Эмансипация нима?
– Фарзандликка олувчилар эмансипация қилинган вояга етмаганнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўладими?
Собир САЛИМОВ,
Юнусобод тумани
– Эмансипация – вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш. Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик кодекси”нинг 28-моддасига кўра, ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин. Бу эса ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига мувофиқ ёхуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суднинг қарори билан амалга оширилади.
Ота-она, фарзандликка олувчилар ва ҳомий эмансипация қилинган вояга етмаганнинг мажбуриятлари бўйича, хусусан, у етказган зарар оқибатида келиб чиққан мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлмайдилар.
Саволларга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани 2-давлат нотариал идораси нотариуси Камола ЖЎРАБОЕВА жавоб берди.