Президентимизнинг меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмаймиз

Мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов хотираси халқимизнинг қалбида мангу яшайди. Бутун халқимиз Президентимиз вафотидан чуқур қайғуда.

 

Руслан НУРУДИНОВ,

оғир атлетика бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари ғолиби:

Юртбошимиз Ислом Каримовдек халқпарвар, болажон, ёшларни “Менинг фарзандларим!” деб бағрига босиб, чексиз меҳр-муҳаббатини намоён этадиган раҳбар кам бўлса керак.

Мен мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилинган 1991 йили туғилганман. Мустақил давлатимиз билан бирга ўсдим, улғайдим. Мана шу ўтган йигирма беш йилда мен ва мен каби барча тенгдошларим Президентимизнинг улкан меҳри ва ғамхўрлиги оғушида вояга етдик. Нимани ният қилсак, қалбимизда қандай эзгу мақсад бўлса, барчасига эришаяпмиз. Бу мамлакатимизда замонавий таълим олишимиз, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишимиз, ўз иқтидор ва салоҳиятимизни намоён этишимиз учун яратилган кенг имкониятлар натижасидир.

Яқинда Бразилияда ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Олимпиада рекордини янгиладим. Юртбошимиз бу ютуғимни юксак баҳолаб, 2016 йил 24 августдаги фармони билан мени “Эл-юрт ҳурмати” орденига муносиб кўрди.

Шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилар эканман, Президентимиз ишончини оқладим, юзим ёруғ бўлди, энди Ислом бобомиз билан кўришганда, мусобақада дунёнинг манаман деган давлат вакиллари билан беллашдим, менинг ғалаба қозонишимда Сизнинг “Маррани баланд олинг, азиз фарзандларим! Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас ва ҳеч қачон кам бўлмайди” деган даъватингиз катта куч берди дейман, дуосини оламан, деб ният қилгандим. Афсуски, армон бўлиб қолди…

Юртбошимизнинг бу даъватлари юрагимиздан ҳеч қачон ўчмайди ва бизни янада юксак ғалабалар сари илҳомлантираверади. Президентимиз хотираси қалбимизда абадий яшайди.

 

Бектемир МЕЛИҚЎЗИЕВ,

бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё ва жаҳон чемпиони, II ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, катталар ўртасида Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинлари совриндори:

Президентимизнинг биз, ёшларга кўрсатган улкан эътибор ва ғамхўрлиги, билдирган юксак ишончини ҳеч қачон унутмаймиз. Биз бу ишончни доим оқлашга, яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда ўз салоҳиятимизни намоён этиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилаверамиз.

Мени ва тенгқурларимни Президентимиз асос солган уч босқичли узлуксиз спорт мусобақалари тарбиялади, истеъдодимизни юзага чиқарди. Спортдаги фаолиятимизда юксак натижаларга эришишимизда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Яна ўқинг:  Юртимиз тинчлиги, ободлиги – бахтли турмушимиз асосидир

Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. 2015 йили Конституция байрами арафасида бўлиб ўтган бир гуруҳ юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросимда Президентимиз мени бағрига босиб, “Сен Бразилияда бўладиган Олимпия ўйинларида чемпион бўлишинг керак!” дея юксак ишонч билдирган эди.

Бразилияда ўтган Олимпиадада кумуш медални қўлга киритган бўлсам-да, Президентимиз бу ютуғимни юксак баҳолади. Мен Президентимизнинг 2016 йил 24 августдаги фармонига биноан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирландим.

Президентимиз Ислом Каримовнинг оталарча меҳри ва ғамхўрлигини ҳеч қачон унутмаймиз.

 

ЎзА мухбири Байрам АЙТМУРОДОВ ёзиб олди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: