тарбияланиши учун ёшларда юксак масъулият ҳиссини шакллантириш йўлида кенг қамровли ишларни амалга ошириб келмоқда. Фонд миллий ва хорижий шериклар билан ҳамкорликда қатор инсонпарварлик дастурлари, жумладан, ўзбекистонлик болаларни дунёнинг энг илғор клиникаларида даволаш бўйича лойиҳаларни ҳаётга кенг татбиқ этиб келмоқда.

Куни кеча Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида “Фарзанд табассуми – оила қувончи” деб номланган хайрия акцияси бўлиб ўтди. Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Туркия шифокорлари Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида яшовчи юз соҳасидаги туғма ва куйишдан кейинги асоратлар, юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсони бўлган 300 дан зиёд бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди. Кўрик натижаларига кўра, 100 дан зиёд бола жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилиши режалаштирилди.

– Фарзандим Юлдузхонда тана куйиши асорати бор, – дейди марғилонлик Расулжон Мажидов. – Бугун ўтказилган тиббий кўрикда шифокорлар унга аниқ ташхис қўйиб, жарроҳлик амалиёти билан соғломлаштириш мумкинлигини айтишди. Бундай ғамхўрлик учун ҳукуматимиздан миннатдормиз.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ўтган йили туркиялик шифокорлар иштирокида 381 нафар ўғил-қиз чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, 109 нафар бемор болада жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Худди шундай акция Навоий вилоятида ҳам бўлиб ўтди. Унда Жанубий Кореянинг Инха университети госпитали шифокорлари аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Жанубий Кореянинг Инха университети госпитали мутахассислари ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган тиббий кўриклар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Икки кун давом этган тиббий текширувларда фонднинг вилоят ҳудудий филиали мутахассислари хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш баробарида, турли хасталикларни аниқлаш, ташхис қўйиш, даволаш ва тавсиялар беришга алоҳида эътибор қаратди.

Яна ўқинг:  МУКАММАЛЛИК САРИ ЎҚИ

Инха университети госпитали шифокорлари ташхиси асосида жорий йилда Кармана туманида яшовчи Моҳинисо Сатторова Корея Республикасида даволаниб қайтди. 2 нафар беморга эса Германия давлатида даволаниш учун йўлланма берилди.

– Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат томонидан аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга доимий эътибор қаратилаётгани таҳсинга лойиқ, – дейди Жанубий кореялик шифокор Шин Йонг Бак. – Инсон саломатлиги йўлида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар албатта ўзининг юксак самараларини беради.

Тиббий кўрик давомида аниқланган касалликларни келтириб чиқарувчи омилларга қарши курашиш юзасидан аҳолига зарур тавсиялар берилди.

 

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: