Терма жамоамиз дуранг ўйнади
Колумбияда футзал бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари дастлабки очкони қўлга киритди.
Нуфузли мусобақада дунёнинг энг кучли йигирма тўрт давлати терма жамоаси 6 гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун ўзаро баҳслашмоқда. Ҳар бир гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда энг яхши кўрсаткич билан учинчи ўринни эгаллаган тўртта жамоа плей-офф босқичида иштирок этади.
Чемпионатда Колумбия, Португалия ва Панама терма жамоалари билан бирга “А” гуруҳида тўп сураётган мамлакатимиз футболчилари дастлабки ўйинда панамаликларга 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган эди. Гуруҳдаги иккинчи баҳсда терма жамоамиз аъзолари колумбиялик футболчиларга қарши майдонга тушди.
Учрашув 3:3 ҳисоби билан якунланди. Айни пайтда терма жамоамиз ҳисобида бир очко бор. Футболчиларимиз навбатдаги ўйинни 16 сентябрь куни Португалия терма жамоасига қарши ўтказади.
Т.ОРТИҚОВА