Тошкентга “орзу лайнери” келиб қўнди

“Тошкент” халқаро аэропортида “Boeing-787 Dreamliner” самолёти тақдимоти бўлиб ўтди

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон халқига Янги йил табригида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 2016 йилда  “Boeing-787” ҳаво лайнерларининг энг замонавий авлодига мансуб иккита янги самолёт билан таъминланишини айтгани эсимизда. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами арафасида уларнинг дастлабкиси мамлакатимизга келди.

Шу муносабат билан “Тошкент” халқаро аэропортида тантанали маросим бўлиб ўтди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори Валерий Тян, Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен ва бошқалар Ўзбекистонда замонавий моддий-техник база ҳамда юқори малакали мутахассисларга эга фуқаро авиацияси ташкил топгани, ҳаво кемалари парки мунтазам янгиланиб борилаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти – ИКАОга аъзо бўлди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси халқаро авиаташувлар бозорида муносиб ўрин эгаллади.

Мамлакатимиз аэропортларида халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Халқаро фуқаро авиациясининг “Аэропорт” ассоциацияси томонидан “Урганч” халқаро аэропорти 2015 йилнинг энг яхши аэропорти, деб топилди, “Туризм соҳасига қўшган улкан ҳиссаси” номинациясида ғолибликни қўлга киритди. 2014 йилнинг июнь ойида учта аэропорт 2013 йилги фаолияти якунлари бўйича “МДҲ мамлакатларидаги энг яхши аэропорт” танловининг турли номинацияларида ғолиб бўлди. Мисол учун, йилига юз мингдан ярим миллионгача йўловчи ташилаётган “Бухоро” аэропорти “Барқарор ривож­ланаётган аэропорт” мақомига сазовор бўлди. “Самарқанд” ва “Урганч” халқаро аэропортлари “Ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси” номинациясида ғолиб чиқди.

Замонавий авиация техникаси мамлакатимиз ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлиги, барқарорлиги ва мунтазамлигини таъминламоқда. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бу борада 1996 йилдан буён АҚШнинг дунёга машҳур “Boeing” корпорацияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу кунгача миллий авиакомпаниямиз йигирмага яқин “Boeing” самолётини харид қилган. Ўрта магис­тралли Airbus А320 лайнерлари, йўловчи ва юк ташиш учун мўлжалланган Boeing-767 самолётларидан самарали фойдаланилмоқда. “Uzbekistan Airways Technics” авиакорхонасида нафақат Ўзбекистон, балки бош­қа кўплаб давлатлар авиакомпанияларининг шу русумдаги самолётларига техник хизмат кўрсатилмоқда.

Учувчи-техник таркиб, техник хизмат кўрсатиш мутахассислари тайёрлаш борасида ҳам ҳамкорлик қилинмоқда. Ўзбекистонлик учувчи ва техник ходимлар “Boeing” ўқув марказларида малака оширмоқда.

Яна ўқинг:  Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйилди

“Boeing-787 Dreamliner” бугун дунёдаги энг замонавий самолётдир. Унинг номи инглизчадан таржима қилинганда “Орзу лайнери” деган маънони анг­латиши ҳам бежиз эмас.

Ушбу ҳаво кемасининг аксарият қисми ноёб композицион материалдан ишланган. Бу унинг вазнини енгиллаштириш, парвоз хусусиятларини яхшилаш имконини берган. Самолёт ишончлилик, хавфсизлик ва тежамкорлик нуқтаи назаридан ҳам кўплаб афзаллик­ларга эга. Шу боис у узоқ ва ўта узоқ масофаларга тўхтовсиз уча олади. “Dreamliner” Ўзбекистондан АҚШ, Канада, Авс­тралия ва Африка мамлакатларига тўғридан-тўғри парвоз қилиши мумкин. 

Илғор инновацион технологиялар асосида яратилгани ундаги қулайликларни янада оширган. Boeing-767 самолётига нисбатан унинг ёқилғи сарфи 10 фоизга кам, салони диа­метри эса 1 метр кенг. Лайнер учиш тезлигининг юқорилиги Тошкентдан Москвага 10 дақиқа, Лондон ва Парижга эса 20-30 дақиқага тезроқ етиб бориш имконини беради. Самолёт салони дизайнига ҳам янгича ёндашилган, махсус конс­трукциядаги ўриндиқлар билан жиҳозланган. 246 нафар йўловчига мўлжалланган мазкур авиалайнер парвозларни мароқли ўтказиш имконини берувчи қулай ўриндиқ ва коммуникация технологиялари, махсус пол қопламалар, янгича ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар билан жиҳозланган. Унинг ташқи шовқин товуши аввалги моделларга нисбатан икки баробар пасайтирилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси МДҲ давлатлари орасида иккита “Boeing-787 Dreamliner” самолётини сотиб олиш бў­йича шартнома тузган биринчи авиакомпаниядир.

Янги самолётлардан фойдаланиш учун ер усти инфратузилмаси, муҳандис-техникавий ва учувчилар таркибини тайёрлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясида юқори малакали 18 учувчи ва 2 учувчи-инструктордан иборат янги гуруҳ шакллантирилди. “Uzbekistan Airways Technics” авиакорхонасида 64, жумладан, техник хизмат кўрсатувчи 6 инструктор тайёрланди.

– Ўзбекистонлик учувчилар билан биргаликда “Boeing-787 Dreamliner” самолётида Тошкентга учиб келдик, – дейди АҚШнинг “Boeing” компанияси учувчи-инструктори Йэн Салливэн. – Ҳаво транспортида ишлаш – бу жуда катта масъулият, чуқур билим,  қобилиятни талаб этади. Ўзбекистон ҳаво транспорти мутахассисларининг профессионаллигини алоҳида таъкидлашни истардим. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини мамлакатингиз давлат мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонга равнақ, халқингизга бахт-саодат, фаровонлик ва улкан зафарлар тилайман.  

“Boeing-787 Dreamliner” самолётини Ўзбекистонга миллий авиакомпаниямиз экипажи  – учувчи-инструктор Иосиф Зак,  “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси Учувчилар мажмуаси янги “Boeing-787 Dreamliner” учувчилар отряди командири Асаджон Турсунов ҳамда авиакомпаниянинг бош штурмани Станислав Гурфинкель бош­қариб келди.

Яна ўқинг:  Элга хизмат қилиш – олий бахт

– Президентимиз Ислом     Каримовнинг доимий эътибори ва ғамхўрлиги самарасида миллий авиакомпаниямиз улкан муваффақиятларни қўлга киритмоқда, – дейди Асаджон Турсунов. – “Boeing-787 Dreamliner” самолётида Сиэтл шаҳридан Тошкентгача бўлган парвоз қарийб 12 соат давом этди. Мазкур янги авиалайнер двигателининг тежамкорлиги, бошқаришнинг янада қулайлиги ва салонда йўловчиларга барча шароит яратилгани билан ажралиб туради. Йўловчилар узоқ мамлакатларга парвоз пайтида бир самолётдан иккинчисига ўтмай манзилга етиб олишни истайди. Мазкур самолёт уларнинг бу истагини бажара олади. “Орзу лайнери”ни бошқариш имкони насиб этганидан жуда бахтиёрман. Биз, учувчилар учун яратилган қулай шарт-шароит ва катта имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлик билдирамиз.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Boeing-787 Dreamliner” самолётлари билан таъминланиши мамлакатимиз фуқаро авиацияси ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Маросимда Ўзбекистон Рес­пуб­­ликаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: