Юмшоқ ўйинчоқларнинг жўяли ва ножўя хусусиятлари
Кўпчилик болажонлардан севимли ўйинчоғингиз нима деб сўрасангиз, шубҳасиз, юмшоққина “айиқполвон” деб жавоб беради. Гарчи, юмшоқ ўйинчоқлар бола ақлий фаолиятининг ривожланишига у қадар таъсир қилмаса-да, улар фарзандингизни жуда хурсанд қилиши, шубҳасиз.
Кичкинтой учун юмшоқ ўйинчоқ илиқ муносабат ва ҳимояланиш ҳиссини намоён қилишдан иборат. Шу сабабли, болакайлар ўзлари учун севимли бўлган “айиқча” ва “қуёнвой”ларни жон диллари билан бағирларига босиб, ухлашни хуш кўришади.
Болажонингизга биринчи юмшоқ ўйинчоқни қачон харид қилган маъқул?
Қачонки, фарзандингиз ўзи истаган вақтда ҳамда қуйида санаб ўтилган танлов шартларига амал қилган ҳолатларда харид қилганингиз мақсадга мувофиқ. Агар у мушукни танласа, унга юмшоқ мушуквой, вафодор итни танласа, унинг кичкина боласини харид қилинг.
Мутахассисларнинг фикрига кўра ўйинчоқ танлашнинг ўзига хос шартлари мавжуд. Улар қуйидагилардан иборат:
– ўйинчоқнинг асосий деталларига диққат билан эътибор қаратинг. Агарда “қуёнвой”нинг кўзлари ғилай тасвирланган бўлса, яхшиси бу каби овунчоқни фарзандингизга илинмаганингиз маъқул.
– ўйинчоқ сифатли тикилиши билан бир қаторда, бурун ва кўзлари унга мустаҳкам қилиб бириктирилганига ҳам аҳамият беринг;
– ўткир кимёвий ҳидлардан холи бўлган ўйинчоқ танланг;
– танлов жараёнида маҳсулотнинг қайси фирма томонидан ишлаб чиқарилганига эътибор қаратинг. Аксарият сифатсиз матодан ясалган ўйинчоқлар туфайли болада аллергик ҳолатлар юзага келиши тез-тез учраб туради;
– ўйинчоққа бириктирилган қўллаш бўйича кўрсатмалар сизга яқиндан ёрдам бера олади. Унда боланинг неча ёшдан бошлаб мазкур ўйинчоқни ўйнаши ёзилган бўлади.
– мусиқали юмшоқ ўйинчоқларни танлашда эҳтиёт бўлинг. Унинг овози кичкинтойни қўрқитиб юбориши мумкин. Қолаверса, батареяси бор ўйинчоқларни ювиш ҳам анчагина мушкул.
– узун юнгли ўйинчоқларни харид қилмаганингиз маъқул. Чунки, у боланинг нафас олиш йўлига тушиш эҳтимоли юқори;
– жуда улкан бўлган ўйинчоқ уйингизнинг катта қисмини эгаллашини унутманг. Агар сиз бунга тайёр бўлмасангиз, яхшиси уни харид қилманг.
Юмшоқ ўйинчоқларни ювиш мумкинми? Албатта, буни доимий равишда амалга ошириш керак. Шифокорлар юмшоқ ўйинчоқлар ўзига чанг йиғиши ва натижада кичкинтой хасталаниб қолиши мумкинлигини кўп бора таъкидлашади.
Юмшоқ ўйинчоқнинг зарар етказмасдан, ўз ҳолича қолишини истасангиз, уни кир ювиш машинасида махсус қопга солиб, кейин ювинг. Ана шунда унга зарар етмайди. Ювиш жараёнида болалар кир ювиш кукунидан фойдаланинг. Агар қўлда ювишни истасангиз, уни эҳтиёткорлик билан тозаланг.
Хуршида ҲУСЕНОВА тайёрлади