Менинг биринчи ўқитувчим

Зуҳра АШУРОВА,

Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти:

Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги 6-умумтаълим мактабида таҳсил олганман. Болалигимда бироз нимжон бўлганим боис, мактабга тенгдошларимдан бир неча ой кейин қатнай бошлаганман. Ўшанда ўқиш борасида синфдошларимдан анчайин ортда қолган эдим. Қўлимга илк қалам тутқазган устозим Раиса опа Хўжаева дарслардан сўнг мени олиб қолар ва қийналаётган мавзуларни ўзлаштирмагунимча тиним билмасди. Бу инсоннинг меҳнатлари, касбига бўлган фидойиликлари сира кўз олдимдан кетмайди. Устозимнинг дарсларни меҳрибонлик билан тушунтиришларига қараб, мен ҳам мавзуларни жон-жаҳдим билан ўзлаштиришга ҳаракат қилардим. Унинг дарс ўтиш усуллари сабаб фанларга янада қизиқишим ортди. Ўша пайтда ўқитувчиларнинг асаблари “метин”дан бўлганми билмайману, лекин эринмасдан ҳар бир ўқувчи билан алоҳида шуғулланишга вақт топишган.

Мен ўқиган мактабда шароитлар у қадар яхши бўлмаган. Шундай бўлса-да, таълим даргоҳимиздан ўрнак олишга арзийдиган кўплаб улуғ инсонлар етишиб чиққан.

Ҳозирги даврни олиб қарасак, фарзандларимизнинг таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган. Улардан эса фақат яхши ўқиш ва юртига фойдаси тегадиган инсон бўлиш талаб этилади, холос.

Мактабни тамомлагач, олий ўқув юртига ҳужжат топширдим. Ўзимнинг севимли касбимни эгалладим. Санъат туфайли халқ орасида ҳурмат-эътибор топиб, мухлисларим олқишига сазовор бўлдим. Ҳукуматимиз томонидан дастлаб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, сўнгра санъаткор учун энг юксак мукофот – Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлдим. Эришган муваффақиятларимнинг барчасида устоз ва мураббийларимнинг хизматлари беқиёс.

Шу фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча устоз ва мураббийларни касб байрамлари билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Уларга мустаҳкам соғлик, хотиржамлик, ишларида эса омад ва зафарлар тилайман.

 

АХТАМҚУЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир:

Отам акамни мактабга олиб борганида беш ёшда эдим. Мен ҳам мактабга бораман, деб роса хархаша қилганман. Шунда онам отамга қараб:

– Майли, олиб боринг, бу мактабни ўйин деб ўйлаяпти, – деди. Чиндан ҳам онам айтганидек, мактаб ўйин эмас экан. Олдида каттакон ҳовузи бор оқ уй, ичида қора парталар қўйилган. Домла Баҳромов бизга пешвоз чиқди. Акамни ўқувчи сифатида қабул қилди. Менга келганда ўйлаб қолди. Чунки мактаб ёшига етишим учун яна икки йил вақт бор эди. Ўша куни акамга қўшилиб дарс қилдим. Эртаси куни Баҳромов дарсга бошқа келмаслигимни тайинлади…

Яна ўқинг:  Муаллим ўқувчиларга ҳар жабҳада ўрнак бўлмоғи лозим

Олти ёшимда яна мактабга бордим. Бу гал ишим юришди. Темиров домла мени ўқувчиликка қабул қилди. У одамнинг нурли сиймоси ҳанузгача кўз олдимдан кетмайди. Сочлари анча эрта оқарган, қотмадан келган, нигоҳи ўтлиғ, қўллари меҳнатдан қабарган, чайир инсон эди. У менинг бошимни силаб, биринчи партадан жой кўрсатганди. Темиров домла ҳар куни болаларга сабоқ бериш учун ўн чақиримча йўлни босиб келарди. Устоз бизнинг чиройли ёзишимизга алоҳида эътибор берарди. Бир куни улар мени доскага чиқариб деди:

– Сиз Ҳотамтой ҳақида эшитгансиз. Бугун менинг ёнимда Ахтамтой турибди. Бу бир-бирига яқин икки исмда ҳам саховат сўзи бор. Бу ўқувчимиз бир кун келиб, элнинг олқишини олишга сазовор инсон бўлиб етишса, ажабмас…

Устознинг сўзларидан қаддимни ғоз тутдим. Биз тўрт йил Темиров домла раҳбарлигида ўқидик. Кейин янги мактабга кетдик. Лекин, биринчи устозимизнинг қилган ғамхўрликларини асло унутмадик. Биз билан ўқиган болаларнинг бари чиройли ҳуснихат соҳиби бўлишди. Домла бир неча бор митти қўлчаларимни чайир бармоқлари остига олиб, қалам юргизишни ўргатган. Мен у кишини ҳаётимда бошқа учратмадим. Аммо, устознинг ўгитлари бир умр қалбимдан жой олди.

 

Мамаюсуф БОЛТАЕВ,

“Қамчиқ қидирув-қутқарув” бошқармаси Авария қутқарув отряди командирининг

тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, катта лейтенант:

Киши ҳаёти давомида кўп инсонлар билан учрашади, танишади. Вақт ўтиши билан эса айримларининг ўзини ҳам, исмини ҳам унутади. Лекин биринчи устознинг ёдини ҳеч ким унутмайди, унутолмайди. Шунингдек, ҳар бир инсон ўзининг илк бор мактаб остонасидан ҳатлаган кун ва ўша ондаги ҳаяжонини қалбда энтикиш билан эслайди.

Ўша куни худди ўзимни сеҳрли оламга тушиб қолгандек ҳис қилганман. Биринчи устозим София опа Равшанованинг ёнига онамнинг бағрига шошгандек талпинардим. У кишининг сўзлари сўз, ўргатганлари ибрат эди.

Мен таҳсил олган Қашқадарё вилояти, Касби тумани, Комолон қишлоғидаги 5-умумтаълим мактабида София опа каби меҳридарё устозлар талайгина. Ҳозир ҳам барчасини чуқур ҳурмат билан хотирлайман. Чунки, бугунги ютуқларга эришишимда уларнинг катта меҳнатлари синган.

Тарих зарварақларида номлари нақш этилган шахслар ҳаётига разм солсак, уларнинг доно устозлардан сабоқ олганларига гувоҳ бўламиз. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур ҳазратларининг устозларга кўрсатган меҳр-илтифотлари ўтмишдан маълум. Жумладан, Мирзо Бобур Самарқандга лашкар тортиб келганида Хожа Аҳрор Валий ҳазратларининг беҳуда қон тўкмаслик хусусидаги ўгитларига амал қилиб, жанг қилмай изига қайтган эканлар. Доно устоздан сабоқ олмоқ бир масала, унга амал қилмоқ эса янада муҳимдир.

Яна ўқинг:  Тарбияда ҳафсала – энг асосий масала

Шундан англаш мумкинки, устоз ўгити ва амали барчамиз учун бирдек аҳамиятга эга. Ҳозирда қилаётган ҳар бир ишимиз, сўзлаётган сўзимизда устозларимизнинг нафаси бор. Шу боис, улардан бир умр миннатдормиз.

 

“Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”.

Ислом КАРИМОВ

 

Малоҳат ЮНУСОВА,

Тошкент вилояти, Зангиота тумани Марказий кўп тармоқли поликлиникаси онкогинекологи:

– Бола туғилгач, она эзгу ниятлар билан гўдагини бешикка солади. Кечани тонгга улаб, дилбандининг ороми учун бедор бўлади. Оқ сут бериб, вояга етказади. Илм олиш онлари яқинлашганда она яхши ният билан жажжи фарзандини мактабга олиб боради. Нигоҳларида меҳр балқиб турган, қалбидарё устоз эса уни иссиқ бағрига олади. Ана шу иссиқ тафт инсонга бир умрлик ҳаётида ҳамроҳ бўлса, ажаб эмас.

Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 14-умумтаълим мактабида 50 йилдан ортиқ вақт болаларга сабоқ берган Шокира Қўноқбоевани ёдга олар эканман, ҳузурига келган ҳар бир жажжи болаларнинг мурғак қалбини меҳр-муҳаббат билан суғорган, қалбига эзгулик уруғини қадаб, илмнинг ҳаётбахш нурлари билан мунаввар қилган бу инсон хотирасига руҳан таъзим қиламан.

Бахтимиз шуки, ана шундай қалбидарё инсон қўлида билим олиб, мустақил ҳаётга учирма бўлдик. Қатъиятлилиги боис, Шокира опа бизни мунтазам тартибга ўргатган. Дарс жараёнларида бизларни зериктириб қўймаслик учун қизиқарли машғулотлар билан диққатимизни жалб қилишга ҳаракат қиларди. Айниқса, меҳнат дарси сира ёдимдан чиқмайди. Бирга тайёрлаган таомимизда ишлатилган сабзавотларнинг қандай етиштирилиши бўйича билимга эга бўлишимиз учун устоз бизларни экин майдонларига олиб чиқарди. Эҳтимол, шунинг учун наботот ва ҳайвонот оламига меҳрим бўлакчадир. Шуни аниқ айта оламанки, шифокорлик касбини танлашимга ҳам айнан биринчи устозим Шокира опа Қўноқбоева сабаб бўлган эди.

Ҳозир орамизда устозимиз йўқ. Аммо, у кишининг хонадонига тез-тез бориб, яқинлари ҳолидан хабар олиб турамиз. Устозимиз бу дунёни тарк этган бўлса-да, у кишининг ўгитлари, панду насиҳатлари ҳамиша барҳаёт, мангу.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: