Фармацевтика соҳаси – юксалиш палласида

Мамлакатимиз 2014–2015-йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016–2017-йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олди.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо республикалар орасида 1-ўринни банд этганини эшитиб, шу юртнинг фарзанди эканимдан қувондим. Бу шунчаки эътироф эмас, балки обод юртнинг дадил одимларига берилган юксак баҳодир.

Чиндан ҳам юртимизнинг қай бир жабҳасига назар солманг, ундаги ислоҳотлар замирида юксалиш ва тараққиётни кўриш мумкин. Барча соҳалар каби тиббиёт тизимида босқичма-босқич амалга оширилаётган янгиланишлар шулар жумласидандир. Айниқса, тиббиётнинг муҳим бўғини ҳисобланган фармацевтика соҳасини жадал ривожлантириш, миллий фармацевтика бозорини сифатли дори воситалари билан таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар замирида ҳам аҳоли саломатлигига бўлган эътибор мужассам.

“Sharq tabibi”, “Фитопассит” препаратларининг бальзам, капсула, қиём ҳамда таблетка дори шаклларини ҳам ана шундай миллий маҳсулотларимиз сирасига киритиш мумкин. Мазкур препаратлар “Маҳаллий доривор ўсимликлар хомашёси асосида юрак қон-томир ва седатив таъсирига эга дори воситалари технологиясини ишлаб чиқиш” мавзусидаги олиб борган илмий изланишларимиз натижасида юзага келди. Зеро, беморларни даволашда ҳар томонлама самарали бўлган табиий дори воситаларининг янги авлодини яратиш соҳанинг узлуксиз муҳим вазифаларидан саналади.

Илмий ишимда илк бор юрак-қон томир тизимини рағбатлантирувчи ҳамда седатив таъсирга эга биологик фаоллиги аниқланган мураккаб таркибли биофаол моддалар асосида вегетатив-қон томир дистонияси ва неврастения касалликларига қарши такомиллашган дори препаратлари таркиби, технологияси босқичма-босқич ўрганилиб, хусусан, янги оригинал мураккаб таркибли дори воситалари – “Sharq tabibi” бальзами, унинг қуруқ экстракти, таблеткаси ҳамда “Фитопассит” седатив қиёми, қуруқ экстракти, капсуласи яратилди. Уларнинг физик-кимёвий, технологик, биофармацевтик, фармакалогик, фармакокинетик хоссалари ўрганилди ва амалиётда қўллашнинг илмий асослари ёритиб берилди.

“Sharq tabibi” таркиби оддий тоғрайҳони, кийик ўти, сохта янтоқ ўти, қалампир ялпиз, қора чой барглари, дўлана, наъматак мевалари, қизилмия илдизи ва 32 фоизли этил спиртидан иборат. “Фитопассит” таркибида эса арслонқуйруқ ўти, валериана илдизи ва илдизпояси, қулмоқ, дўлана, наъматак, қора зира мевалари бор. Тадқиқот жараёнида технологик, физик, кимёвий, биофармацевтик, фармакологик, фармакокинетик усуллари ва замонавий компьютер дастурларидан фойдаланилди. Натижаларнинг ижобий ва самарали жиҳатлари замонавий математик, статистик, таҳлилий усуллар ва клиник текширувлар асосида амалий синовдан ўтказилди. Препаратлар фармокотерапевтик фаоллиги бўйича хорижий препаратларга ўхшаш таъсирга эга эканлиги, олиб борилган таҳлиллар асосида ҳар томонлама асослаб берилди. Тегишли меъёрий ҳужжатлар тасдиқланиб, ихтирога Республика интеллектуал мулк агентлигининг патенти олинди. Айни пайтда “Sharq tabibi” бальзами “Galenika” масъулияти чекланган жамияти, “Фитопассит” седатив қиёми эса “Ўзкимёфарм” акциядорлик жамияти корхоналари томонидан ишлаб чиқарилмоқда.

Юртимиз жаннатмакон диёрдир. Унда униб-ўсаётган гиёҳларнинг кўпгина тури доривор хусусиятга эга. Ана шу шифобахш ўсимликларни пухта ўрганиш, уларни етиштириш кўламини кенгайтириш, бу борада тадқиқот ишларини олиб бориш айнан фармацевтика соҳасининг долзарб вазифаларидан бири саналади.

Кўп йиллик изланишларимиз замирида юртимизда соҳага, жумладан, биз ёшларга қаратилган эътиборнинг ўрни катта. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 14 августдаги “Ўзбекистон Республикасида тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда мазкур фаолиятга тегишли қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳам соҳа ривожи учун муҳим дастур бўлди. Тажрибали, илм йўлининг том маънодаги эгалари бўлган устозларимизнинг йўл-йўриқлари, кўрсатмалари эса тизимни янги босқичга кўтарилишига замин яратди. Айниқса, ушбу ютуқларнинг қўлга киритилишида Тошкент фармацевтика институти ректори, профессор Аҳмад Юнусхўжаев, “Фармацевтика ишини ташкил қилиш” факультети декани, профессор Ҳикмат Зайниддинов, илмий ишлар бўйича проректор, профессор Рустам Тўлаганов, профессор Умархон Азизов каби кўплаб устозларнинг хизмати катта бўлди.

Яна ўқинг:  Болалар манфаатларининг ҳуқуқий кафолати

Илмий изланишлар жараёнида инсон организмига фойдали жиҳатлари юқори, айни пайтда Ўзбекистон шароитида кенг қўлланиладиган, етарлича захирага эга, келажакда кўпайтириш ва маданийлаштириш имкони мавжуд бўлган ўсимликларни танлаб олишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ушбу препаратларни келажакда узлуксиз ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутади.

Мухтасар қилиб айтганда соҳа ривожига қаратилган юксак эътибор, корхоналарнинг энг замонавий асбоб-анжомлар билан таъминлангани, кадрлар салоҳиятини ошириш борасидаги кўрсатилаётган ғамхўрликларни назарда тутадиган бўлсак, бугун биз олимларнинг иқтисодий жиҳатдан арзон ва таъсири кучли ва ишончли бўлган дори воситаларини ишлаб чиқаришимиз учун юртимизда барча шароит мужассам. Кўзланган истиқболли лойиҳалар эса келажакда албатта ўз мевасини беражак.

 

Ҳусан ҚАМБАРОВ,

Тошкент фармацевтика институти

“Фармацевтика ишини ташкил қилиш” кафедраси доценти,

фармацевтика фанлари доктори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: