Сил касаллигидан муҳофазалашда – қонунчилик

Республика тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида юртимизда соғлиқни сақлашнинг миллий модели вужудга келди. Бу ўз навбатида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ошишига ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари ҳамда турмушининг яхшиланишига имкон бермоқда. Шу маънода, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга доир чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши туфайли аҳоли саломатлигини сақлашнинг мустаҳкам норматив-ҳуқуқий асоси шаклланди. Тиббий хизмат кўрсатишнинг яхлит ташкилий тузилмаси яратилди. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Силнинг олдини олиш ва уни даволашга доир қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва унга киритилаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олим Ўсаров билан суҳбатлашдик.

 

– Маълумки, бугунги кунда сил касаллигига қарши курашиш бутун дунёда тиббий-ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Сизнингча, ушбу қонун лойиҳаси мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва касалликнинг олдини олишда қандай аҳамият касб этади?

– Албатта, ушбу хасталикка қарши курашиш бугун кенг жамоатчиликнинг олдида турган долзарб вазифага айланмоқда. Хусусан, 2001 йил 11 майда “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши ушбу касалликнинг олдини олиш ва даволаш каби муносабатларни тартибга солишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартдаги 62-сонли “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллигини камайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан жойларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги чора-тадбирлар, ижтимоий аҳамиятга эга турли лойиҳалар беморлар саломатлигини яхшилаш ва касалликни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш имкониятини оширмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг маълумотига кўра, 2009 йилда сил касаллигига чалинган 9,4 миллион нафар киши аниқланган бўлса, шундан 1,6 миллион нафари оламдан ўтган. Айни пайтда мамлакатимизда сил бўйича эпидемиологик кўрсаткичлар Марказий Осиё ва МДҲ давлатларидагига нисбатан 1,5 марта кам бўлишига қарамай, силга қарши курашиш хизматлари билан боғлиқ айрим муаммолар ҳамон учраб турибди. Уларни ўз вақтида ҳал этиш Фуқаролик-процессуал кодекси ҳамда “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни талаб этмоқда. Албатта, мазкур қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар беморлар ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий муҳофаза қилинишини кучайтириш ҳамда хавфли касаллик билан курашишда халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришни қамраб олади.

Яна ўқинг:  ВАҚТ ИНТИЗОМИ

Эътироф этиш керак, ҳозирги вақтда соғлиқни сақлаш муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, соҳага юқори малакали тиббий кадрларни тайёрлаш ва улар меҳнатини моддий рағбатлантириш бўйича бутунлай янгича тизим ташкил этилди. Бу ишларнинг амалдаги ифодасини 2011 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар юзасидан ижро этувчи ҳокимият органларининг соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва унда сифат ўзгаришларини таъминлашга доир парламент эшитуви мисолида ҳам кўриш мумкин. “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашнинг аҳволи, муаммолар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги Ўзбекистон Републикаси Бош вазири ўринбосарининг ҳисоботидан келиб чиқиб қабул қилинган Қонунчилик палатаси Қарорида ҳукумат олдига сил касаллигидан муҳофаза қилиш йўналишидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан кўпгина вазифалар қўйилган эди. Бу ўз навбатида аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш йўлидаги қонун ҳужжатлари мустаҳкамланишига туртки бўлди, десам хато бўлмайди.

– Билишимизча, ушбу қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодекси ҳамда “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу каби заруратнинг юзага келишида қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

– Биринчидан, қонун қабул қилингандан буён ўтган 10 йил давомида сил касаллигининг эпидемиологияси ва клиник кўринишларида кескин ўзгаришлар намоён бўлди. Сил таёқчасининг унга қарши дориларга нисбатан турғунлиги жиддий хавф туғдирмоқда. Бундай беморларни даволаш самарадорлиги ҳам паст. Айтиш жоизки, силнинг турғун турлари ва бу касалликнинг ОИТС билан бирга кечиш эҳтимоли сезилмоқда.

Иккинчидан, мазкур касаллик биринчи марта аниқланган беморлар орасида ўзбошимчалик билан даволанишни тўхтатиб қўйганлар 12 фоизга етган. Агар уларда мажбурий даволаш тартиби ўтказилмаса, жамият ҳаётига катта зарар келтирадиган эпидемиологик хавфни юзага келтиришлари мумкин.

Хорижий тажриба шуни кўрсатдики, аксарият давлатларда сил бўйича санитария-эпидемиологик режимни бузган ёки атайин даволанишдан бош тортувчилар суд қарорига асосан махсус муассасаларга жойлаштирилади.

Учинчидан, амалдаги қонунда силга қарши муассасада мажбурий даволанадиган беморларнинг ҳуқуқларини тартибга солувчи нормалар ўз аксини топмаган. Юқоридаги сабаблар ўрганиб чиқилиб, Фуқаролик-процессуал кодекси “Силга қарши муассасанинг ихтисослаштирилган бўлимига мажбурий тартибда ётқизиш” номли 332-боб билан тўлдирилмоқда, унда силга қарши муассасанинг ихтисослаштирилган бўлимига мажбурий тартибда ётқизиш ёки даволаниш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этиш тартиби, аризани кўриб чиқиш каби масалаларни ҳал этиш назарда тутилган. Шунингдек, “Аҳолини силдан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун янги мазмундаги 91-ва 92-моддалар, яъни силнинг юқумли шакллари билан касалланган беморларни мажбурий даволаш тартиблари ва муддатлари билан тўлдирилмоқда.

Яна ўқинг:  Ислоҳотларнинг МУҲИМ ТАМОЙИЛИ

Ишонамизки, келажакда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сил касаллиги бўйича эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиши ҳамда унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Намоз ТОЛИПОВ суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: