Бошланғич таълим – келажакнинг муҳим пойдевори

Педагог юнонча сўз бўлиб, “бола етаклайман” деган маънони англатади. Устоз, педагог қалб қўрини, ақл-идрокини, билими ва тажрибасини келажак авлод – фарзандларимизнинг илмли, маънавиятли бўлиши учун сарф этади. Уларнинг ютуқларидан қувонади, улар учун қайғуради.

Устозларининг гўзал инсоний фазилатларидан, уларнинг ҳар бир амалидан ибрат олиб педагоглик касбига чин дилдан меҳр қўйган Насибахон Бердибоева ҳам ана шундай инсонлардан ҳисобланади.

Онаси Намихон Матчонова умумтаълим мактабида она тили ва адабиёт фанидан сабоқ берган. Насиба онасининг эртанги кун иш режасини тузиш ҳамда уйқусиз тунларига гувоҳ. Ўз ишини севган кишигина ана шундай ҳаёт кечиради.

– Оиламизда олти нафар фарзанднинг беш нафари бугунги кунда ўқитувчилик касбини эгаллаган. Энг биринчи устозим онам бўлса, мактабда Гулсара опа Жуманиёзова, олий ўқув юртида педагогика-психология фани ўқитувчиси Жамила Абдужабборова, бугунги кунда бўлим мудиримиз Марат ака Шомуротов ўзининг талабчанлиги билан ҳар бир ишни охирига етказишга ўргатганлигини айтишим лозим, – дейди Насибахон Бердибоева. – Аёл кишини қўллаб-қувватлаб турувчи умр йўлдоши ҳамда яқинларининг борлиги унинг омад калитидир. Турмуш ўртоғим Турсунбек Ҳайитбоев шифокор. Ўғлимиз Шахриёрни жисмонан соғлом вояга етказишда уларнинг кўмагига суянаман, албатта. Иш фаолиятимда ҳам у киши мени қўллаб-қувватлайди.

Насиба Бердибоева Навоий вилояти Учқудуқ тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими бошланғич таълим методисти вазифасида фаолият юритаётганига унча кўп вақт бўлгани йўқ. У давлат томонидан ёш мутахассислар учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб ўз иқтидорини намоён этиб, муваффақият қозониб келаётир.

Ёш мутахассисга бошланғич таълим методисти сифатида таълим сифат ва самарадорлигини оширишда, янги ахборот ва педагогик технологияларни қўллашдаги ташкилотчилик қобилияти қўл келмоқда. Таълим жараёнида болаларнинг тасаввурларини кенгайтириш, ҳаёт ва атроф-олам тўғрисидаги тушунчаларини шакллантиришда “Бумеранг” методи, яъни эртаклар, айниқса, ўзбек халқ эртаклари, дидактик ўйинлар энг яхши тарбия намунаси бўлишини, шу боис дарс жараёнида қайта ва қайта эртакларга мурожаат қилиш, интерфаол методлардан фойдаланиш лозимлигини таъкидлайди. “Математика фанидан 1-синфлар учун методик тавсия”, “Математика дарсларида тенгламаларни ечиш методикаси”, “Зинама-зина” ва “Балиқ скелети”, методик усули, “Бошланғич таълимни ривожлантиришда педагогик технологиянинг моҳияти ва муаммолари”, “Табиатшунослик дарсларида инновацион педагогик технологиялардан фойдаланиш”, “Айиришнинг қулай усуллари” ва бошқа қатор мавзудаги методик тавсия ва дарс ишланмаларидан таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқитувчилари дарс жараёнларида таълим сифатини оширишда унумли фойдаланиб келмоқдалар.

Яна ўқинг:  ОЛИМПИАДАГА ЯНА ЕТТИТА ЙЎЛЛАНМА

Шунингдек, Насиба Бердибоева томонидан бошланғич синф ўқитувчиларининг кўплаб илғор иш тажрибалари оммалаштирилган.

Ёш педагог ташаббуси билан бошланғич синф ўқитувчилари учун “Интерфаол методларни дарс жараёнида татбиқ қилишнинг аҳамияти”, “Баркамол авлод – таянчимиз ва суянчимиз”, “Бошланғич таълимда замонавий илғор педагогик технологияларни дарс жараёнларида қўллашнинг ижобий томонлари”, “Тил – миллат кўрки”, “Тежамкорлик сабоқлари” ва бошқа мавзуларда вилоят ва туман миқёсида ўқув семинарлари ташкил этилиб, уларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Ташаббускор ўқитувчи ўз билимини бойитиш учун кундалик таълим нашрларидан тортиб электрон порталларгача мурожаат қилади. Янгиликка интилувчан бу ёш мутахассис ўзининг камтарлиги, тўғрисўзлиги ва талабчанлиги билан ишчи ходимлар ва ўқитувчилар ўртасида ҳурматга эга.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

Навоий вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: