Анҳор бўйларининг энди КЎРКИ ЎЗГАЧА

Икки йил чет элда хизмат сафарида бўлган дўстим Ўзбекистонга қайтиб келди. Уни кутиб олгани аэропортга чиқдим. Жомадонларини машинага жойлаб уйга қайтар эканмиз, дўстим йўл-йўлакай:

– Ё тавба Тошкент жудаям ўзгариб, яна ҳам гўзаллашиб кетибди-я. Шунча ўзгариш бўлибди шаҳарда, – деди.

Дарҳақиқат, кўчалар кенгайтирилиб, йўл четларига ётқизилган майсалар, ҳар томонда хушҳол рақсга тушиб парвоз қилаётган фавворалар ярқираши кўзни оладиган бири-биридан гўзал бинолар, барча-барчаси пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турибди.

– Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида нафақат шаҳримиз, балки бутун мамлакат кундан-кунга чирой очиб бормоқда, – дейди Тошкент шаҳар Ободонлаштириш Бош бошқармаси бошқарувчиси ўринбосари Саидумар Аглаев. – Ушбу жараёнда фаол иштирок этаётган турли ташкилотлар қатори бошқармамиз жамоаси ҳам ана шундай хайрли ишларда самарали фаолият юритиб келаяпти. Шунингдек, ходимларимизнинг малакасини ошириш мақсадида чет давлатларда тажриба алмашиш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Жорий йилнинг апрель ойида Нидерландиянинг Лиссе шаҳрида ўтказилган Халқаро гуллар кўргазмасида Ободонлаштириш Бош бошқармасининг “Ландшафт дизайн” гуруҳи ходимларидан уч нафари иштирок этди.

Тошкент шаҳрининг кундан-кунга чирой очаётганидан нафақат маҳаллий аҳоли, балки келаётган сайёҳлар ҳам мамнун.

– Шаҳримиз кўчалари кундан кунга чирой очиб бормоқда, – дейди биз билан суҳбатда пойтахтимизда яшовчи Тоҳир Ҳалимов. – Авваллари кўримсиз ҳолатда бўлган жойлар ҳозир жуда ҳам гўзал, обод масканларга айлантирилмоқда. Масалан, ёшлигимиздан сув ҳавзаларида чўмилиб катта бўлганимиз “Ўрда” анҳор бўйларини олинг. Бу ердаги дарахтлар ўсиб, ваҳимали бир ҳолатга келиб қолганди. Ўша жойлар қайта реконструкция қилиниб, ёруғ ва гўзал масканга айлантирилдики, бугун бу ерда шаҳримиз аҳолиси бемалол сайр қилиб ҳордиқ чиқармоқда.

Дарҳақиқат, мазкур ҳудудда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳозир у ерда ташкил этилган манзара кишига ҳузур бағишлайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 августда “Маданият ва дам олиш боғларини ривожлантириш, аҳолининг ва айниқса ёшларнинг маданий онгини ошириш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Унга кўра пойтахтимизнинг Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларидаги “Анҳор” канали қирғоғида “Анҳор-Локомотив” кўнгилочар ва дам олиш масканини барпо этиш бўйича кўрсатмалар берилган. Ўз навбатида Ободонлаштириш Бош бошқармаси тизимидаги корхоналар томонидан анҳор бўйи атрофларини санитар тозалаш, сунъий суғориш ускуналарини ўрнатиш ва бошқа ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, янги барпо қилинган кўкаламзор ҳудудда 2014 йил 26 август ҳолатига кўра 500 дона бута кўчатлари 25 минг 700 дона манзарали гуллар экилиб, 1 минг 125 квадрат метр майсазор барпо қилинди.

Яна ўқинг:  Yaxshilik, g‘amxo‘rlik ma’naviy yuksalishning bosh mezoni sanaladi

Энг улуғ, энг азиз байрам Мустақиллигимизнинг 23 йиллик шодиёналарига тайёргарлик кўриш мақсадида Ободонлаштириш Бош бошқармаси томонидан алоҳида дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра шаҳарни ташқи безаш, асосий байрам тадбирлари ўтадиган марказий кўчалар ва майдонларни, хиёбонларни безатиш ишлари амалга оширилмоқда. Шаҳардаги гулзорлар янгиланмоқда, манзарали дарахтларга шакл берилмоқда.

Буларнинг барчаси киши кўнглини кўтарадиган, баҳри дилини очадиган ҳолатлар. Аммо баъзан шундай вазиятга дуч келиб қоласанки, табинг хира бўлади. Масалан, кўчаларимизда ерга ташлаб кетилган чиқиндилар, турли идиш ва қоғозларни кўрганда шундай бўлади. Ҳозирги кунда шаҳар кўчалари, хиёбонлари, транспорт тўхташ бекатларида замонавий дизайнга эга, қулай чиқинди ташлаш қутилари ўрнатилган. Аммо баъзида фуқароларимизнинг турли хил егулик ва ичимлик қолдиқларини, ҳар хил буюмларни ерга, кўчаларга ташлаб кетишаётганининг гувоҳи бўламиз. Бу каби ҳолатлар ўша инсоннинг ички маданиятидан дарак беради. Ободлик кўнгилдан бошланади, дейди халқимиз. Шу боисдан юртимиз ободлиги, уни озода ва саришта сақлаш мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг кундалик турмуш тарзига айланиши лозим. Зеро, бунга фақатгина Ободонлаштириш Бош бошқармаси эмас, балки ҳар бир фуқаро масъулдир.

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: