“Юлдузча”нинг эртаси порлоқ(ми?)

“Наво” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Юлдузча” болалар телевизион лойиҳаси қисқа вақт ичида кўпчиликнинг меҳрини қозонди.

Айтиш лозимки, ушбу танлов 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган юзлаб истеъдодларни бир мақсад йўлида бирлаштира олди. Ҳам журналист, ҳам томошабин сифатида мен ҳам танловни зангори экран орқали кузатиб бормоқдаман. Очиғини айтганда, жажжи болажонларнинг жонли ижрода маромига етказиб қўшиқ куйлашлари, уларнинг кўзларидаги ишонч, келажакка бўлган умидни кўриб, тўлқинланасан, киши.

Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, у республикамизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи иқтидор соҳибларини ҳам ўз бағрига чорлади. Бу эса янги-янги овозларнинг кашф қилинишига замин яратмоқда.

Бироқ, ушбу телевизион лойиҳанинг камчиликлари ҳам йўқ эмас. Айтиш мумкинки, танлов санъат соҳаси мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Фестивалдаги айрим хатоликлар, жавоби топилиши лозим бўлган саволларни ҳатто, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кузатиб бордик. Бу гал айни шу мавзу юзасидан соҳа ходимлари, санъаткорлар ва устоз-мураббийларни суҳбатга чорладик.

 

МЕН ТАКЛИФ КИРИТАМАН!

Дилфуза ШОМАЛИКОВА,“Ғунча” журнали бош муҳаррири:

Кўрик-танловни кузатиш жараёнида юртимиз болаларининг қанчалик юксак истеъдодга эга эканига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Ҳар бир иштирокчининг чиқишида унинг орзуларига ҳамоҳанг беғубор оламни ҳис этиш мумкин. Ташкилотчиларнинг ҳам мақсади айни шу каби болаларнинг орзуларини рўёбга чиқаришдир. Умуман олганда, телевизион лойиҳа аниқ бир режа асосида ташкил этилган. Бироқ, фикримча танловнинг дастлаб вилоят босқичларини ҳудди шу тартибда ўтказиб олиш, кейинчалик эса энг сараларини республика телеканалида бўлиб ўтадиган баҳсларга чақириш лозим. Шунингдек, иштирокчилар учун ўзбекча қўшиқлар танланиши мақсадга мувофиқ. Чунки айрим хориж қўшиқларини мазмунан олиб қараганда бола ёши ва руҳиятига тўла жавоб беради, дея олмайман. Ташкилотчилар айни шу жиҳатни ҳам инобатга олишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Танлов жараёнига янада кўпроқ болаларни жалб қилиш ҳам айни муддао бўлади.

 

ҲАКАМЛАР БИЛАН ФИКРИМИЗ БИР ЖОЙДАН ЧИҚДИ

Саодат МУЗАФФАРОВА,

“Севинч” вокал ансамбли бадиий раҳбари,

“До, ми, сол” кўрсатуви бошловчиси:

Мен ушбу лойиҳани шунчаки томошабин бўлиб эмас, балки, мутахассис сифатида кузатиб боряпман. Кузатувларим шуни кўрсатдики, фарзандларимиз чиндан ҳам қобилиятли экан. Кўрсатувга пухта тайёргарлик кўрилгани саҳна декорацияси, режиссёрнинг профессионаллигидан ҳам сезилиб турибди.

Яна ўқинг:  КИЧКИНТОЙЛАР КЎНГЛИ ШОД

Телевизион танловнинг иккинчи босқичи иштирокчиларини бевосита кадр ортида баҳолаб бордим. Буни қарангки, ҳакамлар билан фикримиз бир жойдан чиқди.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Дунё миқёсида болалар учун жуда кам миқдорда опералар ёзилган. Лекин, тажрибам давомида болалар учун ёзилган опералар куйланганига гувоҳ бўлмадим. Аммо, танловда жажжи юлдузчалар опера санъатига ҳам қўл уришган. Уларнинг ижроси мени лол қолдирди.

Эътирозга сабаб бўладиган ҳолатлар ҳам бўлди. Масалан, кўп иштирокчиларнинг ёшига мос бўлмаган қўшиқларни куйлашлари бироз ноўрин. Бироқ соҳа вакили сифатида лойиҳа қатнашчиларининг овози, саҳна маданияти, интонация ва ижросига аҳамият қаратдим. Ўйлайманки, ҳакамлар ҳам айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда баҳо бермоқдалар.

 

БОЛАЛИКНИНГ ЎЗ ҚЎШИҒИ БОР…

Шермат ЁРМАТОВ,

Ўзбекистон болалар ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти:

Очиғини айтганда, ушбу лойиҳа бошқаларидан тубдан фарқ қилади. Шу сабабми у қисқа муддат ичида жамоатчилик эътиборини ўзига жалб қила олди. Балки, шунинг учун ҳам томошабинда айрим эътирозлар туғилган бўлиши, табиий. Аввало, бу танлов ёш иқтидор эгаларини катта саҳнага олиб чиқиш, уларни элга танитиш ва шу билан бирга жажжи болажонларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишни ўз олдига мақсад қилган.

Яқинда менга ота-оналар қўнғироқ қилиб, “Юлдузча” ҳақидаги танқидий фикрларини билдиришди. Шундан сўнг ушбу кўрик-танловга қизиқишим янада ортди ва уни диққат билан томоша қила бошладим.

Фикримча, фестивалда болалар қўшиқлари етишмаяпти. Боиси, ижрочиларнинг деярли барчаси мумтоз наволар, халқ қўшиқлари билан биргаликда жаҳон классикаси, ҳаттоки, опера йўналишида ҳам куйламоқда. Аслида буни камчилик ҳам деб бўлмайди, бироқ болалар учун мўлжалланган ва иштирокчилари болалар бўлган лойиҳада уларнинг ёшига мос наволар янграса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки беғубор болаликнинг ҳам ўз қўшиқлари бор.

Мен яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда ҳам сўзамолликдан фойдалангани маъқул. Негаки, “Ҳа” ёки “Йўқ” деган аниқ ва қисқа жавобни эшитган ҳар бир болакай қалбидан нималардир ўтади. Хоҳ у салбий, хоҳ ижобий бўлсин. Бу танловни янада ривожлантириб, уни чин маънодаги ўзбек фарзандларининг катта мусиқа фестивалига айлантириш лозим.

Яна ўқинг:  7 кун давомида

 

ШОГИРД ҒАЛАБАСИ – УЗТОЗГА БЕРИЛГАН БАҲО

Дониёр НАЗАРОВ,

Марғилон шаҳридаги 8-сонли болалар мусиқа мактаби ўқитувчиси:

– “Юлдузча”да менинг ҳам тўрт нафар шогирдим иштирок этди. Уларни ҳам ақлан, ҳам руҳан тайёрладим, чиқишларини диққат билан томоша қилдим. Кузатувларимдан шуни англадимки, шогирдларнинг ғалабаси, муваффақияти устоз учун берилган баҳо экан. Шу маънода уларнинг камчилик ва мағлубияти ҳам энг аввало, мураббийнинг зиммасига улкан вазифаларни юклайди. Ҳатто, шундай вазиятлар бўлдики, қатнашчиларнинг кўзида ёш билан саҳнадан чиқиб келишлари биз устоз ва ота-оналарнинг юракларини ҳам сел қилиб юборди. Фикримча, иштирокчиларни руҳан чўктирмаслик, уларга мағлубиятини имкон қадар тўғри тушунтириш лозим. Шундагина келажак юлдузчалари порлоқ нур сочади.

 

Гувоҳи бўлганингиздек, суҳбатдошларимизнинг фикрлари, лойиҳага бўлган муносабатлари турлича. Бироқ, якуний хулосалар ўхшаш. Уларнинг барчаси “Юлдузча”нинг келажаги порлоқ, деган хулосага келишмоқда. Камчиликлар ва айрим саволларга жавоб топилса, бўлгани. Ишонамизки, “Юлдузча” ҳали кўплаб бўлғуси юлдузларни кашф қилади.

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: