Соғлом турмуш тарзи – болалар нигоҳида
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 25-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида “Тозалик, озодалик – саломатлик гарови” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш билан бир қаторда улар фарзандларининг маънавиятини юксалтириш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур акцияга 12 минг нафар 1-синф ўқувчилари қамраб олинди. Мамлакатимиздаги уч юзга яқин мактабда ташкил этилган тадбирларда ўйин-мулоқот усулларидан фойдаланган ҳолда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга ундовчи экологик суҳбатлар ўтказилди. Дастур доирасидаги маданий-маърифий тадбирларда таниқли санъаткорлар, хонандалар ва қўғирчоқ театри актёрларининг саҳна кўринишлари намойиш этилди.
ЎЗ МУХБИРИМИЗ