Юракларга сингган Ватан саодати
Юртимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг кўлами кенг. Биз мустақиллигимиз шарофати билан Президентимизнинг инсон манфаатлари, миллатни янада соғломлаштиришга, баркамол авлодни тарбиялашга чексиз эътибор ва ғамхўрлиги, мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар боис, ана шундай беқиёс имкониятларга эга бўлдик.
Республика ихтисослаштирилган Кардиология маркази ҳам Президентимиз фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилда қабул қилинган тегишли қарори асосида ташкил этилган.
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг деярли барча вилоятларида кардиодиспансерлар, 2 та вилоятда ихтисослаштирилган марказнинг филиаллари ташкил этилган. Шаҳар ва туман поликлиникаларида эса малакали шифокорлар томонидан аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Охирги 5 йилликда рентгенэндоваскуляр жарроҳлик бўлими ташкил этилди ва бўлим замонавий ангиографик ускуна билан жиҳозланди. Ҳозирги кунда коронароангиография – юрак тожсимон артерияларининг торайган қисмларини аниқлаш, уларга стент (найча) ўрнатиш каби юқори технологик усуллар муваффақиятли амалга оширилмокда. Кардиология марказида йилига мингдан ортиқ беморда ушбу даволаш амалиёти қўлланилаяпти. Бундай усул билан даволаш орқали юрак-қон томир касалликларининг энг оғир тури бўлмиш миокард инфаркти олди олинди. Тиббиётда ўтказилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, кейинги 10 йил ичида миокарднинг ўткир инфарктидан содир бўлаётган госпитал ўлим ҳолатлари 9-10 фоизгача пасайишига эришилди. Шуниси қувонарлики, бундай замонавий усул билан даволаш вилоятларда ҳам йўлга қўйила бошланди. Хусусан, Наманган вилоят кардиология марказида коронарография ва стентлаш амалиёти йўлга қўйилди. Эндиликда Хоразм , Фарғона, Бухоро ва бошқа вилоят кардиология диспансерларида ҳам бундай усулни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Яна бир юқори технологик усул – юракнинг мураккаб аритмияларида қўлланадиган радиочастотали аблация (РЧА) ва юрак блокадаларида электрокардиостимуляция (ЭКС) усуллари кардиология марказида амалга оширилмоқда. Ҳозирда радиочастотали аблация усули – кардиологик беморларни даволашда қўлланадиган халқаро стандартларга мос келувчи юқори технологик усул ҳисобланади. Шуни таъкидлаш жоизки, бундай технологик усуллар Марказий Осиёда илк бор ушбу марказда ўтказилган бўлиб, 2008 йилдан буён юзлаб беморлар дарддан бутунлай фориғ бўлди. Кардиология марказида Кардиожарроҳлик бўлими ҳам ишга туширилди. Бўлим замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда очиқ усулдаги мураккаб операциялар амалга оширилмоқда. Шундай қилиб юрак ишемик касаллигининг оғир турларида аорта коронар шунтлаш (АҚШ), юрак порокларини жарроҳлик усули билан тиклаш каби мураккаб операциялар амалга оширила бошлади. Қисқа вақт ичида марказда 90 дан ортиқ беморда бундай мураккаб операциялар муваффақиятли амалга оширилди.
Шу кунларда бутун Ўзбекистон аҳли мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрамини кўтаринки руҳда нишонламоқда. Зеро, бу айём халқимизнинг ҳур ва озод яшаши, бахтли ҳаёти, фаровон турмушига асос бўлувчи энг муҳим сана сифатида тарих зарварақларига битилган. Ўтмишда аждодларимиз мана шундай кунларга етишиш учун жон олиб, жон бериб курашганлар. Шукрки, бугун аждодларимизнинг эзгу ниятлари, орзулари ижобат бўлди. Шу кунларда ҳар биримиз она Ватан мустақиллиги нақадар қадрли эканлигини чуқур ҳис қилиб турибмиз. Истардимки, истиқлол нашидаси, байрам сурури ҳар бирингизни яхши ниятлар, эзгуликлар сари ундайверсин!
Равшанбек КУРБАНОВ,
“Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази” акциядорлик жамияти директори, Ўзбекистон Қаҳрамони