“Қора оқсоқ” ёки бруцеллёз қандай хасталик?

“Қора оқсоқ” уй ҳайвонлари ўртасида кенг тарқалган касалликлардан бири бўлиб, ушбу хасталикка одамлар ҳам тез-тез чалинади.

Инсонларда касаллик кўпроқ сурункали кечади ва беморни узоқ муддатга иш қобилиятини йўқотишига ва ҳатто, ногиронликкача олиб келади.

1886 йилда касаллик қўзғатувчисини биринчи марта кашф этган инглиз ҳарбий врачи Брюс шарафига хасталик бруцеллёз номи билан атала бошланган. Бугунги кунда бруцеллёз қўзғатувчисининг 6 тури ва 17 биовари аниқланган.

Ҳар бир турдаги бруцелланинг ўзига хос манбаи бўлади. Масалан, йирик шохли ҳайвонлар бруцелла-абортуснинг асосий ўчоғи ҳисобланади. Бруцелла-мелитензиснинг асосий манбаи эса майда шохли ҳайвонлардир (қўй, эчкилар). Улар баъзан йирик шохли ҳайвонларда ҳам учраб туради. Бруцелла-суис билан кўпроқ чўчқалар хасталанса, бруцелла-канис итларда, бруцелла неотома эса каламуш ва сичқонлар орасида тарқалган.

Маълумки, “қора оқсоқ” касаллигига ҳамма уй ҳайвонлари сезгир бўлади. Хасталлик юқишида айниқса, майда шохли ҳайвонларнинг аҳамияти катта. Бруцеллёзга чалинган ҳайвонлар ўз вақтида назоратга олинмаса, касаллик кенг тарқалишига замин яратилади. Шунингдек, ушбу касаллик кўпчилик фермер, бўрдоқичилик ва шахсий хўжаликларда, майда ва йирик шохли ҳайвонлар биргаликда сақланганда ҳам осонгина юқади. Бундай шароитда инфекция майда шохли ҳайвонлардан йирик шохли ҳайвонларга ўтиб, вазият кескинлашишига сабаб бўлади.

Майда шохли ҳайвонлар ўчоғи эпидемиологик жиҳатдан инсонларга катта хавф туғдиради. Бунда асосан қўй ва эчкилар касаллик манбаи бўлиб хизмат қилади.

Ҳайвонлардан бруцеллалар ташқи муҳитга сўлак, сут, қон, жинсий аъзолар суюқлиги, плацента(йўлдош) ва чала туғилган қўзичоқ, бузоқ орқали ажралади ва теварак-атрофни бурецеллалар билан ифлослантиради. Касаллик хизматчиларга асосан ҳайвонларни боқишда ва парвариш қилиш натижасида юқади. Хасталик шунингдек, ҳазм аъзолари ва мулоқот йўли орқали ҳам ўтади.

 Бруцеллёзнинг ўткир тури ва яширин даври майда шохли ҳайвонлар ўчоғида 3-6 ҳафтагача давом этади.

 Касаллик аста-секин (50 фоиз), баъзан ўткир (38,5 фоиз) ва камдан кам ҳолларда билинар-билинмас (11,5 фоиз) даражада бошланади. Кўпинча хасталик 30 кунгача, баъзан эса 2 ойгача давом этади. Беморда ҳароратнинг кўтарилиши, терлаш, тез чарчаш, эт увишиши, асабийлашиш (20,5 фоиз) ва мушакларда оғриқ (23,9 фоиз) туриши кузатилади. Шунингдек, тери ва ташқи шиллиқ парда рангининг оқариши ва камқонлик, ҳароратнинг ошиб кетиши, тилни оқ караш қоплаши ҳам кузатилади. Касалликка хос белгилардан бири юқори ҳарорат бўлиб, у кўпинча тўлқинсимон (37 фоиз), фебриль ҳолда (20 фоиз), турғун (15 фоиз), ўзгарувчан (18,3 фоиз) ва субфебриль (2,9 фоиз) даражада бўлади. Одатда ҳарорат 7-12 кунгача пасаймайди.

Яна ўқинг:  АНТИҚА КОНТАКТ ЛИНЗАЛАР

Касалликнинг ярим ўткир турида юқоридаги клиник белгилардан ташқари, ретикуло-эндотелиал тизимида периферик лимфа безларнинг катталашиши, жигар ва талоқнинг шиши рўй беради. Ҳаракат ва таянч аъзоларда артралгия, оёқнинг йирик бўғимларида оғриқ сезилиши, қўл бўғимларида артрит белгилари, миозитлар (мушаклар яллиғланиши) (10 фоиз) ва бўғимлар ҳаракатининг чекланиши кузатилади.

Асаб тизимида уйқусизлик, бош оғриши, ишиорадикулитлар, радикулитлар, неврит ва плекситлар учрайди. Жинсий ва таносил аъзоларида орхит, орхоэпидимит, аёлларда ҳайз кўришнинг бузилиши, бола тушиши ва муддатидан илгари туғиш ҳоллари рўй беради.

Касалликнинг асосий манбаини ҳисобга олган ҳолда профилактика чора-тадбирлари бир неча қисмдан иборат бўлиши зарур. Бруцеллёзга қарши эпизоотик, эпидемиологик, умумий санитария чора-тадбирлари хасталикнинг салмоғи ва қайси минтақада тарқалганлигини ҳисобга олган ҳолда олиб борилади.

Эпизоотик чора-тадбирлар деганда хўжаликда турли хил қишлоқ хўжалик ҳайвонларини бруцеллёз бор-йўқлигига лаборатория текширувидан ўтказиш ва ҳисобга олиш тушунилади. Бу ишлар умумий ва шахсий хўжаликларда бир хил олиб борилиши керак.

Ветеринария хизматининг асосий вазифаларидан бири мусбат серологик натижа берган ҳайвонларни дарҳол хўжаликдан ажратиши зарур. “Қора оқсоқ”га нисбатан лаборатория манфий натижа берган ҳайвонлар орасида махсус чоралар ўтказиш, яъни уларни касалликка қарши эмлаш лозим. Айниқса, қўзилатиш мавсуми даврида бола ташлаган майда шохли молларни ҳисобга олиш, йўлдошни бруцеллёзга лаборатория усулида текширишни йўлга қўйиш, дезинфекция тадбирларини амалга ошириш ва қўзилатиш мавсумида иштирок этаётганлар билан “қора оқсоқ” касаллигининг профилактикаси бўйича суҳбатлар ўтказиш хасталикни олдини олишда муҳим ўрин тутуди.

Эпидемиологик чора-тадбирлар эпизоотик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда режалаштирилади. Хасталик манбаини ўз вақтида аниқлаш ва касал бўлган ҳайвонларни бошқа жойга ажратиш, хўжалик ишчи ходимлари орасида профилактик чоралар кўриш, мабодо хасталик аниқланса, уларни дарҳол текшириш ва тегишли даво чораларини тайинлаш шулар сирасига киради. Тиббиёт ва ветеринария ходимлари орасида ўзаро ахборот беришни йўлга қўйиш, эпизоотик ва эпидемиологик назоратни кучайтириш, бемор аниқланган оила аъзоларини, шахсий ва фермер хўжаликлари ва ҳайвонлар маҳсулотлари билан қайта ишлайдиган корхоналарнинг ишчиларини брусцеллёз бор-йўқлигига текшириш каби чоралар талаб қилинади.

 

Ҳусан САПАРОВ,

тиббиёт фанлари номзоди,

Республика ДСЭНМ “Ўта хавфли юқумли касалликлар” бўлими мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: